Жаҳон | 10:46 / 25.06.2024
2739
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Киевга Россия активларидан тушган 1,4 млрд евро даромадни беради

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Венгрия қаршилигини четлаб ўтиб, музлатилган Россия активларидан олинган фойдадан Украинага ёрдам ажратишни маъқуллади. Унинг ҳажми 1,4 миллиард еврогача бўлади.

Фото: Siim Lõvi /ERR

Венгрия ҳукумати қаршилигига қарамай, Европа Иттифоқи Украинага Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган фойдадан 1,4 миллиард еврога яқин ҳарбий ёрдам тақдим этади. Бу қарор 24 июн, душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда бўлиб ўтган йиғилишида маъқулланди, деди Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

Учрашув олдидан Боррел Киевга маблағ ажратиш тўғрисидаги қарор «ҳар қандай тўсиқлардан ўтиб кетиши» кераклигини таъкидлади. Будапешт бу жараёнга тўсқинлик қила олмайди, чунки Венгрия илгари Россиянинг музлатилган активларидан тушган фойдани сақлаб қолиш бўйича дастлабки келишув юзасидан овоз беришда бетараф бўлган ва шунинг учун у «бу пулдан фойдаланиш қарорини қабул қилишда иштирок этмаслиги керак». Венгрия ветосидан қочишга имкон берган ҳолат - маблағлар Европа Иттифоқи солиқ тўловчиларидан тушмаган. 

Politico маълумотларига кўра, Россиянинг музлатилган активларидан Украина оладиган маблағ миқдори ҳали аниқланмаган, бироқ дипломатларга кўра, у 1,2 евродан 1,4 миллиард еврогача бўлган. Ушбу маблағлар Киевга Украинага ёрдам фонди (UAF) орқали берилади. 

ЕИнинг Россияга қарши санкциялари 14-пакети тасдиқланди 

Европа Иттифоқи кенгаши Украинага қарши давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар учун Россияга қарши жорий қилинган 14-санкция пакетини маъқуллади. Бу ҳақда кенгашнинг 24 июн куни чоп этилган пресс-релизида айтилади. Тез орада янги санкция чоралари ва рўйхатлари расман эълон қилинади. «Ушбу чора-тадбирлар Россия иқтисодиётининг энергетика, молия ва савдо каби қимматли тармоқларини нишонга олишга мўлжалланган ва Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтишни янада қийинлаштиради», — дейилади пресс-релизда.

Янги санкциялар пакетининг асосий бандларидан бири Россия суюлтирилган табиий газига (СТГ) тааллуқлидир: бундан буён учинчи давлатлар учун мўлжалланган рус СТГни Европа портлари орқали қайта экспорт қилиш мумкин эмас. Бироқ, Россия Федерациясидан Европа Иттифоқи давлатларининг ўзига СТГ етказиб беришни тақиқлаш жорий этилмаган. Шунингдек, нефт ва нефт маҳсулотлари нархлари чегарасини четлаб ўтиш учун фойдаланилган Россия флотининг 27 танкерига, хусусан, қурол-яроғ ёки Украина донини ташишда фойдаланилган кемаларга нисбатан ҳам санкциялар эълон қилинди.

Шунингдек, Европа Иттифоқи 55 жисмоний ва 61 юридик шахсга нисбатан санкциялар киритди. Юридик шахслар ёки компаниялар Россия ҳарбий-саноат мажмуасини (ҲСМ) тўғридан тўғри қўллаб-қувватлагани учун рўйхатга киритилган: гап учинчи мамлакатлар - Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва БАА компаниялари ҳақида ҳам кетяпти.

Мавзуга оид