Жаҳон | 10:18 / 28.02.2023
9493
2 дақиқада ўқилади

Германия Россияни СҲҚ-3 шартномасига риоя қилишга чақирди

Ядро урушида «ҳеч қачон ғалаба қозониб бўлмайди ва у ҳеч қачон олиб борилиши керак эмас», деди Анналена Бербок. У Владимир Путиннинг Россия СҲҚ-3'ни тўхтатиб қўйгани ҳақидаги баёнотини «масъулиятсизлик» деб атади.

Фото: AP

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россияни стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш чоралари тўғрисидаги СҲҚ-3 шартномасига риоя қилишга чақирди. Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари 27 февраль, душанба куни Женевада қуролсизланиш бўйича конференцияда сўзлаган нутқида, келишув «глобал барқарорлик ва хавфсизликнинг кафолатидир» деди.

Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг Россиянинг АҚШ билан келишувдаги иштирокини тўхтатмоқчи эканлиги ҳақидаги баёноти «масъулиятсизлик» эди. Россия ядро урушида «ҳеч қачон ғалаба қозониб бўлмаслигини ва у ҳеч қачон олиб борилиши керак эмаслигини» тан олиши лозим.

СҲҚ-3 Россия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича охирги шартнома бўлиб қолмоқда. Унга кўра, Вашингтон ва Москва ядровий каллаклар сонини 1550 донага камайтиришга ва ўқ отиш мосламалари, оғир бомбардимончи самолётлар сонини 700 тагача чеклашга ваъда берган. Хусусан, у АҚШ ва Россиянинг ўзаро қурол назорати учун бир-бири ҳарбий ядровий объектларини ўзаро текширишини назарда тутган.

Шартнома 2010 йил 8 апрелда Прагада Россия ва АҚШнинг ўша пайтдаги президентлари Дмитрий Медведев ва Барак Обама томонидан имзоланган, 2011 йил 5 февралда кучга кирган, 10 йилга тузилган ва томонларнинг ўзаро келишуви билан яна 5 йилга узайтирилиши мумкин. Бу 2021 йил 29 январда, президент Путин СҲҚШни 2026 йил 5 февралгача узайтириш тўғрисидаги қонунни имзолаганида амалга оширилди.

Мавзуга оид