Жаҳон | 19:13 / 26.03.2023
31836
15 дақиқада ўқилади

«Рус дунёси»: Россия чиндан ҳам алоҳида цивилизациями?

Бугун «рус дунёси» ҳақида гаплашамиз. Гарчи бу ибора қадим замонлардан буён мавжуддек туюлса-да, аслида у муомалага киритилганига кўп бўлмаган. «Рус дунёси» (русчаси «Русский мир») — турли одамлар учун турли нарсаларни англатади.

Фото: Kun.uz

«Рус дунёси»

2022 йил 2 февралида РФ президенти Владимир Путин Кремлда давлат мукофотларини топшириш маросимида шундай деган эди:

«Шу қадар улкан ва қиёфаси кўп бўлган рус дунёси мана шу. Уни биз яратмаганмиз. Бизнинг миссиямиз уни мустаҳкамлаш, ривожлантириш, фуқароларимиз ва бутун жаҳонга жозибали қилишдан иборат». 

Бу гапдан роппа-роса уч ҳафта ўтгач, Путин «рус дунёсини ҳимоя қилиш» шиори остида рус қўшинларини Украинага жўнатди. 2023 йилнинг 14 мартида у Россия Украинада «рус дунёси» учун курашаётганини таъкидлаб ўтди. Украиналиклар эса сарказм билан Мариупол вайроналари ва Бучадаги биродарлик қабристонларини «рус дунёси» деб аташади.

21 март куни РФ Хафсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев «АҚШ ва унинг гумашталари рус дунёсини обрўсизлаштиришга ҳаракат қилаётгани»ни навбатдаги марта такрорлади.

3 март куни эса Санкт-Петербургда юз берган жанжалда икки йигит учинчисининг олдига келиб, «Сен рус дунёси тарафдоримисан?» деб сўрашган. Шундан сўнг электрошокер, қалампирли газбаллончаси ва бошқа «далиллар» ишга тушган.

Бу орада «Завтра» «турбоватанпарварлик» газетаси «Рус дунёси глобал рейхга қарши» илмий-маърифий конференциясини ўтказди. Нуфузли халқаро илмий журналлар юзлаб мақолалар эълон қилади, уларда тадқиқотчилар «рус дунёси»нинг мафкуравий, геосиёсий ва бошқа маъноларини тушунишга ҳаракат қилишган: бу қандайдир ҳудудми, ёки алоҳида цивилизациями, ёки шунчаки инсон руҳияти ҳолатими?

«Рус дунёси»ни ким ўйлаб топган?

Терминнинг ўзини 1990-йилларда «методологик ҳаракат» издошлари, сиёсий технологлар Пётр Шчедровицкий ва Ефим Островский қўллай бошлашган. Бироқ Россия ҳокимиятининг сўнгги ўн йилдаги саъй-ҳаракатлари туфайли бу муаллифлар «рус дунёси» иборасидан имкон қадар қочишга ҳаракат қилишмоқда.

Албатта, сўз бирикмаси сифатида «рус дунёси» аввалроқ, энг камида XIX асрдан буён қўллаб келинади: «рус ғояси»«рус йўли» ва «рус қалби» билан бир қаторда. Шчедровицкий ва Островский 1990-йилларда «рус дунёси» иборасига у ёки бу даражада маълум бир маъно беришган: Россияда яшамаётган, бироқ рус тилида сўзлашувчи ва рус маданиятида тарбия топган инсонлар умумлашуви.

Яъни у Франция ва Буюк Британия каби собиқ империялар ўзининг собиқ мустамлакалари билан «алоҳида муносабатлар»ни сақлаб туришга ёрдам берадиган Франкофония ёки Миллатлар ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмаларга ўхшаш (ёки айнан ўшандай) халқаро тузилма бўлиши керак эди.

Иккинчидан, уларни асосан Исроил ва Германияга яқиндагина кўчган эмигрантлар, масалан, она тилига кўра алоҳида «руслар» — совет яҳудийлари ёки совет немислари ташкил этади.

Учинчидан, СССР парчалангач, собиқ иттифоқдош республикалар (у Латвия бўладими, ё Қозоғистон, ё бошқаси)да яшаган руслар янги мустақил давлатларда миллий озчиликларга айланди.

Ўша 1990-йилларда «методологлар» «рус дунёси» мафкурасини тузган чоғда «халқ-ватанпарварлик» доираларида бошқа бир мафкура — рус ирредентизми мустаҳкамлана бошлади.

Соддароқ қилиб тушунтирилса: руслар СССРда давлатни ташкил қилувчи халқ бўлган, ҳозир эса улар Европанинг бўлиб ташланган энг йирик халқи; энди бу «яра» билан нимадир қилиш керак. Одатда бу «нимадир» остида Россиянинг «постсовет ҳудудида» у ёки бу шаклда ҳукмронлик қилиши назарда тутилган. Русларнинг бўлиб ташланган халқ экани ҳақидаги тезисни мухолифатдаги сиёсатчи Алексей Навалний ҳам бир неча бор илгари сурган, камида 2017 йилгача.

Рус диаспораси ҳақида «методологик» ва ирредентистик тушунча қарийб бир-бирига зид ҳам эди: биринчиси маданий алоқаларни ривожлантириш ва «юмшоқ куч»дан фойдаланишни назарда тутса (диаспора руслари Россияга инвестор ҳам, унинг бошқа давлатлардаги лоббисти ҳам бўлиши мумкин), иккинчиси — тўғридан тўғри эгаллаш («асл ерлар»ни қайтариб олиш»)гача бўлган у ёки бу шаклдаги агрессия. Кейинроқ Путин бу иккисини «никоҳлаб» қўйди.

2000-йиллар давомида ва 2010-йиллар бошида Путин «халқ-ватанпарварлик» риторикасини, ҳаттоки мафкурасини, жумладан, ирредентизмни муваффақиятли ўзлаштириб олди. Ўз бошқаруви бошларида, 2001 йилда у «рус дунёси» ҳақида гапирганда «маънавий ўзини англаш»ни назарда тутарди. 2005 йилда у СССР парчаланишини «ўта йирик геосиёсий фалокат» экани ҳақидаги тезисни шакллантириб олди ва унинг оқибатлари орасида биринчи ўринга «ўн миллионлаб ватандошлар Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида қолгани»ни қўйди. 2014 йилги «Қрим нутқи»да Путин русларни «жаҳондаги бўлиб ташланган энг йирик халқ» экани тўғрисидаги ирредентистик тезисни сўзма-сўз такрорлади. 

Бу ҳолатда аввал бошдан «рус дунёси»нинг маданий ўзликни англаш сифатида белгиланган ғояси изсиз йўқолгани йўқ: у Путин Россиясининг «ватандошлар»га нисбатан юритадиган сиёсатида кўзга ташланиб туради — уларга бошқа мамлакатлардаги таъсир кучига эга агентлар сифатида қаралади.

Путинизм — бу эклектик квазимафкура: у ғоя ва тушунчаларни исталган жойдан юлқиб териб чиқади ва ундан ўз мафкуравий химера (махлуқ)ларини ясайди. Бугунги кўринишдаги «рус дунёси» айнан шундай олақуроқ химера: «методолог»лардан нимадир олинган, яна аллақайси жиҳатлари ирредентистлардан, бунга қўшимча равишда учинчи таркибий қисм —«цивилизация» ғояси ҳам борки, у ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилмоқ жоиз.

Россияни «алоҳида цивилизация» сифатида ким ўйлаб топган?

Бир томондан олиб қаралса, у Россиянинг эскидан алоҳида эътирофга моликлиги тўғрисидаги ғоянинг навбатдаги талқини. Бошқа томондан, «цивилизация» тушунчасидан фойдаланиш ҳаммасини мураккаблаштириб юбормоқда.

Умуман олганда, бу тушунчалар узоқ ва чалкаш тарихга эга. Бир пайтлар, узоқ XVIII асрда бу шунчаки варварликнинг антоними: «маърифатли халқлар»ни «ёввойи қабилалар»дан фарқловчи барча нарсаларни билдирувчи қалқон термин бўлган: фан, техника, маданият, турмуш, одатлар, иқтисодий ва сиёсий ташкил этилиш ва ҳ.к.

XIX асрда ва айниқса ХХ асрда бу сўз ўзининг иккинчи маъносига эга бўлди ва қарийб ўзининг дастлабки маъносини муомаладан сиқиб чиқарди: цивилизация — тарихий ривожланиш асносида инсонларнинг йирик ва ёпиқ уюшмаси.

Кўплаб файласуфлар инсониятнинг ҳеч қандай ягона тарихи йўқ деб ҳисоблашар, бинобарин, барча учун баробар цивилизация ҳам бўлмаган деб ҳисобларди — инсонларнинг бир неча уюшмаси бор, улар бу уюшмаларда ўзаро ҳамкорлик қилса ҳам, аралашмасдан аслича қолишади. Қўполроқ қилиб тушунтирилса, Хитой Хитойлигича қолади, Ғарб эса Ғарблигича — уларнинг ҳар бирининг ўз қадриятлари бор, ўзларининг фикрлаш тоифалари (менталитети) ва ўз ривожланиш қонунлари бор.

Николай Данилевский бу уюшмаларни «маданий-тарихий турлар» деб атаган, Освалд Шпенглер — «маданиятлар» (улар бир жойда қотиб қолиб деградацияга учрай бошлаганда — «цивилизациялар»), Арнолд Тойнби — «цивилизациялар» деб атай бошлаган. Тойнби томонидан ўртага ташлаган термин ниҳоят «ютиб чиқади».

Тарих фанида цивилизация билан боғлиқ ёндашув тезда «мода»дан қолди — 1960-йиллардаёқ. 1990-йилларга келиб уни, айтиш мумкинки, сиёсатчилар, энг аввало Самуэл Ҳантингтон қайта ихтиро қилди. Унинг «Цивилизациялар тўқнашуви» китоби Фрэнсис Фукуяманинг «тарихнинг тугаши» ҳақидаги машҳур тезисига батафсил жавоб бўлди.

Ҳантингтоннинг фикрича, СССР парчаланиши ва «совуқ уруш»нинг тугаши билан либерал демократия ва бозор иқтисодиёти асосидаги тинчлик ва фаровонлик даври келмайди, аксинча, янги тўқнашувлар даври кириб келади ва улар ҳар хил сиёсий ва иқтисодий мафкуралар туфайли эмас, турлича қадриятлар ва ўзликни англашлар туфайли рўй беради. 

Америкалик бошқа бир сиёсатшунос Люсиен Пай 1990 йилда Foreign Affairs журналида эълон қилган мақоласида бир йилча аввал Пекиндаги Тиананмэн майдонида юз берган норозиликлар шафқатсизларча бостирилгач, Ғарбнинг Хитойга нисбатан сиёсати қандай бўлиши лозимлиги ҳақида фикр юритади. Ўз фикрларининг боши сифатида у қуйидагича тезис шакллантириб олган: Хитой — бу давлат-миллат эмас, «ўзини давлат деб атаётган цивилизация». 

Бу концепциянинг кўплаб тафсилотлари ва нозик жиҳатлари тушириб қолдирилса, унинг моҳиятига кўра, миллат — ўз тарихий тақдири умумийлигини англаб етган катта гуруҳдаги инсонларнинг манфаати бирлигидир. Цивилизация эса — қадриятлар бирлигидир. Бу маънода Франция ва Германия турлича давлат ва миллатлар бўлса-да, битта цивилизация (Ғарб)нинг бўлакларидир. Хитой давлати эса доимо (ҳозирги — Хитой Халқ Республикаси кўринишида ҳам) қадриятлар ва манфаатлар бир нарса дея ҳисобланиб, қуриб келинган.

Пайнинг «давлат-цивилизация» терминини Мартин Жак ўзининг 2009 йили чоп этилган «Хитой қачон дунёни бошқаради?» китобида янада тарғиб қилган. 

1990-йиллар ва 2000-йиллардаги Ғарб сиёсатшунослигидан «цивилизация» термини Россия расмий ҳужжатларига кўча бошлади. 2000 йил ташқи сиёсат концепциясида (Путиннинг илк концепцияси) у тилга олинмаган; 2008 йилгисида эса «маданий-цивилизациявий хилма-хиллик», «цивилизациялар ҳамкорлиги» ҳақида кўп гап боради.

2012 йилда Владимир Путиннинг «Россия: миллий масала» дастурий мақоласи эълон қилинди (ўшанда у Медведевдан сўнг яна президентлик лавозимига қайтаётган эди). Унда Путин Россияни «цивилизация-давлат» деб атаган (тахминларга кўра, бу терминни Мартин Жакни кўп ўқиган Кремл референтларидан бирортаси «олиб келган» бўлса керак). Бундан кейинги ташқи сиёсат концепцияларининг 2013 йилги ва 2016 йилги версиялари чоп этилди, у ерда энди «цивилизацион илдизлар» ва «цивилизациялараро бўлинишлар» тилга олина бошланган. 

Ҳантингтонда «цивилизация»дан абстракт тушунча, таҳлил воситаси сифатида фойдаланилган. Путин бошлиқ Кремл назариётчилари эса ундан реалликни тасвирлаш учун фойдалана бошлашди — уни асос қилиб амалий сиёсат олиб бора бошлашди. Сиёсий фан ўрганиши керак бўлган объектлар тадқиқотчилар ўзлари ўйлаб топган таснифлаштиришга мослаштирила бошланди. Бу худди атомлар Бор модели ҳақида эшитиб қолиб, унга мувофиқ бўлиш учун қарор қилганидек гап.

«Рус дунёси» ва «Алоҳида цивилизация» ғоялари амалий сиёсатда қандай ишлайди?

Унчалик эмас.

2022 йилнинг авгусида РФ ТИВ ташқи сиёсий режалаштириш департаменти директори Алексей Дробинин (у навбатдаги ташқи сиёсат концепциясини ишлаб чиқиш учун масъул) шундай деганди: «Цивилизацион ёндашув бизга таҳлилий жиҳатдан сермаҳсул, сиёсий жиҳатдан асосланган бўлиб кўринмоқда».

Бу ҳолатда Дробинин томонидан тақдим этилган «етакчи-давлат бошчилик сиёсий жипслашган цивилизацион уюшмалар» рўйхати катта таажжубларга сабаб бўлган. У ерда, масалан, «Россия ва Евросиё ҳамжамияти», «Хитой ва Шарқий Осиё уюшмаси», алоҳида «АҚШ ва англосаксон соҳаси» ва ягона Ғарб ўрнига «қитъавий-европавий цивилизация» ҳақида сўз боради.

2023 йилга келиб бошқа мақоласида, Дробинин «кўпқутблиликни тушуниш, тавсифлаш ва яратишнинг методологик асослари сифатида цивилизацион жиҳат» ва «цивилизациялар кристаллашуви» ҳақида фикр юритади.

Аслида «сиёсий жипслашув» ҳақида гап кетганда Россиянинг фақат Беларус билан яқинлашганини тилга олиш мумкин, холос. Россия дипломатиясининг Европа ва «англосакслар»ни бўлишга уриниши натижа келтирмаяпти: айрим нюанслар бор, албатта, бироқ «қитъадаги» Франция, Германия ва Полша аввалгидек Британия ва АҚШ билан Россия тажовузига қарши Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида бирдам бўлиб туришибди. КХШТ каби «цивилизацион» блокининг энг катта муваффақияти эса Қозоғистонда 2022 йилнинг январида рўй берган тартибсизликларни бостиришдаги иштироки бўлди, холос.

Бучадаги қирғин ва Мариуполдаги вайронгарчиликлардан сўнг Россия чегарасидан ташқарида «рус дунёси» сўз бирикмаси қанақа ассоциациялар кетириб чиқариши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

2019 йилда британиялик сиёсий файласуф Кристофер Кокер «The Rise of the Civilizational State» китобини чоп этди ва унда Си Жинпинг давридаги Хитой, Владимир Путин давридаги Россия, Нарендра Моди давридаги Ҳиндистонни «давлат-цивилизациялар» сифатида таҳлил қилган. Охирида у савол қўйган: бу етакчилар ўз мамлакатларининг «алоҳида цивилизация» эканлигига, алоҳида қадриятлар ва ҳуқуқларга эга экани, жумладан, қўшнилар устидан ҳукмронлик қилиш ва уларга ўз қонун-қоидаларини тиқиштириш лозимлигига чиндан ҳам ишонишадими? Ёки «цивилизация» ва «дунёлар» ҳақидаги гап-сўзлар шунчаки уларнинг мамлакат ичкарисидаги авторитар сиёсати, тажовузкор ташқи сиёсатини оқлаб беришга хизмат қиладиган сурбетларча мафкуравий манипуляцияларми?

Кокер бу саволни жавобсиз қолдирган. Бироқ Путин ва унинг «рус дунёси» ҳамда «Россия — давлат-цивилизация» экани билан боғлиқ муайян ҳолатда бу мафкуравий химераларни қўл остидаги материаллардан шоша-пиша тиклашганини англаш қийин эмас.

Мавзуга оид