Жаҳон | 11:00 / 03.04.2023
4858
3 дақиқада ўқилади

Блинкен Россияни ноқонуний ушланган АҚШ фуқароларини озод қилишга чақирди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатда WSJ журналисти ва бошқа америкалик фуқароларнинг Россия томонидан номақбул қўлга олинишидан хавотир билдирди.

Фото: Getty Images

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 2 апрель куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилди. Америка ташқи сиёсат идораси матбуот хизмати хабарига кўра, «Блинкен АҚШ фуқароси бўлган журналистнинг (WSJ - Эван Гершкович) Россия томонидан қабул қилиб бўлмайдиган қўлга олинишидан Қўшма Штатларнинг жиддий хавотирини билдирди». Америка дипломатияси раҳбари Москвани зудлик билан уни ва «ноҳақ ушланган АҚШ фуқароси Пол Уиланни» озод қилишга чақирди.

Ўз навбатида, Россия ТИВ матбуот хизматига кўра, Сергей Лавров Блинкенга америкалик журналист «журналистлик мақоми ниқоби остида давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни тўплашга, махфий маълумотларни олишга уринаётганда қўлга тушганини» ва унинг келажакдаги тақдири суд томонидан белгиланишини айтган. «Вашингтондаги расмийлар ва ғарб оммавий ахборот воситаларининг бу ишга сиёсий тус бериш ниятида шов-шув кўтаришига йўл қўймаслик муҳимлиги таъкидланди», - дейилади Россия идораси баёнотида.

The Wall Street Journal газетаси журналисти Эван Гершковичнинг Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти дипломатик ва сиёсий эскалация эҳтимолини кўриб чиқиши керак, деб ёзади WSJ. 30 март оқшомида чоп этилган таҳририят мақоласига кўра, Россия элчиси, шунингдек, мамлакатда ишлаётган барча россиялик журналистларнинг Қўшма Штатлардан чиқариб юборилиши Вашингтондан бу борада кутилаётган «минимал жавоб» бўлади. 

Гершковични ҳибсга олиш вақти «АҚШни шарманда қилиш ва Россияда фаолият юритаётган хорижий матбуотни қўрқитиш учун» режалаштирилган провокациядан далолат беради, деб ҳисоблайди WSJ. Мақолада айтилишича, Кремл Россия матбуоти ишини бостиргани сабабли, хорижий мухбирлар сўнгги мустақил ахборот манбалари ҳисобланади. Муаллифларнинг фикрича, Гершковичнинг ҳибсга олиниши унинг яқинда Россия иқтисодиётининг ёмонлашаётгани ҳақидаги мақоласи билан боғлиқ бўлиши мумкин. «Кремл бу ҳақида ҳақиқий гаплар айтилишини хоҳламайди», деб тахмин қилган Америка газетаси таҳририяти. 

WSJ мухбирининг Екатеринбургда қўлга олингани 30 март куни маълум бўлди. Ўша куни кечқурун Эван Гершкович «жосуслик» иши бўйича Москванинг Лефортово суди қарори билан 29 майгача ҳибсга олинган. Гершкович совуқ уруш тугаганидан кейин Россияда жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган биринчи хорижлик мухбир бўлди.

Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») мухбир «Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплагани»ни даъво қилган. Россия Жиноят кодексининг «жосуслик» моддаси 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.

Мавзуга оид