Бахмут: Россия армиясининг йўқотишлари ўсмоқда, аммо унинг тактикаси такомиллашмоқда
Ярим йилдан ортиқ вақт давомида Бахмут фронтнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб қолмоқда. Ўтган ҳафтада Украина президенти Володимир Зеленский Олий қўмондонлик штаби йиғилиши ўтказди, унда шаҳарни мудофаа қилишни давом эттиришга қарор берилди. BBC мухбири Квентин Соммервил Бахмутда бўлиб, репортаж тайёрлади.
Украина қизил чизиқ тортди ва бу чизиқ – Бахмутдир. Шаҳардагилар шу ҳақда, бу шаҳар стратегик аҳамиятга эгалиги, шунингдек бу шаҳар учун жангларда аллақачон ўн минглаб кишилар ҳалок бўлгани ҳақида гапиришмоқда. Шаҳар учун жанглар бошланганига етти ойдан ошди, жанглар шу вақтга қадар тўхтовсиз олиб борилмоқда ва бу урушда энг узоқ давом этган тўқнашувга айланган.
Украина армиясининг шаҳарнинг жанубий чеккаларини ҳимоя қилаётган икки бригадаси ўтган ҳафтада BBC мухбирларини ўз позицияларига киритишди, бу вақтда эса шаҳарнинг ўзида ва унинг атрофида шиддатли жанглар кетаётганди. Бу аскарлар бир неча ойдан буён Россия армиясининг мунтазам қисмларига қарши ҳам, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси томонидан ёлланган ва Россия томонидаги окопларни тўлдирган собиқ маҳбуслар билан ҳам жанг олиб бормоқда. Украиналик ҳарбийларнинг айтишича, россияликларнинг йўқотишлари уларникидан анча кўпроқни ташкил қилмоқда, аммо рақиб шаҳар ва унга ёндош қишлоқларни эгаллашга уриниш учун янгидан янги методларни қўлламоқда.
Украина кучлари қуроллар ва шахсий таркиб сони борасида рақибдан ортда қолади, аммо шаҳардан жанубдаги бўрли қияликда 3-алоҳида штурм бригадасининг танкка қарши гуруҳи жойлашган. Уларни 3Storm гуруҳи деб номлашади, ўзларининг айтишларича, улар «енгилмас». Улар ер остида чуқур окоплар қазишган. Россия артиллерияси снарядлари яқин атрофда портлаганида, уларнинг истеҳкомлари томларини ушлаб турувчи ёғоч тиргаклар силкинади ва дала сичқонлари тахталар бўйлаб югура бошлайди. Ёғоч бурчакда эскича дала телефони туради. Уларнинг боболари ҳам шундай шароитларда жанг қилишган.
«Улар бизга ета олишмайди, биз барча тарафда бир километрда нима бўлаётганини кўриб турамиз», – дейди россияликлар позициясини кўрсатиб, 26 ёшли соқолли аскар, у ўзини «Гном» деб атайди. «Биз ўзимиздаги бор барча воситалар билан душманга зарба бера оламиз», – дейди у.
Россия армияси ҳам, Украинаники ҳам Бахмутдаги ёки бошқа нуқталардаги талафотлари ҳақида расмий маълумот бермайди, аммо ташландиқ шаҳар ҳақиқий қассобхонага айланган.
Шаҳар учун жангларнинг бир ҳафтасида «Гном»нинг ротаси «Вагнер» сафида жанг қилаётган маҳбуслар билан тўқнашиб улгурган. «Бизда ҳар икки соатда жанг бўлиб туради, – дейди у. – Ишончим комилки, ҳар бир рота кунига ўртача 50 кишини йўқ қилган». Шубҳа туғилмаслиги учун бу рақамлар ҳаво разведкаси маълумотлари орқали тасдиқланганини қўшимча қилади. «[Россия машинаси] келади – 50 жасад ортилади, кун ўтади – яна 50 жасад олиб кетилади», – дейди у. Унинг айтишича, ротаси ҳисоблашда адашиб кетган.
Украина расман ўзининг ҳар бир ҳалок бўлган аскарига россияликларнинг етти нафари тўғри келишини маълум қилган. Аввалроқ Россия томони Бахмут учун жангларнинг бир кунида 220 нафардан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчи ўлдирилганини хабар қилганди. Бу рақамларнинг ҳеч қайсисини мустақил манба орқали текширишнинг имкони йўқ.
The Wall Street Journal газетасига берган интервюсида «Вагнер»нинг асирликка тушган икки жангчиси фронтга юбориш олдидан уларни жуда кам шуғуллантиришгани - улар фақат қоронғи пайтда ўрмон бўйлаб қандай эмаклаб ҳаракатланишни ўрганишганини айтишганди. Фронтдаги олти ойлик хизматдан кейин улар озод этилади – бунинг учун эса жанглардан омон чиқиш керак.
600 миля узунликдаги бутун шарқий фронт бўйлаб вазият ўзгара бошлади. 3Storm гуруҳининг тепаликда жойлашган бўрли бошпанаси атрофдаги ҳудуд билан солиштирганда «қуруқ ер» (орол) каби ажралиб туради. Эрта баҳор қишда қаттиқ бўлиб турган заминни ботқоқликка айлантирди, бу эса ҳимояланувчиларга қўл келади. BBC мухбирлари уларнинг позициясига етиб бориши учун украин аскарлари ортидан пиёда йўл юришига тўғри келади – бир неча қадам ташлабоқ оёқ кийимлар лой ёпишишидан оғирлашади. Тез тиббий ёрдам машинаси майдон бўйлаб зўрға ҳаракатланиб боради, унинг гусеницалари ерни майдалаб, йўллардаги кўлмаклар лойқасини атрофга сачратади.
Атрофда қишлоқлар – аниқ манзилни айтиш тақиқланган – харобага айланган. Уйларнинг дарвозаларида қўл билан, асосан рус тилида қуйидагича ёзувлар битилган: «Здесь живут люди» (Бу ерда одам яшайди). Бу ҳам маълумот, ҳам илтимос. Аммо кўчалар, қаровсиз қолган ва вайронага айланган биноларни изғиб юрган кучукларни айтмаганда, бўшаб ётади.
Сўнгги икки ой мобайнида Россия қўшини Бахмутни қуршаб олиш мақсадида барқарор равишда олдинга силжиди. Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони, генерал Олександр Сирский унинг кучлари қаршилик кўрсатишда давом этишини маълум қилди. «Сабот билан қилинаётган қаршиликнинг ҳар бир куни бизга рақибнинг ҳужум қилиш қобилиятини сусайтириш учун қимматли вақт тақдим этмоқда», – деди у бу ҳудудга қўшимча кучлар юборар экан. Аммо Бахмут тузоғига тушаётганлар фақат руслар эмас. Бу ерда украинлар ҳам ҳалок бўлмоқда ва қурбонлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.
Аскарлар тепалик ёнбағридаги артиллерия позицияси атрофида тўпланганида, мухбир «Гном»дан Украина ўз аскарларини, Россия эса ўқитилмаган маҳбусларни йўқотаётган шароитда душман томонидан деярли ўраб олинган ўлик шаҳарни ҳимоя қилишда қандай маъно борлиги ҳақида сўрайди.
У айтади: «Мен ҳам ўзимдан бу ҳақда сўрайман, биз Бахмутни ҳимоя қилишда давом этишимиз керакми? Бир томондан, ҳозирда бу ерда бўлаётган воқеалар даҳшатли. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Аммо бунинг муқобили шундай бўлади: биз Бахмутдан чекинамиз ва бошқа аҳоли яшаш манзилида ҳимояланамиз. Нима фарқи бор – Бахмутни ҳимоя қиласанми ёки бошқа бир қишлоқни?»
Унинг қуролдоши, «Холм» лақабли тўқ қора соқол қўйган баҳайбат аскар ҳам унга қўшилади: «Бу ерда бу биз учун стратегик масала эмас. Биз оддий аскарлармиз. Аммо бу бизнинг ер. Биз кейин Часив Ярга чекинишимиз мумкин, Часив Ярдан эса Словянскка ва биз Киевгача чекиниб боришимизга тўғри келади. Бу қанча вақт олмасин – бир йил, икки, тўрт ёки беш – аммо биз еримизнинг ҳар бир парчаси учун курашишимиз керак».
Бу одамлар бир йилдан ортиқ вақт давомида жанг қилишмоқда ва Россия армияси тактикаси такомиллашиб бораётганини қайд этишади.
«Улар ўрганишмоқда, ақллироқ бўлиб боришмоқда ва бу мени чиндан ҳам чўчитади, – дейди «Гном». – Гуруҳ юборишади – қамоқдан олиб келинган беш жиннини. Уларни отиб ташлаймиз, аммо душман буни кўриб туради ва қаерда жойлашганимизни аниқлаб, айланиб ўтиб, ўраб олади».
«Холм» ҳозирда Россия гранаталар билан жиҳозланган дронлардан тобора самарали фойдаланаётганини қайд этади. «Авваллари биз уларга гранаталар ташлаб, қўрқитардик, – дейди у. – Энди эса улар бизнинг позицияларимизга дронлардан гранаталар улоқтиришмоқда».
Урушга қадар «Гном» мамлакатнинг ғарбий чеккасида ёшларни Карпат тоғларига экскурсияларга олиб чиқиш билан шуғулланган. Энди эса, Украина шарқидаги фронтда бу шунчаки хотира бўлиб қолган. Ўтган вақт мобайнида у жуда кўп жангларда қатнашган, аммо Бахмутдаги даҳшат — у ҳозир яшаётган воқеликдир.
У «Вагнер»нинг маҳбуслардан иборат армияси ҳақидаги саволга жавоб асносида бироз ўйлаб туради ва дейди: «Тўғрисини айтаман. Бу доҳиёна. Шафқатсиз, инсонийликдан йироқ, аммо самарали тактика. Бу иш берди. Ва шу вақтга қадар Бахмутда иш бермоқда».
Бир неча кун ўтиб мухбир тўрт киши билан советлар давридан қолган «уазик»ка тиқилиб яна шу ҳудудга боради. Эски машина рулига BMW логотипи ўрнатилган — ҳайдовчи Олег бу шунчаки ҳазил эканини айтади. У бошқа ҳеч нарса демайди ва рулга маҳкам ёпишганча бор диққатини машинани қирлар ва лой жойлардан олиб ўтишга қаратади. Автомат овозлари машина россияликларнинг рўпарасида жойлашган 28-механизациялашган бригада позициясига яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантиради.
Уруш манзараси бир зумда ўзгаради — одамлар кичик ўрмонзор ичига ўтиб яширинади, бу ердаги дарахтлар россияликларнинг зарбалари туфайли синиб ва парчаланиб кетган. Бир ойдан кейин ўсиб чиқадиган барглар бу ердаги одамни яшириши мумкин. Аммо айни вақтда яланғоч новдалар одамларни разведкачи дронлар кўзидан пана қила олмайди. Яқин орада отишма кетмоқда ва бу ердан тахминан 500 метр масофада россияликлар снарядлари портлайди. Аммо 48 ёшли Борис, у ўтмишда архитектор бўлган, ҳозир капитан, бунга парво қилмайди.
«Бугунги уруш — дронлар уруши, – дейди у, – аммо биз ҳозир эркин ҳаракатланишимиз мумкин, чунки бугун шамол ва ёмғирли кун, бундай ҳолатда дронларни шамол учириб кетади. Агар бугун тинч кун бўлганида устимизда ҳам ўзимизнинг, ҳам душманнинг дронлари учиб юрган бўларди».
Ортга қайтишда Олег «уазик»ни ногоҳ тўхтатади. Лойли йўлда йўналишдан оғиб кетган дрон ётарди. Унинг аккумулятори тезда ечилади ва ичкарига қаралади — у украинларники бўлиб чиқади.
Аммо бугунги кундаги уруш ўтмишдаги урушлардан кўпам фарқ қилмаяпти.
Бундан икки кун олдин 28-бригада позициясига россияликлар пиёдалари ва танклари ҳужум қилган. Ер остидаги ёғочли қўрғон томидан чакка ўтиб, полни ифлослайди ва бу ерда яланғоч ландшафтга қараб турган, тасмали ва мустаҳкам темир ғилдиракка эга «Максим» пулемёти кўринади.
«У фақат ёппасига ҳужум бўлганида ишга тушади… ўша пайтда у чиндан ҳам ишлайди, – дейди Борис. – Шунинг учун биз уни ҳар ҳафта ишлатамиз».
Бахмут учун кураш шундай кечмоқда, Европада XXI асрда, қиш ўрнини баҳор эгаллаётган кунларда. XIX аср қуроли ҳозирга қадар ўнлаб одамларни Украинанинг қора ери бағрига қулатмоқда.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024