Путин Украинадаги урушда ғарбни айблаётганда, Россия Херсонни яна ўққа тутди. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 363-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Владимир Путин Федерал мажлисга мурожаат қилди. РФ президенти ўз нутқида Украинадаги урушни Ғарб бошлагани ҳақида гапирди, шунингдек Россия АҚШ билан имзоланган стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича келишувдаги иштирокини тўхтатишини маълум қилди.
- АҚШ президенти Жо Байден эса Варшавада чиқиш қилди, у бу ерга Киевдан поезд орқали қайтган. У Украинага мунтазам қўллаб-қувватлов ваъда қилди, россияликларни эса Ғарб Россияга ҳужум қилмоқчи эмаслигига ишонтирди.
- Россия қўшини Херсонни ўққа тутди. Натижада беш киши ҳалок бўлган, яна 21 киши жабрланган. Зарбалар турар жойлар, жамоат транспорти бекати ва муҳим инфратузилма объектларига келиб тушган.
- Журналистлар Кремлнинг махфий ҳужжатини қўлга киритди, унга кўра, Россия 2030 йилгача Беларусни босиб олишни режалаштирган.
- Белгород областида уруш бошидан буён илк бор диверсия бўйича ҳукм ўқилди. Маҳаллий аҳоли вакилларидан икки киши уч ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, улар жазони қатъий режимли колонияда ўташи белгиланган.
Куннинг асосий воқеаси. Херсон яна ўққа тутилди
21 феврал куни — Россияда Владимир Путин Федерал мажлисга мурожаат қилаётганида — Россия қўшини Херсон марказини ўққа тутди. Маҳаллий «Мост» нашри гувоҳларга таяниб хабар беришича, снарядлардан бири жамоат транспорти бекатига келиб тушган, бу вақтда бу ерда одамлар бўлишган. Шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, тинч аҳоли вакилларидан беш киши ҳалок бўлиб, 21 киши яраланган. Қуйида ракета зарбаларидан кейин Херсонда юзага келган вазият акс этган суратлар.
Путиннинг мурожаати Қрим ва ЛХРда жонли намойиш этилиши
21 феврал куни Владимир Путин Федерал мажлис қаршисида чиқиш қилди. У Ғарбни Украинадаги урушни бошлашда айблади ва Россия гўёки бу урушни тўхтатишга ҳаракат қилганини айтди. У шунингдек «махсус ҳарбий амалиёт» фахрийларига турли имтиёзлар ваъда қилди, РФ Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги келишувдаги иштирокини тўхтатишини маълум қилди.
Путиннинг нутқи Россиянинг турли шаҳарларида, шунингдек аннексия қилинган Қримда ва Украинанинг босиб олинган бошқа ҳудудларидаги кўча билбордларида трансляция қилинди.
Фронтнинг турли чеккаларидаги украин жангчилари
Украина шаҳарлари ўққа тутилиши
Областлар маъмуриятларига кўра, 21 феврал куни Россия қўшинлари Украинанинг саккиз областини ўққа тутди. Улар орасида — Запорижжя, Днипропетровск ва Луҳанск областлари бор. Жабрланганлар ва вайронгарчиликлар тўғрисидаги якуний маълумотлар келиб тушмаган.
Италия бош вазири Бучада