Иқтисодиёт | 14:46 / 26.04.2023
31635
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича йиғилишни 1 ҳафтага қолдирди

Марказий банк асосий ставкасини кўриб чиқиш бўйича 2023 йил 27 апрелда белгиланган бошқарув йиғилиши санасини кўчирди. Бу ҳақда МБ хабарида айтилган.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича бошқарув йиғилишини 2023 йил 4 май санасига қолдириш бўйича қарор қабул қилган.

Хабарда айтилишича, бу – жорий макроиқтисодий вазият ва кутилмаларни инобатга олиб прогнозларни янгилаш, ички ва ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришларни кенг қамровли таҳлил қилиш ҳамда зарурий хулосалар шакллантириш қўшимча вақт талаб этаётгани билан боғлиқ.

Маълумот учун, Марказий банк бошқаруви 16 мартдаги йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилганди.

МБ ўшанда иқтисодиётда инфляция даражаси ўзининг юқори нуқтасига чиқиб, пасайиш тенденциясига ўтганлиги кузатила бошлагани, айни пайтда қатъий ташқи молиявий шароитларнинг ички иқтисодий фаолликка салбий таъсири бўйича сигналлар пайдо бўлаётганини билдирганди.

Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини бериши айтилган.

Йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлаши таъкидланган.

Мавзуга оид