Жаҳон | 16:43 / 16.02.2023
6499
3 дақиқада ўқилади

Арманистон тинчлик шартномасининг якуний лойиҳасини Бокуга топширди

Арманистон бош вазири Пашинянга кўра, ҳужжат минтақада янги урушнинг олдини олишга қаратилган. Шу билан бирга, у келишувнинг таклиф этилаётган варианти Озарбойжон учун ҳам мақбул бўлиши кераклигини таъкидлади.

Фото: AP

Арманистон тинчлик шартномасининг якуний лойиҳасини Озарбойжонга топширди, дея маълум қилди Арманистон бош вазири Никол Пашинян 16 февраль, пайшанба куни Ереванда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида. «Кеча Арманистон Озарбойжон билан тинчлик ва муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги шартнома лойиҳасининг навбатдаги босқичи ишини якунлади ва бизнинг таклифларимиз Озарбойжонга тақдим этилди», - деди Пашинян.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжат ЕХҲТ Минск гуруҳига ҳамраислик қилувчи давлатлар – Россия, Франция ва АҚШга ҳам топширилган. Аввалроқ Пашинян Озарбойжон билан музокараларда маълум ютуқларга эришилганини таъкидлаган эди. «Биз музокараларнинг уч босқичида эришилган ютуқларни ривожлантириш мумкинлигига умид қиламиз», деди у.

Пашиняннинг сўзларига кўра, тинчлик келишуви «узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни бузишнинг ҳар қандай сценарийсини истисно қиладиган шундай келишувлар мантиғини, самарали ўзаро тийиб туриш ва мувозанат механизмларини ўз ичига олиши керак. Гап шундаки, келишув имзоланиши мавжуд келишув асосидаги урушга айланмаслиги керак», - деди у. Шу билан бирга, у ҳужжат, албатта, Озарбойжон учун ҳам мақбул бўлиши кераклигини таъкидлади.

Аввалроқ Озарбойжон ТИВ Арманистоннинг тинчлик битими лойиҳасига Қорабоғда яшовчи арманларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини муҳокама қилиш учун халқаро механизм яратиш ҳақидаги бандни киритиш ниятини рад этиб, буни Озарбойжоннинг ички ишларига аралашиш деб баҳолаган эди. «Бу ташаббус ҳеч қандай асосга эга эмас ва ҳеч қандай натижа бермайди», деди Озарбойжон ТИВ вакили Ойхон Ҳожизода. 

У Арманистон минтақада тинчлик ўрнатишдан манфаатдор эмас, деган фикрни билдирди. Ҳожизоданинг сўзларига кўра, Ереван ташаббуси «Арманистон халқаро ҳуқуқ меъёр ва принципларига, шунингдек, Прага ва Сочи келишувларига зид равишда Озарбойжонга нисбатан ҳудудий даъволаридан ҳалигача воз кечмаганини кўрсатади». 

«Яна бир бор эслатиб ўтмоқчимизки, Қорабоғ Озарбойжоннинг ажралмас қисмидир ва бу минтақадаги арман миллатига мансуб аҳолининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги Озарбойжон Конституциясига мувофиқ таъминланади. Арманистоннинг Озарбойжоннинг ички масаласи бўлган арман миллатига мансуб фуқаролар реинтеграцияси жараёнига аралашувини қабул қилиб бўлмайди», - деди Ҳожизода. 

Ереван ва Боку ўртасидаги можаро 2020 йилнинг ёзида авж олган. 27 сентябрдан 9 ноябргача Арманистон ва Озарбойжон ўртасида асосан арманлар истиқомат қиладиган Тоғли Қорабоғ учун уруш юз берди. 6,5 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган уруш натижасида Озарбойжон Қорабоғнинг салмоқли қисмини ўз назоратига қайтарди.

Россия воситачилигида Арманистон ва Озарбойжон ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолади, Россия тинчликпарвар кучлари демаркация чизиғига олиб келинди, бироқ минтақада кескинлик сақланиб қолмоқда.

Мавзуга оид