Жаҳон | 13:25 / 10.05.2023
6775
2 дақиқада ўқилади

АҚШда давлат қарзи лимитини ошириш бўйича музокаралар тўхтаб қолди

Қўшма Штатлар уч ҳафтадан кейин дефолт хавфига дуч келиши мумкин. Бу нафақат Қўшма Штатларда, балки бутун дунёда чуқур молиявий инқирозга олиб келади.

Фото: AP

АҚШнинг эҳтимолий дефолтига уч ҳафта қолганига қарамай, демократлар ва республикачилар ҳали ҳам давлат қарзи лимитини ошириш бўйича келишувга эриша олишмаяпти. "Сиёсат ва шов-шув кўп ва бу бирмунча вақт давом этади. Лекин масъул шахслар ишга киришишмоқда. Йиғилишнинг барча иштирокчилари дефолт хавфини тушунишди", деди АҚШ президенти Жо Байден навбатдаги музокаралар раундидан сўнг 9 май, сешанба куни кечқурун.

Ўз навбатида, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини айтди. "Мен ҳеч қандай ҳаракатни кўрмадим", деди у Байден билан бир соатлик суҳбатдан сўнг журналистга. Музокараларнинг навбатдаги босқичи 12 майга белгиланган.

Жо Байден Конгрессни конгрессменларнинг ўзлари белгилаган давлат қарзи лимитини ҳеч қандай шартларсиз оширишга чақирмоқда. Шу билан бирга, Маккарти Вакиллар палатаси ўсиб бораётган бюджет тақчиллигини назорат остига олиш учун харажатларни кескин қисқартиришни ўз ичига олмаган келишувни қўллаб-қувватламаслиги ҳақида огоҳлантирди. Республикачилар Конгресснинг қуйи палатасида бироз кўпчиликка эга.

Байден республикачиларни дефолт таҳдидидан восита сифатида фойдаланмасликка чақирмоқда. Шу билан бирга, у конституцияга Конгрессни четлаб ўтиб, давлат қарзи лимитини ошириш имконини берувчи 14-тузатишдан фойдаланиши мумкинлигини истисно этмади. Байденнинг сўзларига кўра, бу ҳуқуқий зиддиятга олиб келади, аммо у ҳали ҳам шундай вариантни кўриб чиқмоқда.

АҚШнинг дефолти мисли кўрилмаган ҳодиса бўлиб, глобал молиявий инқирозни келтириб чиқариши мумкин. АҚШ давлат қарзининг чегараси ҳозирда 31,4 триллион долларни (28,6 триллион евро) ташкил этади. У аллақачон тугаган, шунинг учун Молия вазирлиги ўз ҳисоб-китобларини тўлаш учун капитал захираларини жалб қилишга мажбур.

Мавзуга оид