Жаҳон | 20:34 / 15.02.2023
27953
8 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Россия Донбассда тўрт йўналишда ҳужум қилмоқда

Украина қуролли кучлари Бахмут атрофида «Вагнер» отрядларини тўхтатишда қийналмоқда, аммо Вуҳледарга ҳужум қилган танклар ва жанговар пиёдалар машиналари муваффақият билан яксон этилган.

Фото: Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Россиянинг Донбассда 2023 йилдаги илк юриши кўрсатдики, РФ қуролли кучлари ўз тактик муаммоларини барибир ҳал қила олмаган. Россия армияси ҳамон сифат даражасидан бир хилда эмас: Украина қўшини Бахмут атрофида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари ҳужумларини тўхтата олмаяпти, Креминна атрофида ҳаво десант қўшинларининг сараланган қисмларига қарши туришда муаммоларга учрамоқда, аммо Вуҳледар ва Марийинка атрофида умумқўшин бирлашмаларининг ҳужумларини муваффақият билан қайтармоқда. Натижада Россиянинг юриши ягона оператив режа билан боғланмаган локал жангларга айланиб қолди. Ва бу жангларнинг бари ҳам рус кучлари учун муваффақиятли эмас: хусусан, Вуҳледар атрофида Тинч океани флоти денгиз пиёдалари ўнлаб техникаларидан айрилган. Бундай методлар билан эришиш мумкин бўлган максимум натижа эса — Украина қуролли кучларини баҳорги қарши ҳужум учун куч тўплашдан чалғитиш бўлади.

Украина қўмондонлиги ўз навбатида ўз стратегиясида собит — Ғарбдан янги қурол-яроғлар кутилаётган вақтда улар Россия қўшинларини ҳолдан тойдиришга ҳаракат қилмоқда. Мақсад — баҳорда янги кучлар билан катта ҳужум бошлаш. Аммо ҳозирда барчаси шунга олиб бормоқдаки, айни вақтда Россия томонидаги энг самарали бирлашма бўлиб турган, катта корпусга (бир неча ўн минг ёлланма жангчилар, оғир техникалар, артиллерия ва авиация) эга бўлган «Вагнер» отрядлари ҳужум қилаётган Бахмутни топширишга тўғри келади.

Бахмут

  • Бахмут атрофида юриш қилаётган «Вагнер» ХҲК шаҳарни шимол ва жанубдан ўраб олмоқда. Шимолда Красная Гора посёлкаси эгалланган, бу эса Парасковиевкадаги украин қўшини ва Бахмут — Словянск трассасини хавф остида қолдиради.
  • Жанубда эса ёлланма отрядлар Бахмут — Константиновка трассаси ва Ивановское (Красное) посёлкасига ҳужум қилмоқда. Трассада Шимолий Дон — Донбасс канали устидан ўтган кўприк портлатилган, шундай экан, эндиликда бу йўл орқали Бахмут таъминотини амалга ошириб бўлмайди.
  • Бахмутни Украинанинг «катта ери» билан ишончли тарзда боғловчи ягона трасса Часив Ярдан Хромово орқали келган йўл бўлиб қолмоқда. Яна бир қанча тупроқли йўллар бор, лекин улар орқали ғилдиракли техникалар ҳаракатланиши осон бўлмайди.
  • Вагнерчилар Бахмут атрофида ва унинг ичкарисидаги (шаҳар шимолидаги Ступки станцияси ҳудудида) асосий йўлларга чиқишгач, Украина қуролли кучлари мудофааси алоҳида ўчоқларга ажралиб кетди, бу эса захира кучлари ҳамда ўқ-дориларни етказиб беришни қийинлаштирган.
  • Аммо юриш суръатлари Украина қуролли кучларининг йирик кучларини қуршаб олиш имконини бермайди: ёлланма жангчилар тактикаси механизациялашган қисмларнинг ёриб киришини назарда тутмайди, улар асосан кўп сонли кичик штурмчи гуруҳлар орқали «пиёда» бўлиб жанг қилади. Яқин ҳафталар ичида қуршовга тушиб қолишнинг реал хавфи юзага келса, Украина қўшини катта эҳтимол билан Бахмутни тарк этади. Украина қўмондонлиги Мариуполдаги каби қуршовда жанг қилишни давом эттириб, бир неча бригададан айрилишни истамаслиги тайин.
  • Хусусий ҳарбий компания самарадорлиги йўқотишларга юқори даражадаги толерантлиги билан асосланади. Интернетда ёлланма жангчиларнинг штурмчи гуруҳлари Украина артиллерияси зарбалари остида тўлиқ таркибда ҳалок бўлиб, яна шундай гуруҳлар билан юриш қилишда давом этилгани акс этган ўнлаб видеолар мавжуд. Бундай тактикани РФ қуролли кучлари миқёсида қўллаб бўлмайди: мунтазам қисмлар ҳамон шахсий таркибдаги йўқотишларга ўта сезгир.

Вуҳледар

  • Январ ойи охирида РФ Шарқий ҳарбий округи ҳарбийлари Вуҳледарга янги юриш бошлади — бу урушга қадар 14 минг киши истиқомат қилган кичик кончилар шаҳарчаси бўлиб, Донецкдан ғарбда жойлашган. Ўтган йил баҳорида Россия қўшини уни эгаллаб олган, аммо кейин ташлаб чиқишга мажбур бўлганди; шундан кейин Украина қуролли кучлари бу ерни мустаҳкам қалъага айлантирди.
  • Кўп қаватли уйлар (марказда), ҳовлилар (шарқда) ва конлардан (шимолда) иборат бўлган шаҳар тепаликда жойлашган ва ҳарбий нуқтайи назардан бу ердан туриб атрофдаги текисликларни назорат қилиш мумкин. Бу текисликлар бўйлаб Донецкни Мариупол ва Запорижжя билан боғловчи ягона темирйўл ҳам ўтади; йўл Украина артиллерияси зарбалари етиб борар масофада, шу туфайли фойдаланилмайди.
  • Вуҳледар эгалланган тақдирда Россия қўшини назарий жиҳатдан жанубдан Донбасс бўйлаб ичкарилаш имкониятига эга бўлади — Украина қуролли кучларининг Покровскдаги асосий транспорт ҳаби йўналишида. 
  • Агар бу юришни Марийинка (Донецкдан ғарбда кўп ойлардан буён кўча жанглари кетаётган ҳудуд) ва Бахмут атрофидаги ютуқлар билан синхронлаштириш мумкин бўлганида, бу Кремлга назарий жиҳатдан қарийб бутун Донецк областини эгаллаш имкониятини берарди.
  • Аммо Вуҳледарга ҳужум муваффақиятсизликка учради: Тинч океани флоти денгиз пиёдалари Вуҳледардан шарқдаги ҳовлиларга етиб келишди, аммо бу ҳужум қўшнилар — Шарқий ҳарбий округ мотоўқчи бригадалари ва Татаристондан бўлган кўнгиллилар томонидан қўллаб-қувватланмади. Украина қуролли кучлари дронларида олинган видеоларга кўра, мотоўқчилар колоннаси Украина артиллерияси томонидан масофадан туриб ўрнатилган миналар майдонига тушиб қолган. Натижада ўнлаб техникалар, жумладан танклар бой берилган.
  • Денгиз пиёдалари Вуҳледар шарқидаги ҳовлилар атрофидаги позицияларида қолишда давом этмоқда, аммо уларга ёрдам етказиб бериш қийин. Украина қуролли кучлари Вуҳледарга қўшимча кучлар, жумладан артиллерия жўнатган ва энди Тинч океани флоти денгиз пиёдалари ёриб кириши оқибатларини бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.

Креминна

  • Украина қуролли кучларининг Луҳанск областидаги Креминна шаҳрига кузги юриши январ ойи бошига келиб тўхтаб қолганди. Украина қўшинлари Креминна жанубидаги кенг ўрмонзорларнинг катта қисмини эгаллади, аммо шаҳарнинг ўзига етиб бора олмади. Натижада Лисичанск ва Северодонецккача ёриб кириш — Луҳанск областини озод этиш режасининг ажралмас қисми — камида баҳоргача қолдирилди.
  • Россия қўмондонлиги ушбу ҳудудга ёриб кирган украинларни ортга қайтаришга қарор қилган. Креминнага аввал Херсон областида, Днипронинг ўнг соҳилида нисбатан муваффақият билан жанг қилган десант бўлинмалари ташланган. Бу кучлар Лиман йўналишида нисбатан муваффақиятли қарши ҳужум уюштирди. 2023 йилнинг дастлабки ҳафтасида десантчилар Украина қуролли кучларини Креминнадан бир неча километр ортга чекинтирди. Агар улар Торское ва Терн ҳудудида Жеребец устидан ўтган кечувни эгаллай олишса, украин қўшини, катта эҳтимол билан Креминна ўрмонларидаги плацдармни ташлаб чекинишига тўғри келади.

Купянск

  • Россия қўшини кузда ва қишнинг бошларида Луҳанск областидаги йирик транспорт тугуни ҳисобланган Сватовога киришга уринган Украина гуруҳи қанотига ҳужум қилмоқда. РФ қуролли кучлари сўнгги ҳафталарда Шимолий Дон дарёси бўйида, Украина қуролли кучлари учун муҳим кечувда жойлашган Купянск шаҳри томон бир неча километр илгарилади.
  • РФ қуролли кучларининг тезлиги бу йўналишда ҳам бошқаларида бўлгани каби юқори эмас. Катта эҳтимол билан, ҳафтасига бир неча километрга олдинга силжиш — Россия қўшини ҳозирги ҳолатида қодир бўлган максимум натижа. Авиациядан фаол фойдаланмасдан юриш суръатини ошириш деярли имконсиз, самолётлардан эса Украина ҳаво ҳужуми мудофаа тизимларидан келадиган хавф туфайли жанг майдонида (Бахмут истисно) фойдаланилмаяпти.

Мавзуга оид