Жамият | 11:01 / 22.04.2023
10612
5 дақиқада ўқилади

“Жавдарзордаги халоскор” — болалар руҳиятини акс эттирган асар ҳақида

Болалигини эслаган одамнинг ширин жилмайишга бир сабаби, бир воқеаси бўлади. Ўзининг нақадар содда, самимий, беғубор даврларини кўз олдидан ўтказиб, энтикиб қўяди. Болалар катта бўлишни орзу қилади, катталар эса бола бўлиб қолишни. Сабаби болалардан ташқари ҳаммага маълум. Катталар ҳамиша ҳаёт билан курашиб яшаши, катта масъулиятларни зиммасига олиши, турли тўсиқларни енгиб ҳаёт кечириши лозим. Болаларда эса бундай муаммолар йўқ. Уларда тоза қалб, беғубор кулги ва катта орзулар бор. Қизиқ, болалигимиздаги катта орзуларимиз каттарганимиз сари кичиклашиб бораверади. Нега шунақа?

Ўсмирларнинг ҳаёт тарзи ҳам, ўй фикрлари ҳам қизиқ. Бири Марсга учишни истайди, бири дунёни қутқариб қолишни, яна бири учар гилами бўлишини. Уларнинг ўз дунёси бор.

Жером Селенжернинг «Жавдарзордаги халоскор» асарини ҳар бир китобхон ўқиркан, Ҳолденнинг қайсидир жиҳатида ўзини кўради. Ўзининг ўсмирлик давридаги ҳолати хаёлидан ўтади. Сабаби ўсмирларнинг умумий характери, умумий хусусияти кўп. Қайсарлик, ўзини бошқалардан устун кўриш, исёнкорлик, ғурурлилик хусусиятлари ҳар бир ўспиринда қайсидир даражада мавжуд бўлади.

Асар Ҳолден исмли ўсмир йигитчанинг ўй-хаёли, хатти-ҳаракати орқали жамиятдаги сохталиклар, ижтимоий адолатсизликлар, одамларнинг иккиюзламачилиги, катталар дунёсининг тубанлашуви каби иллатларни ҳам ўзида акс эттиради. Асарда мактабдан ҳайдалган Ҳолденнинг ота-онасининг танбеҳидан қўрқиб, уйига бормасдан бошидан ўтказган саргузаштлари ҳикоя қилинади. У бир муддат ўзини катта одамлардек тутади ва турли инсонларга, вазиятларга дуч келади.

Кулгили ва қайғули ҳолатларни бошидан ўтказган Ҳолден охири кўп нарсаларни тушуниб етади.

Ҳолденнинг ички дунёси ўзгача. У аслида юмшоқ табиатли йигитча (хонасига чақирилган фоҳишани «ишлатмасдан» чиқариб юбориши, роҳибаларга хайрия учун сўрамасалар-да пул бериши, устозининг қилиғидан қаттиқ ҳаяжонга тушиши, мактаб деворига ёзилган сўкиниш сўзидан таъсирланиши, ёш болалар бу сўзга қизиқиб қолишидан хавотирланиши шундан далолат беради). У тенгдош ўспиринлари каби ахлоқсизликларни тап тортмасдан қилолмайди. Жуда кўп сўзларни, хатти-ҳаракатларни, одамларни ёмон кўришини айтиб ўтади.

Масалан, бирор ким билан танишгандан сўнг «танишганимдан хурсандман» дейишни истамайди ва шундай деган кимсаларни уриб ўлдиргиси келади. Чунки катталар аслида хурсанд бўлмасалар-да хурсандлигини айтади. Бу эса Ҳолден учун нафратга лойиқ сохтакорлик. Иккиюзламачиликни мурғак қалби қабул қилолмаса-да, қачондир ўзи ҳам «катталар» сафига қўшилганда иккиюзламачилик қилишга мажбур бўлишидан ирганади. Бунга қарши исён кўтаришга уринади. Ўша пайт қандай аҳмоқона кўринишини билиш учун ўзини катталардек тутишга уринади ва аксарият кулгига қолади. Шундагина тушунадики, катталар ролини қанчалар маҳорат билан ижро этишини, қанчалар моҳирлик билан ниқобланишларини.

Ҳолденнинг ўзи ҳам бу лаънати жамиятда яшаб қолиш учун қачондир ниқобланишини ўйлаб юраги ғашланади. Атрофдаги барча одам, хатти-ҳаракатлар, ҳамма-ҳаммаси кўзига жирканч кўрина бошлайди. Қайси мактабда ўқиса, қувилиб кетиши ҳам бежизмас. Катталар (ота-оналар, устозлар) болалар яхши ўқиши керак деган тушунчада бўлганликлари учун ҳам Ҳолден яхши ўқишни, намунали, итоаткор бола бўлишни истамайди. Катталар дунёсига бўйсунгиси келмайди. Унга саноқли одамлар ва саноқлигина нарсалар ёқади. Масалан, Ҳолден учратиб қолган роҳибалар. Роҳибаларнинг қотган нон еб ўтиришига қаҳрамонимиз ачиниб қарайди. Раҳми келади. Бу ҳам Ҳолденнинг кўнгли нозиклигини, раҳмдиллигини билдиради. У роҳибаларда ҳеч қандай сохталик, риёкорликни кўрмагани учун ҳам яхши кўради.

Яна синглиси Фибига жудаям меҳрибон. Чунки синглиси ёш бола. Ёш болаларга эса риё бегона. Ҳолден синглисининг шу беғуборлигини, соддалигини севади. Ҳеч нарсадан қўрқмаса-да ана шу беғуборликни ҳуркитиб қўйишдан, хафа қилишдан қўрқади. Катталар билан сариқ чақалик иши йўқ бўлган йигитча мана шу мурғак билан ҳисоблашиш кераклигига ўзида мажбурият сезади.

«Жавдарзордан чиққан кимсани, биров тутиб олгудай бўлса…” Мана шу бир қатор шеърда бутун бошли асар моҳияти очилади. Шу мисрани эшитгач Ҳолденда ажойиб бир орзу пайдо бўлади. У жавдарзордаги халоскор бўлишни истаб қолади. Шунда ҳам қандай халоскорга, ёш болаларни жарга тушиб кетиш хавфидан қутқарувчи халоскорга. Бу ерда бир рамз яширин. Модомики, бола беғуборлик, соддалик, асллик рамзи экан, демак, Ҳолден ҳаётдаги айнан мана шу ёрқин хислатларни йўқ бўлиб кетишидан, жарга қулашидан, топталишидан асраб қолмоқчи. Ушбу асар АҚШ мактабларида энг кўп ўқитилган китоблар рўйхатида 2-ўринда туради. Ҳар кимда икки кўриниш бўлади. Биринчиси жамият учун, иккинчиси ўзимиз учун. Одамлар орасида бир ниқобимизни, ёлғиз қолганда бошқа ниқобимизни ишга соламиз. Ҳолден Колфилд одамлар орасида ҳам, ёлғизликда ҳам фақат битта кўринишда юришни истовчи, турланишни танқид қилувчи, жамиятга нисбатан саркаш ўспиринларнинг тимсолига айланиб улгурган.