«Путин билан келишилган муддат» – Кара-Мурза чорак асрга қамалгани қандай қабул қилинди?
Россиялик мухолифатчи, мамлакат президенти Путиннинг асосий танқидчиларидан бири Владимир Кара-Мурза гўёки Россия армияси ҳақида ёлғон маълумот тарқатгани ҳамда ватанга хиёнатда айбланиб, 25 йилга қамалди. Саломатлигида жиддий муаммо бўлган мухолифатчига бу қадар узоқ муддатли қамоқ жазоси берилгани кўпчиликнинг кескин танқидига сабаб бўлди. Қуйида россиялик фаоллар ва халқаро дипломатларнинг Кара-Мурзанинг қамалишига оид фикрлари келтирилади.
Владимир Кара-Мурза
сиёсатчи, журналист, сиёсий маҳбус
Россия озод бўлади, буни ҳаммага етказинг!
Мария Эйсмонт
Владимир Кара-Мурзанинг адвокати
25 йил қаттиқ режимли қамоқ жазоси. Бу берилиши мумкин бўлган энг оғир жазо. Қонуннинг ақалли бир сатрига амал қилинганда ҳам бунақа жазо берилмаган бўларди. Агар хоҳлашса, бундан ҳам кўпроқ беришарди.
Аммо бу жазо Владимирнинг сиёсатчи ва фуқаро сифатида даражасини кўрсатиб турибди. У жазони айнан шундай қабул қилди ва деди: «Ўзимга янада юқори баҳо бера бошладим. 25 йил – фуқаро, ватанпарвар ва сиёсатчи сифатида қилган ишларим учун олишим мумкин бўлган энг юқори балл. Демак ҳаммасини тўғри қилибман».
Елена Кара-Мурза
Владимир Кара-Мурзанинг онаси
Худди бир ухлаб Кафканинг романида уйғонгандекман. Ҳақиқий қариндошлар ёки элчилар ўтириши мумкин ўриндиқларни кимлардир эгаллаганди. Қанча муддат берилишини кутгандим? 24 йил-у 11 ой.
Фёдор Крашенников
сиёсатчи
25 йил – бу муддатни ақлга сиғдира олмаяпман. Судялар, прокурорлар – умуман Путиннинг ипирисқи малайлари ҳеч кимни ўлдирмаган ёки ҳеч нима ўғирламаган одамга шунақа муддат беришганини тушунганмикин?
Ян Рачинский
«Мемориал» жамияти раиси
Бунақа аҳмоқона муддатни Брежнев вақтида ҳам кўришмаган. Диссидентларни қамашган, лекин бунақа муддатга эмас. Бунақасини фақат Сталин давридагилар билан таққослаш мумкин. Жазо гапирилган гап учун берилгани айниқса даҳшатли. Бу – ҳукумат сўздан қўрқиши, ўзига қарши гапирадиган ҳамманинг оғзини ёпишга уринишидан далолат. Бу Россия ва замонавий дунё давлатларининг фарқини кўрсатиб қўйди.
Ривожланган давлатларда одамлар мудофаа вазири, бош прокурор ёки бошқа одамнинг фикридан қатъи назар ўз фикрини билдира олади. Сахаров айтганидек, бизда интеллектуал эркинлик бўлмас экан вазият яхшиланишига, Россия барқудрат давлатга айланишига умид қилмаса ҳам бўлади.
Алексей Навалний
Россия мухолифати етакчиси
Владимир Кара-Мурзага берилган жазодан ғазабландим. Бу ноқонуний, инсофсизларча чиқарилган шунчаки фашистик жазо.
У олган жазо ФСБ томонидан икки марта заҳарланганидан кейин (буни ФСБ қилгани исботланган) ҳам ўлмай қолгани учун жазодир. Владимирни иккинчи марта заҳарлашганидан кейин кўргандим ва у саломатлигини деярли йўқотиб бўлганига гувоҳ бўлгандим.
Руслан Шаведдинов
Коррупцияга қарши кураш фонди вакили
Кара-Мурза ва Борис Немцов Путиннинг атрофидагиларга қарши персонал санкция қўлланишига эришганди. Немцовни ўлдиришди. Кара-Мурзани 25 йилга қамашди. Путиннинг яқинлари санкциядан қўрқади, яхта ва саройларини сақлаб қолиш учун ҳамма нарса қилишга тайёр. Бизга кўпроқ санкциялар керак, тезда.
Дмитрий Гудков
мухолиф сиёсатчи
Қўрқоқлар Владимирнинг охирги сўзларини кимдир ёзиб олишига ҳам имкон беришмади. Эслаб қолишга қулай бўлган Подопригоров фамилияли судья, «Магнитский рўйхати» фигуранти, фамилияси эса ноодатий. Нафақат люстрациядан, балки колониядан ҳам қоча олмайди. Ҳукмни, албатта, у ёзмаган, муаллиф ҳақида эса Ҳаагада гапиришади. Асосийси – Володя тирик қолиши, қолгани нима бўлиши аниқ. Сув айиргич олдиндан маълум.
Сергей Смирнов
«Медиазона» мустақил нашри бош муҳаррири
Кара-Мурза шубҳасиз «Магнитский рўйхати» учун 25 йилга қамалди. Бу муддат Владимир Путин билан келишилганига шубҳа йўқ. Худди Кара-Мурзани заҳарлаш операциялари ҳам у билан келишилгани каби. Санкция уларни айниқса қаттиқ жазавага туширади.
Алексей Венедиктов
журналист
Владимир Кара-Мурза Россияни яхши кўрадиган ҳалол йигит ва у ҳеч қандай ватанга хоинлик қилгани йўқ. Бугун унга чиқарилган 25 йиллик қамоқ — бу ноҳақ ва адолатсиз бўлган сиёсий ҳукмдир. Жазо бекор қилиниб, Владимир озод қилиниши ва ундан кечирим сўрашлари керак.
Максим Резник
собиқ депутат
Владимир Кара-Мурзага чиқарилган ҳукм нафақат тузумнинг шафқатсизлигидан, балки унда қўрқув уйғонганидан далолат беради. Айнан шафқатсизлик ва қўрқув заифликнинг нишоналаридир. Ўлим олди талвасаси эса узоқ давом этмайди. Владимир билан яқин келажакда озодликда кўришишга ишончим комил.
Аббас Галямов
сиёсатшунос
Кара-Мурзанинг табассумига эътибор беринг. У суд томонидан белгиланган чорак асрни ўтириб чиқмаслигига ишонмоқда, у тузумнинг охирини кўряпти. Доим шундай бўлган: кимдир бошқалардан кўра узоқроқни кўра билса, уни тезда жим қилишга интилишади.
Александр Подрабинек
ҳуқуқ ҳимоячиси
Уни синдириш учун номига бир-икки йил бериб қўйишса керак деб ўйлагандим. Афтидан, намойишкорона суд қилмоқчи бўлишган. Унга максимал муддат бериб, гўёки ватан хоинидек кўрсатишди. Сталинча суд ва сталинча муддат. Ёпиқ суд, ҳатто ҳукм ҳам ёпиқ тарзда ўқиб эшиттирилди. Ҳозир қонун ҳақида гапириш ғалати, чунки улар ишга алоқадор барча қонунларни бузиб бўлишди. Бу суд орқали расмий позицияга қарши ҳеч қандай танқидга тоқат қилмасликларини кўрсатишди.
Севатлана Тихановская
Беларус мухолифати етакчиси
Владимир Кара-Мурзага қарши чиқарилган ҳукмни қоралайман ва уни тезда қўйиб юборишларини сўрайман. У Путиннинг ноинсоний режимига ва Украинага босқинига қарши чиққан ақлли, мард одам эди. Бу яна бир марта ҳуқуқнинг устидан кулишдир.
Дебора Броннерт
Британиянинг Россиядаги элчиси
Шунчаки даҳшат. Владимир Кара-Мурза 25 йилга қамалибди. У Россиянинг Украинага босқинини қоралаб қилган мардонавор чиқиши учун айбланган. Британия ҳукумати Владимир Кара-Мурзани қўллайди ва уни озод этишларини сўрайди.
АҚШ элчихонаси
Владимир Кара-Мурзага берилган 25 йиллик жазо Россияни эгаллаб олган репрессиянинг яна бир даҳшатли кўриниши. Мустақил сиёсий қарашга эга бўлиш ва ҳукумат қарорларига рози бўлмаслик асосий эркинликлардан бири. Бу Россия конституцияси ва Россия аъзо бўлган бошқа халқаро ҳужжатларда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Бу Россия ҳукуматига қарши бўлганларнинг ҳоли не кечишини кўрсатиб қўйиш учун ўзгача фикрловчиларнинг овозини ўчиришга уринишдир. Кара-Мурза ҳукуматга ҳақиқатни сотқинлар эмас, ватанпарварлар айтишини кўрсатди. Ҳукумат ҳаракатларини танқид қилишни криминал ҳаракат деб кўрсатиш кучлиликдан эмас, кучсизликдан далолат.
Канада элчихонаси
Ўттиз йиллар аввал эркин ва демократик Россия дунё юзини кўриш учун кураш бошлаганди. Бугунги ҳукм ўша курашнинг қора бурилишларидан бири бўлди. Шунга қарамай, Россиядаги ва бутун дунёдаги мустақил инсонлар Владимир Кара-Мурзани номус ва виждон одами деб тан олади, унинг Россия демократлашиши учун қилган ҳаракатларини қадрлайди.
Эдгар Ринкевич
Латвия адлия вазири
Россиялик мухолифатчи Владимир Кара-Мурзага нисбатан чиқарилган ҳукмни қоралайман. Бу ишни сохталаштиришга алоқадор ўнлаб одамларнинг Латвияга киришини чеклаш керак деган қарорга келдим ва Европа Иттифоқини ҳам шунга чақираман.
Фолькер Тюрк
инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари
Сиёсатчи Владимир Кара-Мурзага қарши чиқарилган бу қарор Россия фуқаролик жамияти ва қонунга қарши навбатдаги зарба. У ўзининг қонуний ҳуқуқи бўлмиш сўз эркинлигидан фойдаланиб Россиянинг Украинага босқинини танқид қилгани учун айбланди. Ҳеч ким ўз ҳуқуқидан фойдалангани учун қамалмаслиги керак. Россия ҳукуматидан уни тезда озод қилишни талаб қиламан.
Европа Иттифоқи
Европа Иттифоқи Владимир Кара-Мурза сиёсий айблов билан 25 йилга озодликдан маҳрум қилинганини кескин қоралайди. Бу кескин жазо яна бир марта Россияда судлардан Украинага босқинни қоралайдиган фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига босим ўтказиш учун фойдаланилишидан далолат. Россияни сиёсий маҳбусларни тезда озод қилишга чақирамиз.
Кара-Мурза нима қилганди?
Владимир Кара-Мурза ўз сиёсий фаолияти давомида «Магнитский рўйхати» тузишда бош-қош бўлгани билан ёдда қолган. Бу рўйхатга аудитор Сергей Магнитский ўлимига алоқадор одамлар киритилганди.
Аудитор Сергей Магнитский 2009 йил Россиядаги вақтинчалик маҳбуслар сақланувчи қамоқхонада вафот этади. У тириклик вақтида Россия кучишлатар тузилмаларининг давлат бюджетидан жуда катта миқдордаги пулларни ўмариш тизимини фош этганди. Аммо Россия ҳукумати унинг суриштирувида келтирилган фактларни ўрганмайди, аксинча аудиторнинг ўзи ҳибсга олинади. Қамоқхонада эса Магнитский тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида жон беради.
Немцов ҳамда Кара-Мурза «Магнитский рўйхати»ни биргаликда шакллантира бошлайди. 2012 йилга келиб АҚШ Конгресси «Магнитский рўйхати» тўғрисида қонун қабул қилган, унга асосан кўплаб россияликлар санкцияга тушганди.
Мавзуга оид
11:53 / 04.09.2024
Олаф Шолц Владимир Кара-Мурза билан учрашди
11:00 / 16.08.2024
Жо Байден Россияда озод этилган Владимир Кара-Мурзани қабул қилди
08:01 / 03.08.2024
Бизга Россияни сўнгги марта кўриб турганимизни айтишди — собиқ сиёсий маҳбуслар
11:14 / 02.08.2024