Жаҳон | 13:48 / 28.04.2023
8265
2 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши толибларни аёлларга нисбатан камситишни тўхтатишга чақирди

Толиблар аёлларнинг Афғонистон ҳаётида тенг ва оқилона иштирокини таъминлаши керак, дейилади БМТ резолюциясида. Ҳужжат Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари ташаббуси билан бир овоздан қабул қилинди.

Фото: abc

БМТ Хавфсизлик кенгаши бир овоздан қабул қилинган резолюцияда “Толибон” ҳаракатини аёлларга нисбатан душманона сиёсатини тўхтатишга чақирди. 27 апрел, пайшанба куни кечқурун Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан илгари сурилган резолюция лойиҳасини жаҳон ташкилоти Хавфсизлик кенгашига аъзо 15 давлатнинг барчаси қўллаб-қувватлади.

Ҳужжатда таъкидланишича, толиблар аёлларнинг асосий ҳуқуқларини чеклашдан зудлик билан воз кечиши ва Афғонистондаги аёллар ва қизларнинг “мамлакат ҳаётида чекловсиз, тенг, оқилона ва хавфсиз иштирок этишини” таъминлаши керак. БМТ Хавфсизлик кенгаши, шунингдек, афғон аёлларининг БМТ билан ишлашини тақиқлаш ҳақидаги қарорни қоралади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси қонуний кучга эга бўлишига қарамай, экспертлар толиблар ўз сиёсатини ўзгартиришини кутмаяпти.

Апрел ойи бошида жаҳон ташкилоти Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган “Толибон” ҳаракати қарорига кўра, афғон аёллари энди БМТда ишлаш ҳуқуқига эга эмаслигини маълум қилган эди. Аёлларнинг нодавлат ташкилотларда ишлашини тақиқлаш декабр ойидан бошлаб амал қиляпти. Истисно фақат соғлиқни сақлаш, таълим ва озиқ-овқат учун мавжуд эди. Бу тақиқлар жаҳон ҳамжамиятида кескин салбий реакцияларга сабаб бўлди.

Мавзуга оид