Суҳбатдошимиз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кинология хизмати раҳбари Иномжон Насруллаев бўлди.
— Туркияга боришдан олдин илк кутилмалар қандай эди? Биринчи кунда нималарни тасаввур қилдингиз?
— Қардош Туркияда бўлган зилзила оқибатларини бартараф этиш юзасидан 6 февраль куни президент топшириғи бўлди. Биз жўнаб кетиш учун тайёргарлик кўраётган пайтимизда яна бир қайтувчи зилзила содир бўлди. Иккинчи марта содир бўлган зилзиладан кейин бизни Туркияда нималар кутаётганини, жабрланганлар янада кўпайганини ҳис қилиб турардик.
Зудлик билан самолёт бортига қутқарув техникалари ва керакли асбоб-анжомларни жойлаштириб, 100 нафар қутқарувчи Ҳатай вилоятининг Антакья шаҳрига етиб бордик. Етиб боришимиз билан қидирув-қутқарув ишларига жалб этилдик. Ишга киришишимизнинг дастлабки дақиқаларида ўзимга бириктирилган қутқарувчилар билан биргаликда бинолар остида қўли қисилиб қолган 62 ёшли аёлни қутқардик. Аёл бинога кириш мумкин бўлган ҳудуддан 15 метр ичкарида эди, бу дегани қутқарувчилар 15 метр жойга кириб бориб, қутқарув ишларини олиб бориши керак эди. Бу жуда ҳам таҳликали эди, чунки бир кишини қутқариш учун 5-6 киши ўз ҳаётини хавф остига қўйиши керак.
— Умуман, иш жараёнлари, яратилган шароитлар, иш тартиблари қандай бўлди? Бу ҳам кўпчилик учун қизиқ.

— Иш тартибимиз икки сменали ташкил этилди. Тўрт гуруҳга бўлиниб, икки гуруҳ кундуз куни, икки гуруҳ кечқурун ишладик. Натижада 18 нафар инсонни тирик ҳолда олиб чиқдик. 192 нафар ҳалок бўлган инсонни ҳам вайроналар остидан олиб чиқишга муваффақ бўлдик. Бизга берилган ҳудуддаги вайроналар остида ҳалок бўлганлар ҳам, жабрланганлар ҳам қолмади.
Ҳатто шундай ҳолатлар бўлдики, олдин қутқарув ишлари олиб борилиб, ишлар тугаган бинодан ҳам тирик инсонни топдик. Ўша вазиятда қутқарувчи итимиз одам бор эканини хабар берди. Туркия ҳарбийлари бу жойда қутқарув ишлари тугаган, деб рухсат бермаса ҳам, биз барибир у ерда 7 кун қолиб кетган инсонни олиб чиқдик.
— Хизмат итлари бино ичида тирик жон ёки вафот этган инсон борлигини қандай сезади ва қай тарзда сизларга етказади?
— Агар тирик инсонлар бўлса, итлар актив тарзда, ҳалок бўлган бўлса, пассив тарзда хабар беради. Актив деганда, итлар овоз орқали хабар беради, пассивда эса ўша нуқтага термилиб туради, ўтириб олади. Итлар хабар берган нуқтадан узоғи билан 1,5 метр радиусда одамлар топилди. Бизнинг хизмат итларининг жанговар шайлигини Испания, Португалия, Туркия, Босния қутқарувчилар юқори баҳолади.






