Жаҳон | 17:18 / 29.04.2023
32352
8 дақиқада ўқилади

Туганмас уруш: Украинага босқин натижасидан қатъи назар, Кремл стратеглари бошқа давлатларга ҳужум қилишга тайёр

Путинга бўлажак сайловлар йилида Россия ҳудудининг кенгайишига олиб келадиган «ғалабали кичик уруш» жуда зарур эди. Чунки Россияда ғалаба деганда фақат ҳарбий муваффақият ва ҳудудининг кенгайиши тушунилади.

Москвадаги Манеж майдонида Владимир Путин иштирокидаги митинг / Фото: KremlinRussia_E / Twitter / Global Look Press

«Агар Россия бу урушда ғалаба қозонса, у бошқа мамлакатга ҳам ҳужум қилади», – деган эди Полша президенти Анжей Дуда.

Шунга яқин маънодаги фикр қарама-қарши томондан ҳам янгради. РФ Давлат думаси депутати, «Единая Россия» партиясининг марказий сиёсий кенгаши аъзоси ва «Миллий озодлик ҳаракати» (НОД) мувофиқлаштирувчиси Евгений Фёдоров бир неча кун аввал шундай деди:

«Халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан Арманистон СССРни тарк этмаган, демак, совет давлатининг ҳуқуқий вориси сифатида Россия таркибини ҳам. Москва ва Еревен мана шу статус ва важга кўра кейинги муносабатларини қуриши керак».

Гап нима ҳақида бораётгани борасида ҳеч кимда шубҳа қолмаслиги учун «Единая Россия» марказий кенгаши аъзоси қўшимча қилган:

«Арманистон мустақил бўлиши керак, лекин халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан бу баҳсли ҳудуд экани ҳақидаги омил ҳам ҳисобга олиниши керак».

Украина ва Гуржистон мисолида Москва ўзи «баҳсли ҳудуд» деб атовчини мамлакатларнинг бошига не кунларни солиши яхши маълум. Бинобарин, Кремл ўзининг кейинги мўлжали сифатида Арманистонни қараб кўраётганини тахмин қилиш қийин эмас, деб ёзади журналист Александр Желенин. Қуйида унинг мулоҳазалари келтириб ўтилади.

Албатта, Фёдоровнинг сўзларига қўл силтаб қўйиб, эътибор ҳам қилмаслик мумкин, бироқ нақадар ноадекват кўринмасин, барибир у мутлақо тизимнинг одами. Юқорида зикр этилганидек, ҳукмрон «Единая Россия» партияси раҳбарияти таркибига киради. Эски аппаратчи сифатида (йигирма йил Давлат думасида ишлаган, ахир!) Фёдоров ҳеч қачон Россия Федерациясининг алмаштириб бўлмас ҳукмдори Владимир Путиннинг фикрига терс ғоя айта олмайди. Токи у бундай фикрларини оммага чиқаряпти эканми, демак, у доҳийнинг маъқулловидан ўтган ёки унга ёқадиган фикр бўлади.

Анжей Дуданинг айтган фикрнинг барчасига ҳам қўшилиб бўлмайди. Путин бошқа мамлакатларга ҳужум қилиши учун Украинада ғалаба қозониши шарт эмас, ютқазса ҳам уруш қилишда давом этаверади.

Тўғрироғи, мана бундай: Путин Украинани ҳар қандай шароитда енга олмаслиги аниқ-равшан кўриниб қолди. Чунки бунга Украинанинг ўзи ҳам, Ғарб ҳам қўйиб бермайди. Ички аудиторияси учун Путин у ёки бу натижани ғалаба сифатида тақдим этишни истаётгани бошқа гап. Унинг содиқ Пригожини Путин электоратининг охурига ташланиши мумкин бўлган сценарийлардан бирини яқинда оғзидан гуллаб қўйди:

«Идеал вариант – «махсус ҳарбий амалиёт» тугаганини эълон қилиш ва Россия ўз олдига қўйган натижаларга эришди, дея хабар қилиш. Қандайдир маънода, биз чиндан ҳам мақсадларимизга эришдик. Биз Украинанинг кўплаб аскарларини гўштқиймалагичдан ўтказдик, энди ўз олдимизда «махсус ҳарбий амалиёт» вазифалари уддаланди, деб ҳисоб бераверишимиз мумкин».

Лекин гап шундаки, бу натижа Россияда ҳаммани ҳам қониқтирмайди. «Вагнер» ХҲК раҳбари оғзидан янграган ғоя бўйича унинг рақиби Игор Стрелков-Гиркин ғазаб билан фикр билдирди:

«Мен тўғри тушунган бўлсам, Қора Масхарабоз Россиядан Донецк Халқ Республикасининг ярмини, Херсонга доир «оддий бўлмаган қарор» асносида унинг пойтахти ва Запорожье областининг учдан бирини ажратиб олишга чорлаяптими? Қизиқ, кимдир унинг устидан прокуратурага ёзиб берармикан?»

Бир нарсани тўғри тушуниш керакки, Стрелков-Гиркин бу гаплари билан нафақат ўз фикрини, балки «уруш партияси» тарафдорларнинг катта қатлами нуқтайи назарини ҳам баён қилмоқда. Ҳозирча улар, жумладан, собиқ «ДХР мудофаа вазири» ҳам гарчи кўп ҳам ёқтиришмаса ҳам, Путинга содиқлигини тасдиқлаб туришибди. Аммо улар токи Киев дохил Украинанинг ярим ҳудуди оккупация қилинишини назарда тутувчи келишув битими имзоланмас экан, бошқа ҳар қандай келишувни хоинлик натижасидаги мағлубият ўлароқ баҳолайверишади. Бинобарин, Гиркиннинг «уруш партияси» (бу ерда нафақат унинг обуначилари, у каби фикр юритадиганлар ҳам ҳисобга олинмоқда) томонидан ушбу воқеаларга билдириладиган реакция Путин ва унинг атрофидагиларга ёқмаслиги табиий. Аниқроқ айтганда, ҳар қанақасига ёқмайди, жумладан, уларнинг норозилиги қуролли қўзғолон кўринишида ҳам бўй кўрсатиши мумкин.

Шунга қарамасдан, Путин бугун нима қилиб бўлса ҳам урушни якунлаб, Украина билан келишувни имзолаши керак. Ахир бир йилдан камроқ муддат ичида у «президентлик сайловлари»ни ўтказиши керак. Бу тадбирда у ҳукмронлигини яна 6 йилга «легитимлаштириб» олишни режалаштирмоқда. Урушнинг ҳар бир ҳафтаси унинг рейтинги пасайишига, унга нисбатан ишончсизлик ошишига хизмат қилмоқда. Жумладан, бу ҳолга ҳарбий харажатлар кескин ўсгани, Европа бозори қўлдан бой берилгани учун нефт-газ даромадларининг пасайиб кетгани оқибатида Россия бюджетининг шиддат билан қисқариши туфайли иқтисодий вазият ёмонлашгани сабаб бўлмоқда.

Бинобарин, ҳар бир ҳафта Россия ҳукмдорини шахматда цугцванг деб аталувчи – ҳар қандай кейинги юриш ўйинчининг ҳолатини ёмонлаштирувчи вазиятга етакламоқда.

Уруш туфайли сайловларнинг кўчирилиши туфайли ҳам, Иккинчи жаҳон уруши давридан буён Россия учун энг қонли уруш палласида сайлов ўтказилиши ҳам жамоат норозилиги, портлашига олиб келиши мумкин.

Ана шунинг учун Зеленскийни шу пайтгача Россия эгаллашга улгурган ерларни тан олишини шарт қилиб, у билан тинчлик келишувига эришиш тўғрисидаги ахборий «ташланма» нафақат Пригожин, РФ ташқи ишлар вазири, Путиннинг энг асосий «сарлочин»ларидан бири Сергей Лавровнинг оғзидан ҳам янгради. «Россия Украинадаги можаро имкон қадар тезроқ якунланишидан манфаатдор», – деди Россия ТИВ раҳбари 17 апрел куни бразилиялик ҳамкасби Мауро Виейра билан учрашув чоғида.

Шубҳасиз, эртами-кечми бундай келишув албатта имзоланади, лекин Россиянинг шартларида эмас. Украина максимум даражада ерларини қайтариб олади.

Шундан сўнг мамлакат ичида омонатгина бўлиб қолган позицияларини мустаҳкамлаш учун Путинга яна битта, РФ ҳудудининг қандайдир даражада ўсиши билан якунланадиган «кичик ғолибона уруш» керак бўлади. Чунки Путин Россиясида ғалаба фақат мана шу билан ўлчанади.

Душман учун номзод сифатида кичикроқ ва кучсизроқ давлат бўлиши мумкин. Кремл стратеглари нуқтайи назарида бу рол учун идеал номзод – Озарбойжон билан урушда ҳолдан тойган Арманистондир. У, масалан, яқинда КХШТ ҳарбий машқларини ўтказишдан бош тортди, бироқ НАТОнинг Германияда ўтадиган Sabre Junction машқларида иштирок этишга тайёрланмоқда.

Бу ролга Гуржистон ҳам тўғри келади. Мамлакат ҳукумати гарчи Путин Россиясига қарши ўзини жуда мўмин-қобил тутишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, агар Кремлнинг танлови уларга тушса, бу ҳол асло уларни қутқариб қололмайди.

Яна вариантлар бор: Беларус, Қозоғистон. Хуллас, туганмас уруш...

Ўз вақтида немис фюрери ҳақида кимдир тўғри айтган: «Ҳитлер – бу уруш» деб. Бугунги кунда бу формулани Путинга нисбатан қўлласа ҳам бўлади. Токи у ҳокимиятда экан, Россия ўзининг туганмас урушларини давом эттираверади.

Мавзуга оид