Ўзбекистон | 19:10 / 17.03.2023
14095
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий Осиёда ягона тўлов тизимини яратишни таклиф қилди 

Бу товар ва хизматлар етказиб берувчилар учун минтақавий платформага хизмат кўрсатиши мумкин.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

17 март куни Самарқанд шаҳрида АҚШ Савдо вакили идораси (USTR) ва Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) Департаменти кўмагида ташкил қилинган АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича Ҳадли битим (TIFA) Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Покистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари делегациялари иштирок этди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ўз сўзида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, ишга солинмаган ресурс ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда биргаликда чора-тадбирлар кўриш, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бирхиллаштириш ва ягона мустақил арбитраж тизимини яратиш, ягона тўлов тизимига эга бўлган товар ва хизматлар етказиб берувчилар учун минтақавий платформани яратиш, хатарларни прогнозлаш ва бошқариш мақсадида Дата-марказлар ҳамда экспорт ва импорт қилувчиларнинг базаларини яратиш, санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш таклиф этилди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлашнинг электрон тизимларини, CLDP тавсияларига асосланган божхона қоида ва тартиботларини жорий этиш, фитосанитария талабларини уйғунлаштириш, илғор тажриба алмашиш, минтақада хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича ташаббус билдирилди.

Ўз навбатида, АҚШ Савдо вакилининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Брендан Линч Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг динамикасини, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бир-бирини тўлдириш тамойиллари асосида сезиларли даражада яхшиланганини юқори баҳолади ва АҚШнинг минтақа мамлакатлари билан иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш, савдо, сармоявий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатишда давом этишга содиқлигини таъкидлади.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Йиғилиш чоғида делегациялар раҳбарларининг чиқишлари бўлиб отди, рақамли савдо, санитария/фитосанитария чоралари, интеллектуал мулк ҳуқуқлари, божхона масалалари, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича ишчи гуруҳларнинг тавсиялари муҳокама қилинди, шунингдек, бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Тадбир якунлари бўйича иштирокчиларнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича умумий қарашлари, муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш чора-тадбирлари ўз ифодасини топган қўшма баёнот қабул қилинди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги
Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Мавзуга оид