Жаҳон | 08:22 / 23.03.2023
14544
2 дақиқада ўқилади

Блинкен: Ҳаага судига аъзо давлатлар Путинни ҳибсга олиши керак

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) аъзоси бўлган ҳар қандай Европа давлати Владимир Путин келган тақдирда уни ҳибсга олиши кераклигини айтди. 

Фото: Getty Images

Шу билан бирга, агар у мамлакатга келса, Вашингтон Россия президентини экстрадиция қиладими, деган саволга жавоб бермади. 

Блинкен Қўшма Штатлар суднинг иштирокчиси эмаслигини эслади: мамлакат ХЖС низомини ратификация қилмаган. 

«Менимча, унинг яқин орада бу ерга келиш режаси йўқ», — деди Давлат департаменти раҳбари. Путиннинг АҚШга сўнгги ташрифи 2015 йилда бўлиб ўтган.

Халқаро жиноий суднинг қарорлари уни 1998 йилда ташкил этган халқаро шартнома - Рим статутини имзолаган давлатлар учун мажбурийдир. Гап 123 та давлат, жумладан Европанинг барча мамлакатлари, Жанубий Америка, шунингдек, Тожикистон, Жанубий Африка, Афғонистон, Марказий Африка Республикаси ва Нигерия ҳақида бормоқда. Бироқ, улар орасида Қўшма Штатлар ҳам, Россия ҳам йўқ.

Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер бергани ҳақида 17 март куни ХЖС сайтида хабар берилган. Суд Россия президентини ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумон қилмоқда. 

Путин «ушбу жиноятлар учун бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ёки бошқа шахслар орқали, шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган фуқаролик ва ҳарбий хизматчилар устидан тегишли назоратни амалга оширмагани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин», дейилади хабарда.

Мавзуга оид