Путиннинг шахсий глобуси: Кремл янги ташқи сиёсат концепцияси билан дунёга қандай сигналлар бермоқда?
1980-йиллар аввалида, аввалги совуқ урушнинг энг авж палласида «Роналд Рейган дунёси»ни акс эттирувчи ҳазиломуз харита турли давлатларнинг газеталарида сондан сонга кўчиб юрган.
Харитада СССР, табиийки, «ёвузлик салтанати» сифатида тасвирланган, Хитой эса «яхши коммунистлар» қабилида. Ғарбий Европа — «социалистлар ва пацифистлар», шунингдек, «бизнинг ракеталаримиз» турган жой сифатида. Яна «Тэтчер ерлари» ҳам бўлган. Яқин Шарқ — «бизнинг нефтимиз» бўлган, Форс кўрфази эса — «бизнинг кўлимиз». Ушбу харита Америка президентининг жўн қарашлари устидан беозор ва масхараомуз кулгини билдирган, аслида. Тўғри, баъзи бир ўта консерваторларга бу харита ёқиб тушган, чунки уларнинг атрофдаги дунё ҳақидаги тасаввурларини аниқ акслантирган.
География билан боғлиқ тарих
Энди 40 йил олдинга ўтамиз.
Россия президенти Владимир Путин навбатдаги директив ҳужжат — Ташқи сиёсат концепциясини имзолади. У 44 саҳифага сиғдирилган зерикарли маълумотларни ўқиб уқишга сабри етмайдиганларга сайёрадаги турли давлатлар ва қитъаларнинг жойлашувига ўта специфик қараш тақдим этади.
Дунё марказида, табиийки, «цивилизация-мамлакат» деб аталган Россия турибди. Кейингилари янада ажойиб. Концепциянинг асосий бўлимларидан бири «Россия Федерацияси ташқи сиёсатининг минтақавий йўналишлари» деб аталади ва тавсифнинг географик принципини назарда тутади. Унда Кремл ўзининг шахсий, новаторлик географиясини тақдим этган. Яъни Россия «яқин хориж» давлатлари билан ўраб олинган ва Кремл бу ерда можароларни бостириш ва «рангли инқилоблар»га қарши курашишга бел боғлаган.
Буларнинг барчаси «Евросиё қитъаси»га жойлаштирилган ва қизиғи, унда Европа тилга олинмаган. «Евросиё»да Москва «умумқамровли шериклик ва стратегик ҳамкорлик»ка эга бўлган Хитойга, шунингдек, «имтиёзли» шериклик қилинаётган Ҳиндистонга кенг ўрин берилган. Евросиёда Россия «ЕОИИ, ШҲТ ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари Ассоциацияси (ASEAN)га таянган ҳолда барча давлатлар, минтақавий ташкилотларнинг салоҳиятларини бирлаштириш воситасида Катта Евросиё шериклиги — кенг интеграцион контур яратиш»га ҳозирланмоқда, шунингдек, ЕОИИ ҳамда Хитойнинг «Бир белбоғ — бир йўл» ташаббусининг ривожланиш режаларини бирлаштирмоқчи.
Одам тушунадиган тилга таржима қилинганда: Москва трансқитъавий транспорт коммуникациялари ва ўзаро манфаатли товар айирбошлашни ташкиллаштирмоқчи. Юклар ғояга кўра йирик бозор бўлмиш Европага етказилиши керак, аммо «Евросиё қиъаси» концепцияси муаллифлари Европани харитага умуман жойлаштиришмаган. Тушунарли сабабларга кўра, санкциялар ва иҳоталаниш шароитида Россиядан у ерга товарлар кира олмайди. Янги географияга кўра, «Евросиё қитъаси»га «Осиё-Тинч океани минтақаси» ҳам киради (лекин концепция бу минтақага Япония, Жанубий Корея ва АҚШни қўша олмайди). Бу минтақа ўзаро манфаат доирасида дўстлашиш назарда тутилаётган ASEAN давлатлари билан чекланган.
Концепция муомалага янги, шу пайтгача пухта ўрганилмаган географик тушунча — «Ислом олами»ни ҳам киритган. Россия «Ислом олами» билан ҳам хавфсизлик тизими ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида. «Ислом олами»га тўдаси билан Эрон, Саудия Арабистони, Сурия, Миср ва Туркия киритилган. Ҳолбуки, уларнинг ўзаро муносабатлари, юмшоқроқ қилиб айтганда, ҳавас қиларли эмас. Мана шу ҳолатда «Ислом олами»дан Малайзия қуруқ қолган. Илгари Москва халқаро муносабатлар давлат институти ва махсус хизматларнинг ўқув муассасаларида ҳеч қурса география яхши ўқитиларди. Лекин концепция яратиш керак бўлган паллада айрим нарсаларга кўз юмса бўлар экан. Яхшиямки, Африка ва Антарктидани ўз ҳолича қолдиришган.
Кремл нега ўзининг хусусий глобусини яратишга мажбур бўлгани тушунарли. Россияни алоҳида «цивилизация» деб аташ фақат ўзининг алоҳида эътирофга молик эканини таъкидлаш истагигина эмас (масалан, Хитой чиндан ҳам алоҳида цивилизация экани борасида ҳеч ким баҳслашмайди). Кремлнинг ҳозирги раҳбарияти Россия ўз тарихининг барча асрларида унинг бир қисми бўлган Европадан ажралиш ниҳоятда зарур. Концепция қуйидагиларни тан олишини қандайдир йўл билан тушунтириш ҳам керак-ку:
«Европанинг аксарият давлатлари Россияга нисбатан унинг хавфсизлигига таҳдид қилувчи, барқарорлик шартлари ҳамда тараққиёт кафолатларини бузувчи, Россия Федерацияси суверенитетига таъсир қилувчи, биртомонлама иқтисодий устунликни қўлга киритиш, ички сиёсий барқарорлик ҳамда Россияга хос анъанавий маънавий-маърифий қадриятларни барбод қилишга йўналтирилган, Россиянинг ўз иттифоқчилари ва шериклари билан ҳамкорлик қилишига тўсиқлар яратувчи тажовузкор сиёсат юритишмоқда».
Агар Кремл томонидан «Россияга хос анъанавий маънавий-маърифий қадриятлар» деб аталаётгандек эмас, барча нарса ўз номи билан аталса, Россия ўзи тарихан мансуб бўлган «цивилизация» доирасида четга сурилиб қолган давлат бўлиб қолди.
Ҳамма тушуниб турибди: Россияга нисбатан заиф ва «ахлоқан таназзулга учраган» европаликларнинг якка ўзи бу қадар душманона сиёсат юритишга қодир эмас. Бошқа қудратлироқ кучлар керак... ва бу куч шу пайтгача мисли кўрилмаган яна бир географик тушунча кўринишида бўй кўрсатган: «АҚШ ва бошқа англосаксон давлатлари».
Маълум бўлишича, «Қўшма Штатлар ва унинг малайлари Россия Федерациясининг Украина йўналишида ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрган чораларидан кўп йиллик аксилроссия сиёсатини янада авж олдириш ҳамда янги кўринишдаги гибрид уруш олиб бориш учун баҳона сифатида фойдаланган». Замонавий дунёдаги бош можаро мана шу сўзлар билан тушунтирилади.
Қайд этмоқ жоизки, бу Украинадаги можаро қандайдир маънода тилга олинган ягона ўрин. Ташқи сиёсат доктринаси муаллифларининг қолган барча мулоҳазалари «лаънати англосакслар ва улар назорат қилаётган давлатларнинг дарғазаблиги ва Россияга нисбатан тушунтириб бўлмайдиган нафрати туфайли»гина бирикиб ҳаракат қилишаётгани ҳақида боради.
Путиннинг сигналлари
Бир қараганда, исботлаб бўлмайдиган нарсаларни исботлаш мақсадидаги очиқдан очиқ манипулияция ва сафсатани ортиқ таҳлил қилишнинг маъниси йўқдек кўринади. Россия ТВ ихлосмандлари учун бу ҳазм қилиш қийин бўлган даражада мубҳам. Ҳаттоки географиясини ўзгартириш мумкин бўлган ташқи дунё учун эса бу қадр-қийматга эга эмас. Ягона мақсад — Ғарбга қандайдир сигналлар узатишга уриниб кўрилганида.
Ташқи сиёсат концепциясида бундай сигналлар сони иккита, деб ёзади журналист ва «Ежедневний журнал» ҳарбий шаҳловчиси Александр Голц.
Биринчиси шундан иборатки, кўплаб саҳифаларда халқаро ҳуқуққа содиқликка (агар бундай ҳуқуқлар Кремл манфаатларига зид келмаса, албатта) ишонтиришга уринилганига қарамасдан, Россия ташқи сиёсатининг бош воситаси ҳарбий куч-қудрат бўлиб қолаверади:
«Россия Федерацияси қуролли кучларидан фойдаланиш, хусусан, Россия ва (ёки) унинг иттифоқчиларига қуролли ҳужумни қайтариш ва олдини олиш, БМТ Хавафсизлик Кенгаши ва Россия аъзолигидаги бошқа коллектив хавфсизлик тузилмалари қарориларига мувофиқ ўз мажбурияти зонасидаги можароларни ҳал қилиш, тинчликни таъминлаш (тиклаш), хорижда бўлиб турган фуқароларини ҳимоя қилиш, халқаро терроризм ва қароқчиликка қарши курашиш мақсадида амалга оширилади. Россия Федерацияси бундай нодўстона хатти-ҳаракатларни кесиш ва келгусида такрорланмаслигининг олдини олиш учун симметрик ва ассиметрик чоралар қўллашга ўзини қонунан ҳақли деб ҳисоблайди».
Фактик жиҳатдан, бу ўз ихтиёрига кўра дастлабки огоҳлантирувчи зарбани беришга тайёрлигини эълон қилишдир. Бундай баёнот Россия директив ҳужжатларида илк марта пайдо бўлди.
Буни орқа сана билан Украинага бостириб киришни оқлаш деб ҳисоблаш мумкин. Шунингдек, бу баёнот бошқа давлатларга нисбатан бўлажак тажовуз учун индулгенция ҳамдир.
Иккинчи сигнал айнан шу ҳақида. Қуролли можароларнинг олдини олиш ва тартибга солиш, қўшни давлатларнинг ички ишларига ташқи кучлар аралашишга уринишига қарши туриш ҳақидаги сигнал. Бу мутлақ ҳуқуқни Москва фақат ўзида қолдирмоқчи. Олдимизда «Брежнев доктринаси»нинг янги таҳрири турибди. Унга кўра, Кремл ўз таъсир доирасига кирувчи давлатларга нисбатан «чекланган суверенитет» ўрнатади.
Умуман олганда, бу концепция — дипломатия ортиқ ташқи сиёсат воситаси эмаслиги эълон қилинишидир. Ташқи ишлар вазирлигининг ҳарбий муассаса департаментига айлантирилиши эса вақт масаласи, холос.
Мавзуга оид
20:43
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
13:11 / 12.11.2024
Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда
09:58 / 12.11.2024