Геология соҳаси мамлакатнинг минерал-хом ашё базасини ривожлантиришда, ер қаърини ўрганиш ва разведка қилишда, фойдали қазилма конларини очишда алоҳида аҳамиятга эга йўналишлардан бири саналади.

Маъданшуносларнинг дунё тараққиётига қўшган ҳиссаси жуда юқори. Боиси, геологлар давлатнинг энергетик салоҳияти, минерал-хом ашё захираларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, Давлатимиз раҳбари томонидан касб байрами сифатида махсус куннинг белгиланишида ҳам уларга ўзгача ҳурмат ва эътироф мужассамдир.

Зафаробод қўрғонидаги “Ёшлик” маданият ва спорт марказида бўлиб ўтган тантанали тадбирда ҳам соҳа ходимларининг машаққатли ва шарафли меҳнатлари эътироф этилди.

Тадбир аввалида корхона бош директори Жаҳонгир Хасанов тизимда меҳнат фаолиятини олиб бораётган геологлар, геотехнологлар, маркшейдерлар ва геофизикларга байрам табригини йўллади.

Шундан сўнг, корхонадаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда сана муносабати билан бир гуруҳ ишчи-ходимлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг Фахрий ёрлиғи ҳамда “Навоийуран” ДК раҳбариятининг Фахрий ёрлиғи, “Ташаккурнома”лари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Ҳозирги кунда бизнинг геология қидирув экспедициямиз “Зиёдин-Зирабулоқ” майдони бўйича уранга дастлабки қидириш ва разведка ишларини асосан 5 та лойиҳа асосида олиб бормоқда, - дейди “Навоийуран” ДК “Уран ва ноёб металлар геологияси” илмий ишлаб чиқариш маркази “Зирабулоқ” геология-қидирув экспедицияси геология хизмати бошлиғи Достонбек Бўрибоев. - Ушбу касбда ишлаётганимга 12 йил бўлган бўлса, давлатимизнинг минерал-хом ашё базасини бойитишда ўзимнинг 4 та лойиҳам ва 3 та геология ҳисоботим билан ҳиссамни қўшдим. Ҳозирги кунда жамоамиз билан биргаликда олдимизга қўйилган барча вазифа ва мажбуриятларни аъло даражада сифатли бажаришга ҳаракат қилиб келаяпмиз. Бугун бутун дунё яшил энергияга ўтмоқда. Шу боис, келажакда барқарор яшил энергия манбаи бўлган уран саноатини янада ривожлантириб, давлатимиз захирасини бойитиш, янги конларни излаб топиш ва уларни ўзлаштириш олдимиздаги энг катта мақсадларимиздан биридир.