Экспертлар Ҳаага суди қарори туфайли Россиянинг хориждаги маблағларини ҳибсга олиш эҳтимолини баҳолашди
Россия хорижда жойлашган ўз активларидан айрилиб қолиши мумкин. Лекин айрим нюанслар бор. Экспертлар Ҳаага судининг қарори туфайли Россия маблағларининг хорижда ҳибсга олиниш имкониятларини баҳолаб чиқишди.
13 апрел куни Ҳаагадаги халқаро арбитраж Россияга Қрим аннексияси туфайли Украинанинг «Нафтогаз» давлат газ компаниясига етказилган зарар ўрнини қоплаш учун 5 млрд доллар тўлаб бериш мажбуриятини юклади. «Нафтогаз» компанияси матбуот хизмати агар Россия суд қарорини ўз ихтиёри билан бажаришдан бўйин товласа, «Нафтогаз» Россия активлари жойлашган мамлакатлар ҳудудида мажбурий ундирув ҳаракатларини бошлаши ҳақида баёнот берди.
Хўш, бу сценарийни амалга ошириб бўладими? Экспертлар бу борада қандай фикрда?
«Принцип жаҳатидан олинса, активлар ҳибсга олиниши мумкин», — дейди халқаро арбитражга ихтисослашган адвокат Линда Зилберте. Юридик фанлари доктори Марк Кавакамининг сўзларига кўра, ҳар қандай суд жараёни жуда узоқ давом этади. «У Нью-Йорк конвенцияси билан тартибга солинади. Аввалига «Нафтогаз» Нью-Йорк конвенциясига аъзо давлат ҳудудида Россия Федерациясининг активини топиши керак. Бу дунёнинг жуда кўп давлати бўлиши мумкин. Сўнгра «Нафтогаз» топилган актив давлат иммунитети остига тушмаслигини исботлаш керак. Шундан сўнг мулк хатланса, «Нафтогаз» уни аукционда сотиб, компенсацияни ундириши мумкин», — деб тушунтиради Зилберте.
Россия пулларини олиш осон иш эмас. «Биринчидан, РФ мулки давлат иммунитетидан фойдаланади. Бундай маблағларни хатлаш учун «Нафтогаз» ушбу мол-мулклардан фақат тижорий мақсадларда фойдаланилаётганлигини исботлаб бериши керак ёки давлат ўз иммунитетидан воз кечиши лозим, бунисининг эҳтимоли паст. Иккинчидан, РФ активларнинг катта қисми музлатилган. Бу ҳол кредиторларга трибуналларнинг қарорларини амалга оширишда халақит қилади. Европа Иттифоқи ва БМТ айни пайтда уруш туфайли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш мақсадида РФнинг активларини «озод қилиш» устида иш олиб боришмоқда», — дейди Зилберте.
«Мен худди ЮКОС иши билан бўлгани каби Россия бу арбитраж судининг қарорини ҳам Нидерландия судларида бекор қилишга уриниб кўради деб ўйлайман. Бу қарорни амалга оширишни янада кечиктиради», — дейди «Агора» халқаро адвокатлик идораси раҳбари Кирилл Коротеев.
Бу борада тарихда муваффақиятли ва муваффақиятсиз тугаган кейслар бор.
Қрим 2014 йилда аннексия қилинганидан сўнг Украинанинг кўплаб компаниялари Россияни уларнинг мулкини эгаллаб олганликда айблаб халқаро судларга мурожаат қилишган. 2018 йилда Ҳаагадаги халқаро арбитраж Россияни Қримда ўз мулкидан ажралган 17 та Украина компаниясига 159 млн доллар, «Ошчадбанк»ка эса 1,3 млрд доллар тўлашга мажбурловчи қарор чиқарган. Ўшанда Россия бу қарорни тан олмаслигини таъкидлаган.
Бироқ РФ активларнинг муваффақиятли хатланиши билан боғлиқ яқиндагина рўй берган воқеа ҳам бор. «ЮКОСнинг собиқ акциядорлари Союзплодоимпорт давлат корхонасига тегишли бўлган «Столичная» ва «Московская» савдо белгиларини ҳибсга олишга муваффақ бўлишган», — деган Зилберте.
Мавзуга оид
16:42
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
10:47
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024