Давлат раҳбари мамлакатимизга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади. Президент ўз нутқида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошираётган Янги Ўзбекистон халқаро майдонда янги марраларга эришаётгани, дўстлар ва ишончли ҳамкорлар сафини кенгайтираётганини таъкидлади.
Мамлакатдаги янгиланишлар жараёни тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда “инсон – жамият - давлат” тамойили асосида ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва мақсадларига алоҳида тўхталди.

Президент Шавкат Мирзиёев асосий қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш доирасида кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгани, тажрибали мутахассис ва олимлар, хорижий ҳамкорлар, ихтисослашган халқаро институтлар ва таҳлилий марказларнинг таклифлари ҳисобга олинганини қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазият шароитида барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, мамлакат етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар билан шерикликни мустаҳкамламоқда, Туркий давлатлар ташкилотида самарали раисликни амалга оширмоқда ва жорий йилда илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қилмоқда.
- Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор, - деди президент.

Маросим давомида давлат раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Фаластин – Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги анъанавий ҳамкорларидан бири. Халқларимизни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак диний ва маданий қадриятлар ўзаро боғлаб туради. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият борлиги таъкидланди. Ўзаро манфаатли алмашинувларни ривожлантириш учун Фаластин давлат ташкилотлари ва хусусий бизнес вакилларининг мамлакатимизга ташрифларини ташкил этиш таклиф қилинди.


















