Танзила Норбоева: “Инсон қай ҳолатда, шароитда ва мақомда бўлишидан қатъи назар малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга”
Бугун, 6 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан 8 та қонун муҳокама қилиниши, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилиши ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Дастлаб сенаторлар “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.
Таъкидланишича, бугунги кунга қадар давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишларида назарда тутилмаган ҳамда юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаган. Қолаверса, ушбу соҳани мувофиқлаштирувчи ягона органнинг белгиланмаганлиги эса кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига, коррупциявий омиллар пайдо бўлишига олиб келиши билан бир қаторда, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилишига ҳам тўсқинлик қилаётганди.
Муҳокама қилинаётган қонун билан мазкур муаммолар ўз ечимини топиши кўзда тутилмоқда. Хусусан, Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланяпти.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали танлаш тартиби ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этиляпти.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси янада ортади ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатлари кучайтирилади, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартиби жорий этилади ҳамда давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилади.
“Айни пайтда юртимизда 2 миллиондан зиёд оила Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида рўйхатга олинган. Улар ҳам шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси. Улар ҳам фуқаролик, маъмурий, жиноят ишларида даъвогар, жавобгар, жабрланувчи, судланувчи ва ҳ.к. бўлишлари мумкин.
Ҳар доим ҳам уларда малакали юридик ёрдам олиш имкони бўлмаслиги мумкин. Лекин бу дегани кам таъминланган ёки турмуш вазияти оғир бўлган инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси ўз ҳолига ташлаб қўйилишини англатмайди. Инсон қайси ҳолатда, шароитда ва мақомда бўлишидан қатъи назар малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Давлат буни кафолатлаши ва зарур чоралар кўриши керак. Инсон қадри айнан шунда намоён бўлади.
Мазкур қонун билан ана шу эзгу ғояни амалга оширишнинг яна бир мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилмоқда. Одамлар бу қонунни кутяпти. Шундай экан, халқимиз, айниқса давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланаётган шахслар мазкур қонундан, унинг имкониятларидан яхши хабардор бўлиши керак.
Ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғри йўлга қўйилиши, жумладан рақамлаштирилган тизимлар ва бюджет маблағларининг сарфланишига доир тартиб-таомиллар беками-кўст ишлаши шарт”, — дея таъкидлаб ўтди Сенат раиси.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024