Ким Чен Иннинг ёш қизи тез-тез омма олдида пайдо бўлмоқда. Уни ворисликка тайёрлашмоқдами?
Чоршанба куни кечқурун Пхеньянда КХДР армияси ташкил топганининг 75 йиллиги шарафига ҳарбий парад уюштирилди. Қитъалараро ҳаракатланувчи улкан баллистик ракеталарнинг колоннаси Ким Ир Сен майдони бўйлаб савлат тўкиб ўтди. Аммо мамлакат раҳбари Ким Чен Ин шу куни фақатгина қурол-яроғларини эмас, балки ўзининг ёш қизини ҳам дунёга кўз-кўз қилаётганди.
Парад вақтида Шимолий Корея етакчиси трибунада ўзининг одатий жойини эгаллаганида, унинг ёнида кутилмаганда қора либосда безанган қизи ҳам пайдо бўлди. Тахминларга кўра, бу Ким Жу Э бўлиб, у давлат раҳбарининг ўртанча қизи ва у ҳозирда 10 ёш атрофида бўлиши мумкин.
Бу унинг омма қаршисида бешинчи бор кўриниш бериши ва буларнинг бари сўнгги уч ой ичида рўй берган.
Қисқа муддатда қизчанинг имижи сезиларли даражада ўзгарди. Шунчаликки, энди уни айнан Шимолий Кореянинг кейинги етакчиси бўлишга тайёрлашаётгани тобора ойдинлашмоқда.
Биринчи бор у одамлар олдида ўтган йил ноябрида, қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракета синови вақтида пайдо бўлганди. Ўшандаёқ шундай спекуляция юзага келганди: бу қизалоқ кун келиб дунёдаги энг ёпиқ мамлакат раҳбарига айланмайдими?
Аммо ўша вақтда бундай тахминлар у қадар ишончли кўринмасди.
Оқ пуховик ва қизил туфли кийган, сочи орқага ўрилган ҳолатда у жуда ёш кўринарди. Бу суратга қараб унинг қўлидан тутиб олган Ким Чен Ин шунчаки ўзини намунали ота сифатида гавдалантирмоқчи эканини тахмин қилиш мумкин эди.
Аммо шундан кейин ёш Ким Жу Э ҳар сафар ўзига ишончи юқори қиёфада пайдо бўларди.
Сешанба куни кечқурун, парад арафасида у отаси билан бирга армия қўмондонлиги шарафига уюштирилган банкетга ташриф буюрди. Бу сафар у расмий қора костюм ва оқ блузка кийган, сочлари эса тартиб билан орқага таралганди.
Шимолий Корея сиёсатини кузатиб борувчиларнинг кўпчилигида бу фотосуратлар катта таассурот қолдирди. Суратларнинг ҳар бирида Ким Жу Э энг марказда, онаси ва отаси ўртасида жойлашган, атрофда эса уларни башанг кийинган юқори мартабали ҳарбийлар қуршаб турарди.
Яна бир интригали лаҳза - расмий манбаларда қизнинг пайдо бўлишини тавсифлаш учун танланган сўзлардир.
Ноябр ойи бошида давлат нашрлари уни Ким Чен Иннинг «севимли қизи» деб аташганди. Сешанба куни эса у энди «ҳурматли» қизга айланди, бу эса энг шарафли сифатлашлардан бири ҳисобланади.
Масалан, Ким Чен Иннинг ўзини, бўлажак етакчи сифатида расман тасдиқлашганидан кейин «ҳурматли ўртоқ» деб атай бошлашганди.
«Муқаддас уруғ»
Шимолий Корея ташкил этилган 1948 йилдан буён мамлакатни Кимлар сулоласи бошқариб келади. Давлат тарғиботчилари бу оила муқаддас уруғга мансуб экани ва фақат уларгина КХДРни бошқариши мумкинлигини таъкидлайди.
Ким Чен Ин ўзидан кейин ҳокимият оиланинг тўртинчи авлодига ўтишига ишонч ҳосил қилишни истаётгани аниқ.
Аммо агар Ким Жу Эни чиндан ҳам ворисликка тайёрлашаётган бўлишса, бу ҳақда дунёга нега бу қадар эрта ва қайсарлик билан ишора қилишмоқда? Ким Чен Иннинг ўзи ҳали 39 ёшда, қизи ҳам ҳали жуда кичик.
Хабарларга кўра, Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ир уни саккиз ёшда эканида ўз вориси деб эълон қилганди. Аммо бу ёпиқ эшиклар ортида рўй берган: бу ҳақда мамлакатдаги фақат энг юқори мартабали шахслар хабардор бўлган.
Унинг КХДР раҳбарлигига номзоди оммага фақат отасининг ўлимидан кейин маълум қилинди. Натижада Ким Чен Ин бошқарувининг илк йиллари анча нотинч кечди ва мухолифларини шафқатсиз қатағон қилиш орқали ҳокимиятини мустаҳкамлашига тўғри келди.
Шу туфайли, Ким Чен Ин ўз қизини мамлакатга ва дунёга анча олдинроқ таништириб, вақти келганида унинг бошқарувининг дастлабки босқичи енгил кечишини таъминлашга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.
Ёки мамлакат раҳбарининг соғлигида жиддий муаммо бўлиши ва у ҳокимиятда кутилганидан камроқ вақт қолиши мумкин.
Аммо, бу версиялардан бирортасини тасдиқлаш имкони йўқ.
Яна бир версия бор: Ким Чен Ин Шимолий Кореянинг чуқур патриархал жамияти уни аёл киши бошқариши ҳақидаги фикрга кўникиши учун вақт бермоқчи. Шу билан бирга ҳозир ҳам ҳукуматда бир қанча юқори лавозимларни аёл кишилар эгаллаган, улардан бири ҳукмдорнинг синглиси Ким Ё Жонгдир (Корея Меҳнат партиясида тарғибот ва ташвиқот бўлими раҳбари ўринбосари).
Аммо Американинг Шимолий Корея мавзусига ихтисослашган NK News сайти таҳлилчиси Жеймс Фретвелл ворис қайси жинсга мансублиги ушбу мамлакат учун муаммо бўлмайди деб ҳисоблайди.
«Шимолий Корея жамиятида чиндан ҳам эркаклар устунлик қилса-да, унда биринчи навбатда Кимлар сулоласи ҳукмронлик қилади. Айнан насл-насаби уни мамлакат раҳбарлиги учун муносиб номзодга айлантиради. Бу оиладан бўлмаган кимдир ҳокимият тепасига кўтарилишини тасаввур қилиш қийин», деган у BBC учун берган интервьюсида.
Аммо буларнинг барига қарамай, халқ, ҳарбийлар ва зодагонлар кўз ўнгида етакчи даражасига чиқиш учун аёл киши жуда кўп ҳаракат қилиши талаб этилади.
Бу ролга айнан Ким Жу Эни тайёрлашмоқдами? Бунга кафолат йўқ. Аммо ҳар сафар янги кўриниш билан бунга ишонч ортиб бормоқда.
Мавзуга оид
14:22 / 13.11.2024
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
11:22 / 12.11.2024
Шимолий Кореядан қочганлар РФдаги КХДР кучлари орасида дезертирликка эришмоқчи
10:41 / 12.11.2024
КХДР Россия билан ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди
20:11 / 10.11.2024