Украинада уруш Марказий Осиё давлатлари сиёсий элитаси онгида катта ўзгаришларга сабаб бўляпти. Мана шу фонда АҚШ ва коллектив Ғарб минтақага эътиборини пасайтирмаётганини кўрсатмоқчи. Kun.uz мухбири АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Марказий Осиёга ташрифи, ундан кутилаётган натижалар ва уруш атрофидаги воқеалар юзасидан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.
— Биринчи умумийроқ савол бераман. Блинкен нима учун Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюрди?
— Ҳар 2-3 йилда АҚШ давлат котиби Марказий Осиёга келиб туради. Чунки постсовет ҳудудида энг муҳим минтақа ва макроҳудуд Марказий Осиё. АҚШнинг 90-йиллар иккинчи ярмида ишлаб чиқилган геосиёсий стратегияси мавжуд. Унга кўра постсовет ҳудудида бир қанча муҳим минтақалар мавжуд ва улар Россия орбитасидан имкон қадар узиб олиниши, коллектив Ғарбга, яъни ЕИ ва НАТОга аъзо бўлиши мақсадга мувофиқ деб тавсия қилинган. Украина Россия орбитасидан чиқиб кетди ва уруш бошланганига бир йил бўлди.
Ҳозир глобал минтақадаги геосиёсий контекст ниҳоятда қизиқ ва қизғин. Биринчи сабаб Украинада уруш бошланганига бир йил бўлди ва бу даврда Марказий Осиё сиёсий элитаси онгида катта ўзгаришлар бўлди. Лекин бу ўзгаришлар ўзининг расмий ифодасини кутяпти. Кутаётганига сабаб эса Москвада ҳокимият даражасидаги ўзгаришлар бўлгани йўқ. Албатта, яқин йилларда бўлади деб ўйлайман. Путиннинг ҳокимият тепасига келганига 22 йилдан ошди.
Коллектив Ғарб ва АҚШ 21 асрдаги ўзининг энг асосий рақиби деб Хитойни кўради. Хитой бу — минтақанинг энг яқин ҳамкорларидан бири. Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон Хитой билан тўғридан тўғри чегарадош. Андижондан Хитой ҳудудигача бор-йўғи 150 км, яъни ҳозирги глобаллашган дунёда катта масофа эмас. Мана шу фонда АҚШ ва коллектив Ғарб минтақадаги ҳомкорлигини қайтадан урғулаш ниятида. Яъни биз минтақага эътиборни пасайтираётганимиз йўқ ва ҳамкорликни жуда қадрлаймиз, демоқчи. Қозоғистондаги энг йирик сармоядорлардан бири АҚШ. Минтақада Қозоғистон иқтисодий лидер бўлса, хавфсизлик ва геосиёсат масалаларида Ўзбекистоннинг мутлақ аҳамиятли ўрни бор ва бу ўринни ҳеч ким алмаштира олмайди. Шунинг учун ҳам постсовет ҳудудида Украина, Ўзбекистон, Қозоғистон АҚШ учун энг муҳим бўлган давлатлар ҳисобланади. Блинкеннинг келиши эса Ғарб билан алоқаларни қайтадан янгилаш ва мустаҳкамлашга қаратилган.
Биринчи масала, Россияга қўйилаётган санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам бермаслик. Иккинчи масала, минтақа ҳуқуқий, демократик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган ҳудудга айланиши кераклиги. Шунда минтақанинг рақобатбардошлиги ошади, ички сиёсатда анча барқарор давлатларга айланади ва натижада ташқи сиёсатда мустақил геосиёсий курсни амалга ошириш имкони пайдо бўлади. Одатда ташқи сиёсат ички сиёсатнинг давоми бўлади.








