ЕИ Россияга ёрдам бераётган Марказий Осиё давлатларига қарши санкциялар жорий қилмоқчи — ОАВ
Кузатувчилар Европа Иттифоқи ва Кремлнинг Марказий Осиёдаги анъанавий иттифоқчилари ўртасида истеъмол товарлари айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошганини пайқаган.
Европа Иттифоқи Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бераётган Марказий Осиё давлатларига қарши савдо чекловларини жорий қилиши мумкин. Бу ҳақда The Telegraph ёзди.
Қайд этилишича, санкциялар Россияга катта миқдорда кир ювиш машиналари ва эскирган автомобилларни етказиб бераётган давлатларга тааллуқли бўлади. Чунки, кир ювиш машиналар таркибидаги яримўтказгичлар ва автомобиль қисмлари ҳарбий саноатда қўлланиши мумкин.
«Кузатувчилар Европа Иттифоқи ва Кремлнинг Марказий Осиёдаги анъанавий иттифоқчилари ўртасида истеъмол товарлари айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошганини пайқади. Янги маршрутларда фаоллик 60-80 фоизга кўпайган, Россия санкцияларни четлаб ўтишда улардан фойдаланмоқда, деган хавотир бор», деб ёзди нашр.
Европа давлатлари Россияга Ғарб чекловларини четлаб ўтишга ёрдам берадиган давлатларга қарши савдо санкцияларини қўллаш режаларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда махфий келишув ҳужжати бор, деб таъкидлайди нашр. Хусусан, ЕИ учинчи мамлакатлардаги жисмоний ва юридик шахсларга огоҳлантириш бериш ниятида.
«Россия ҳарбий ва мудофаа-саноат базасини моддий қўллаб-қувватлаш уларнинг Европа Иттифоқи бозорига чиқишида жиддий оқибатларга олиб келади», дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, унда ҳарбий ва фуқаролик мақсадларида қўлланиши мумкин бўлган тақиқланган «икки мақсадли» технологияларнинг Россияга экспорт қилиниши масаласи ҳам назарда тутиляпти.
«Расмийларнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон каби давлатларга экспорт қилинадиган товарлар орасида асосан кир ювиш машиналари, эски машиналар ва фотоаппаратлар бор», деб ёзди нашр.
Европа Иттифоқи вакилларининг сўзларига кўра, кўплаб товарлар қисмларга ажратилиб, яримўтказгичлар ва улардан олинган бошқа компонентлар Украинада зарар кўрган Россия танклари, зирҳли техникалари ва дронларини таъмирлаш учун фойдаланилаётганидан хавотирлар бор.
Юқори мартабали дипломатик манбанинг анонимлик шарти билан The Telegraph нашрига айтишича, Европа давлатларидан товарларнинг реэкспорти санкциялар тузилмасини сезиларли даражада бузади. Шунингдек, аввало Европа Иттифоқи вакиллари мумкин бўлган оқибатлардан огоҳлантириш мақсадида Марказий Осиё давлатлари билан бир қатор музокаралар олиб боришни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Европа Иттифоқи Россияга қўшни мамлакатлардан экспорт ҳажми ўсишини текшириш ниятида эканлиги маълум бўлган эди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки маълумотларига кўра, 2022 йилда Европа Иттифоқидан Қирғизистонга экспорт 84 фоизга, Арманистонга 72 фоизга, Тожикистонга 21 фоизга, Грузияга 19 фоизга, Қозоғистонга 14 фоизга ошган. Экспортнинг катта қисми Россияга олиб кириш тақиқланган маҳсулотларга тўғри келди.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53 / 13.11.2024