АҚШ биринчи марта Россия атом саноатига қарши санкциялар киритди
АҚШнинг янги санкциялар пакети бошқа нарсалар қатори Россия давлат корпорацияси «Росатом» таркибига кирувчи корхоналарга қарши қаратилган. Хусусан, бу «Росатом»нинг хориждаги лойиҳаларини илгари суриш учун масъул «Русатом Оверсиз»га тегишли.
Қўшма Штатлар Россия ва бошқа давлатлардан 34 нафар жисмоний ва 120 тадан ортиқ юридик шахсларга нисбатан санкциялар киритди. Тегишли рўйхат 12 апрель, чоршанба куни АҚШ Молия вазирлиги томонидан эълон қилинди. У, жумладан, Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси таркибига кирувчи корхоналарни ўз ичига олади.
Улардан бири «Русатом Оверсиз» АЖ бўлиб, у ўз веб-сайтида таъкидланганидек, «Росатом»нинг ядровий технологиялар соҳасида, шу жумладан водород энергетикаси соҳасидаги ноэнергетик ечимлари линиясини халқаро бозорга тарғиб қилиш» учун жавобгардир. «Русатом Оверсиз» президенти Евгений Пакерманов ҳам АҚШнинг янги санкциялари остида қолди.
«Коммерсант» газетаси ёзишича, «Русатом Оверсиз» халқаро фаолияти кўлами унчалик катта эмас: компаниянинг 2022 йилдаги даромади бухгалтерия ҳисоби бўйича 7 миллиард рублни, соф фойдаси эса 1,2 миллиард рублни ташкил қилган. 2021 йил баҳорида компания Франциянинг Air Liquide компанияси билан биргаликда Сахалинда водород ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш лойиҳасини бошлади. Бироқ, 2022 йил 2 сентябрда Air Liquide «геосиёсий контекст туфайли» Россиядан чиқиб кетишини эълон қилди. Энди «Русатом Оверсиз» веб-сайти компаниянинг Боливияда «дунёдаги энг юқори ядровий тадқиқотлар ва технологиялар маркази» қурилишида иштирок этаётганини кўрсатяпти.
«Русатом Оверсиз»дан ташқари, АҚШ Молия вазирлиги рўйхатига атом станцияларининг реактор ускуналарини ўрнатиш, таъмирлаш ва демонтаж қилиш технологияларини ишлаб чиқадиган «Научно-исследовательский и конструкторский институт монтажной технологии - АТОМСТРОЙ» АЖ, шунингдек, Ковров механика заводи ва ВПО «Точмаш» ҳам киради. Улар уранни бойитиш учун центрифугалар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги қитъалараро баллистик ракета муваффақиятли синовдан ўтганини эълон қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, Астрахан вилоятидаги Капустин Яр полигонидан учирилган ерустида жойлашувчи ҚБРнинг ўқув жанговар каллаги Қозоғистондаги Сари-Шаган полигонида нишонга тегди.
Россия Мудофаа вазирлиги ракета учирилишидан мақсад «қитъалараро баллистик ракеталар учун истиқболли жанговар техникани синовдан ўтказиш» эканини билдирди. Вазирлик баёнотида айтилишича, синовлар «янги стратегик ракета тизимларини яратишда фойдаланилган схема ва техник ечимларнинг тўғрилигини тасдиқлаш» имконини берди.
Сўнгги йилларда, айниқса Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг, халқаро кузатувчилар Москвани ҳарбий таҳдид яратишда бир неча бор айблашди. 25 март куни Россия президенти Владимир Путин ўн йилликлар ичида биринчи марта Россия тактик ядро қуролини мамлакатдан ташқарида, – Беларусда мамлакат раҳбари Александр Лукашенко билан келишилган ҳолда жойлаштириш нияти борлигини маълум қилди. Бундай қуроллар қитъалараро баллистик ракеталар ёрдамида нишонга етказиладиган стратегик ядровий қуролларга қараганда кичикроқ масофага ва бузғунчи кучга эга.
Путиннинг сўзларига кўра, Беларус ҳудудида Россиянинг тактик ядро қуролларини жойлаштириш учун махсус омбор қурилиши 1 июль куни якунланиши керак. Ўнта самолёт ушбу турдаги қуроллардан фойдаланишга тайёр, «Искандар» ташувчи комплекси тақдим этилди, деди Россия Федерацияси президенти.
Мавзуга оид
16:42
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
10:47
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
13:30 / 10.11.2024