Пригожин генералларга қарши: «Путин ошпази»нинг очиқча айбловлари нимага олиб келиши мумкин?
Гап жангари олигарх ва унинг аскарлари мавжуд режим учун хавфга айланиб бораётганида эмас. Шунчаки, уруш даврида пропаганда унисига ҳам, бунисига ҳам таъсир ўтказолмай қолади.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ва Россия мудофаа вазирлиги ўртасидаги очиқ тортишувлар давом этмоқда. Бу сафар «Путиннинг ошпази» Россия ҳарбий идорасига хат жўнатгани, унда Бахмут шаҳрида РФ мудофаа вазирлиги бўлинмалари билан боғлиқ муаммолар акс эттирилганини гапириб чиқди, шунингдек, ҳарбий хизматга сафарбар қилинганлардан РФ МВ бўлинмаларида бошқарув рисоладагидек бўлмагани сабабли «Вагнер» ХҲК сафига қўшилиш ҳақида кўплаб мурожаатлар бўлаётганини билдирди.
Кутилганидек, РФ мудофаа вазирлигидаги бекитиқча ишлашга кўникиб қолган жаноблар Пригожинга наинки жавоб қайтаришди, ҳаттоки бу хатни қабул қилишни ҳам ўзларига эп кўришмади. Россия Давлат думасининг мудофаа қўмитаси аъзоси, генерал-лейтенант Виктор Соболев Пригожиннинг «РФ МВ бўлинмаларида бошқарув рисоладагидек бўлмагани сабабли» сафарбар этилганларни «Вагнер» сафига қўшиб олиш таклифидан ниҳоятда ғазабланди: «Хусусий ҳарбий компания — ноқонуний қуролланган гуруҳ, у қаерда рўйхатдан ўтгани ва нималар билан машғуллиги номаълум», деди у.
Боз устига, Соболев сафарбар қилинганларнинг «Вагнер» ХҲКга ўтишни (ўзбошимчалик билан эмас, раҳбариятнинг рухсат билан, албатта) ва «чинакамига жанг қилиш»ни истаётган Россия аскарларига жиноий жавобгарлик билан таҳдид қилди.
«Агар улар ҳарбий қисмга жўнатилган бўлса, ўша ерда туришсин ва олдига қўйилган вазифаларни бажаришсин. Улар фронтда бўла туриб, армиядан кета олишмайди. Ҳарбий қисмини ўзбошимчалик билан тарк этишни тақиқловчи бир қатор қонунлар бор ва бунга жиноий жавобгарлик белгиланган: 10 йилдан 15 йилгача», — деди Думадаги генерал.
Табиийки, Пригожиннинг жавоби ҳам узоқ куттирмади. У дарҳол Соболевни «картон қўнғиз» деб атади ва уни тайёргарлик кўриб, «фронтга даф бўлиш»га чақирди.
Бу даҳанаки жангларнинг барчаси Путиннинг ўзи яратган Пригожин энди унинг учун катта бош оғриқ ва катта муаммога айланганидан гувоҳлик бериб турибди, деб ёзади журналист ва тарихчи Александр Желенин.
Агар Думадаги «картон» генералларнинг, ҳаттоки «ўзлари»га от чоптираётган Пригожин ҳамон фронтда ва ўз ҳарбий компаниясига раҳбарлик қилаётган экан, демак унинг ўзи ҳам, каллакесарлари ҳам Путинга ҳозирча керак эканини билдиради. Лекин Путин учун у муаммолигича қолаверади ва уни биринчи имкониятдаёқ ҳал қилишига шак-шубҳа йўқ. Лекин ҳозир эмас.
Шу кунларда жангари олигарх Пригожин Путинни очиқдан очиқ бўлмаса ҳам, «қоғозга ўраган» ҳолда «бобой» ва «вайсақи» деб атади. «Бобой» эса бундай нарсаларни кечирмайди. Биринчидан, у ўзини ниҳоятда, телбаларча севади, иккинчидан, у «орган»дан чиққан, бир вақтнинг ўзида давлатнинг бюрократик аппарати қисми ва унинг етиб бўлмас чўққиси сифатида — ўта субординациялашган мавжудот.
Бир пайтлар унинг севимли ходими ва дўсти Алексей Кудрин ўша пайтдаги бевосита бошлиғи, бош вазир лавозимини эгаллаб турган Дмитрий Медведев билан баҳслашишга урингани учун молия вазири лавозимидан бўшатилган эди. Кудрин, Путин сиймосидаги «танка»га эга бўлиб, шундай қилишим мумкин деб ўйлагандир, лекин Медведевни қанча масхара қилмасин, Кудринни қанчалик яхши кўрмасин, Кремл ҳукмдори учун субординациянинг бузилиши — оғир гуноҳ саналарди.
Хуллас, Кудриннинг ўшандаги осийлиги Пригожин ҳозир гапираётган ва қилаётган ишлар олдида ҳолва. Оддий шароитда Путин аллақачон ўз «ошпаз»ининг устидан асфалт босиб юборган бўларди. Бироқ, 2022 йилнинг 24 февралидан сўнг Кремл ҳукмдори барча нарсани, жумладан, ўзи учун ҳам шу қадар мураккаблаштириб юбордики, орқаваротдан иш қилиб юрадиган одамлари омма олдида кўрсатаётган «ҳунар»лари учун ҳам тишини тишига қўйиб чидашга мажбур.
Лекин булар маълум бир фурсат етиб келгунча, албатта. Пригожин жуда ҳаддидан ошиб кетди ва Путин учун янада хавфли бўлиб бормоқда. У оммавий чиқишида вагнерчилар танқис ўқ-дориларни фронт олд чизиғидан қочиб кетаётган армия аскарларини отиб ташлаш учун сарфлаётганини айтиб, мудофаа вазири Шойгу ва Россия армияси бош штаби раҳбари Герасимовнинг башарасига туфлагани — ҳали мусибатнинг ярми. Асосий муаммо шундаки, Пригожин тизим учун янада хавфлироқ гапларни гапириб юборишни ўзига эп кўрмоқда.
Бу маънода Пригожин тизим одамидан тизимга қарши одамни фарқловчи қизил чизиқни кўрсатиб қўйиб, танқидларини ўз вақтида тўхтатган Игор Стрелков-Гиркиндан кўра Кремл учун хавфлироқ саналади.
Бу ерда ҳаммаси оддий. Ҳозирги Россиядаги тизим — Путиннинг ўзи. Сен исталган инсонни истаганингча танқид қилишинг мумкин, лекин Путин тахтда бўлишига тарафдор бўлсанг, тизим ичидасан. Ёки аксинча: сен Россияга чексиз муҳаббатингни нечоғлик изҳор этишингдан қатъи назар, Путинга қарши бўлсанг — тизимдан ташқарида ва душмансан.
«Мухолифатчи» ва танқидчи Гиркин буни тушуниб етди. Яқинда у «Путинга қанчалик танқидий муносабатда бўлмай, ҳозир у Россия Федерациясидаги ягона легитим фигура. Ҳозир уни тахтдан ағдариш, унинг касал бўлиши, четлаштирилиши Россия Федерациясининг парчаланишини билдиради», деди. Оралиқ назоратдан ўтди, хуллас…
Гиркиндан фарқли ўлароқ, Пригожин Путинни ва мудофаа вазирлигини танқид қилишда барча чегараларни бузиб ташламоқда.
Биричидан, Кремл «ошпази» «махсус ҳарбий амалиёт»ни шунчаки уруш деб ўтирмасдан, «аҳмоқона уруш» деб атади. Бу сўзлардан бу уруш бемаъни экани, умуман керак бўлмаганини тан олиш учун ярим қадам қолади.
Иккинчидан, вагнерчилар қўмондони Россия аскарларини исёнга чорлади:
«Бу рус аскари атрофда нималар бўлаётганини англаб етиб, бошини кўтарса, аминманки, уни ким ўлишга қўйиб бераётганини аниқлаб олади ва уни фожиага мубтало қилганларнинг кетини фашистларнинг белгисидек қилиб йиртади».
Бошқа бир вазиятда Путин аллақачон Пригожинни ё вагнерчиларнинг бизнеслари жойида бўлган Африкага жўнатиб, ёки жисмонан йўқ қилиб муаммони ҳал қилган бўларди. Лекин айни ҳозир Кремл ҳукмдорига ўз ошпазининг ўн минглаб фанатик ва қонхўр жангарилари керак. Бу ҳолатда Пригожин Путиннинг ўзига ҳам, унинг аъёнлари учун ҳам жуда хавфли. Чунки рус аскари уни асло биров ҳужум қилмаган «Россия учун» эмас, Кремл ҳукмдори панжара ортида эмас, ўлгунича тахтда ўтириши учун биродар халққа қарши қонли жанг қилишга ташлашганини англаб етадиган фурсат тобора яқинлашмоқда.
Интернетда тарқалган бошқа иқрорликларни ҳам эслаш мумкин. Масалан, Украинада «руслар русларга қарши урушаётгани»ни тан олган россиялик зобитнинг сўзларини. Украинлар, табиийки, бу гапга рози бўлмайди, чунки улар ўзларини рус деб ҳисоблашмайди, бироқ бу ерда бошқа нарса муҳим. Кремл пропагандаси иш беришдан тўхтайди ёки Путин режимига қарши ишлай бошлайди — чаён думи билан ўзини чақади.
Одамлар раҳбарият ўйлаганидек аҳмоқ эмас. Булгаковнинг сўзлари билан айтилганда: одамлар одамлардек эди, Путин уларни бузди, лекин соғлом фикр, ҳамдардлик уларнинг миялари ва юракларини қайта ишғол этмоқда.
Уруш — пропаганда билан ўзгартирилган идрокни даволашнинг шафқатсиз, лекин ягона давоси. Ўз вақтида Никита Хрушчёв айтганидек, «нафақат турмуш, тўрт мушт ҳам онгни белгилайди» («не только бытиё, но и битие определяет сознание»). Яъни оддий ҳаётда ўнлаб йиллар талаб қилинадиган нарсаларга, уруш вақтида кўпинча бир-икки йилда эришилади.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
20:12 / 22.11.2024