23:03 / 03.03.2023
16005

Ҳиндистонда Marion Biotech мансабдорлари ҳибсга олинди 

Ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 МАКС» дорилари Ўзбекистонда ўнлаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлган эди.

Фото: Anadolu Agency

Ҳиндистон полицияси 3 март куни Marion Biotech фармацевтика компаниясининг 3 нафар юқори лавозимли ходимини ҳибсга олди. Аввалроқ, ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган йўталга қарши сироп Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган эди. 

Ҳиндистон давлат лабораторияси томонидан Marion Biotech дори воситаларини текшириш бўйича ўтказилган синовларда 22 та намунанинг таркиби «бузилгани ва қалбакилаштирилгани» аниқланган. Шундан сўнг, ҳибслар амалга оширилди, деб ёзди Reuters. Мансабдорларга қандай айблов қўйилгани маълум эмас. 

Полициянинг юқори лавозимли офицери Рам Бадан Сингх сўзларига кўра, Marion Biotech компаниясининг ишлаб чиқариш директори ва 2 нафар кимёгари ҳибсга олинган. Яна 2 нафар директор «мамлакат ташқарисида ва Ҳиндистонга қайтиши биланоқ ҳибсга олинади». 

Reuters ҳибслар бўйича изоҳ олиш учун Marion Biotech компаниясига мурожаат қилган. Бироқ, компанияда қўнғироқларга жавоб беришмаган. 

2022 йил декабр ойида Ўзбекистонда Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 МАКС» йўталга қарши сиропидан ўнлаб болалар вафот этган эди. Шундан сўнг, Marion Biotech компанияси заводида ишлаб чиқариш жараёни тўхтатилди. 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситалари таркибида пропиленгликол ўрнига ёки у билан бирга этиленгликол (ЭГ) ва диэтиленгликол (ДЭГ) моддалари аниқланган. Ушбу моддалар ўта заҳарли бўлиб, саноатда суюлтирувчи восита сифатида ишлатилади. 

2023 йил январ ойида ЖССТ Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Амбронол сироп» (Ambronol Cough Syrup) ва «Док-1 МАКС» (Dok-1 MAX Syrup) таркибида ДЭГ ва ЭГ захарли моддалари борлигини тасдиқлаб, дори таъминоти занжирида иштирок этувчи барча манфаатдор томонларни зудлик билан мувофиқлаштирувчи чоралар кўришга чақирган эди. 

ЖССТ ушбу моддалар оз миқдорда қабул қилинганда ҳам ўлимга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди ва ҳеч қачон дори воситаларида ишлатилмаслиги лозимлигини таъкидлади. 

Top