Зеленскийнинг чиқиши, Россия ва тарафдорларига қарши янги санкциялар. G7 саммитидан асосий гаплар
Украина президенти Японияда бўлиб ўтган G7 саммитида шахсан иштирок этиб, нутқ сўзлади ва Киевга қирувчи самолётлар етказиб беришга чақирди.
19-21 май кунлари Япониянинг Ҳирошима шаҳрида «Катта еттилик» саммити бўлиб ўтди. Унда Россиянинг кенг кўламли босқини бошидан буён илк бор Володимир Зеленский шахсан иштирок этди. Айнан Россия тажовузи (ва у билан курашиш усуллари) тадбирнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. «Медуза» саммитнинг асосий якунларини келтирди.
Володимир Зеленский G7 саммитида шахсан иштирок этди. Японияга Зеленский Саудия Арабистонидан француз ҳукумати самолётида учиб келди, у олдинроқ Араб давлатлари лигаси йиғилишида чиқиш қилганди. У Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён «Катта еттилик»нинг олти учрашувида, фақат онлайн режимда қатнашганди. Бу ташриф — Зеленскийнинг уруш бошидан буён Осиёга амалга оширган илк ташрифи бўлди.
Саммитдаги чиқишида Украина президенти мамлакатга замонавий қирувчи самолётлар етказиб беришга чақирди.
«Уруш даврида Украина «Катта еттилик» йиғилишларида олти бор иштирок этди, аммо фақат онлайн режимда. Ҳозир — шахсан миннатдорчилик билдириш учун қулай вақт. Биз демократия ва халқаро ҳуқуқ билан ҳисоблашишларига эришдик. Дунёда биз қадрлайдиган нарсаларни эътиборсиз қолдиришга уринишлар бўлди. Ҳозир эса бу имконсиз. Ҳозир бизнинг кучимиз ўсмоқда. Биз сиз билан қанча кўп ҳамкорлик қилсак, бошқа кимдир Россиянинг телбавор йўлидан бориши эҳтимоли шунчалик камаяди.
Кўп йиллар мобайнида биз Россия исталган мамлакатга гўёки қайтариб бўлмайдиган гипертовушли ракеталар билан, ҳеч қандай жазодан қўрқмаган ҳолда ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида эшитиб келдик. Энди бу гапларга якун ясалди. Буни украинлар қўлидаги Patriot тизимлари кўрсатиб берди. Биз сиз билан биргаликда исботладик: гап душманда қанча ракета борлигида эмас, балки бизда қанча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими мавжуд бўлишида экан. Аммо ердаги тизимларга ҳаводаги замонавий самолётларни қўшиш керак. Бизнинг учувчиларимиз F-16 билан танишганда ва бу машиналар осмонимизда пайдо бўлганида — бу Европа ва дунё хавфсизлиги учун тарихий лаҳза бўлади», — деди Зеленский.
Шунингдек, у «еттилик» етакчилари ва G7 таркибига кирмайдиган саккиз мамлакат раҳбарлари билан учрашди, улар орасида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл бор.
АҚШ президенти Жо Байден билан учрашувдан сўнг Украинага ҳарбий ёрдамнинг янги пакети эълон қилинди — жами 375 миллион долларлик. Бундан ташқари, CNN ва Associated Press (AP) агентликлари манбалари хабар беришича, саммитнинг биринчи кунида Байден G7 етакчиларига Вашингтон иттифоқчиларнинг украин учувчиларини Американинг F-16 самолётларида ўқитиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтган. Украинага қачон ва қанча самолёт тақдим этилиши бўйича қарор яқин ойлар ичида эълон қилиниши кутилмоқда. АҚШ «қирувчилар коалицияси»ни қўллаши ҳақидаги маълумотни кейинроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам журналистларга тасдиқлади. «Зеленский мени қатъиян ишонтирдики, улар ундан [F-16 қирувчисидан] Россиянинг географик ҳудудларига кириш ва ичкарилаш учун фойдаланмайди, аммо, Россия қўшинлари Украина ҳудудида бўлганида улар бу ишни қилиши мумкин», — деган Байденнинг ўзи журналистларга.
Володимир Зеленский «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин ва Россия ҳукуматининг Бахмут тўлиқ эгаллангани тўғрисидаги баёнотлари юзасидан ҳам изоҳ берди. Журналистнинг унга бу борада берган саволи шундай янгради: «Мистер президент, Бахмут Киев назоратида қолмоқдами? Россияликлар Бахмутни эгаллашганини айтишмоқда». Зеленский шундай жавоб қайтарди: «Мен ўйлайманки, йўқ… Аммо сиз у ерда ҳеч нарса йўқлигини тушунишингиз керак. Улар [россияликлар] барчасини вайрон қилишди. <…> Бугунги кунда Бахмут фақат қалбимизда». Кўп ўтмай Украина президенти матбуот хизмати Зеленский саволнинг фақат иккинчи қисмига жавоб қайтаргани ва шаҳар эгалланганини рад этганини билдирди. Шунингдек, Ҳирошимадаги матбуот анжумани чоғида Зеленский бу мавзуда яна бир бор тўхталиб, «Бахмут бугунги кунда Россия Федерацияси томонидан эгалланмагани» ва «бунинг икки ёки уч талқини бўлиши мумкин эмаслиги»ни айтди.
«Катта еттилик» Украинани «қанча керак бўлса, шунча вақт давомида» қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади ва Россияга қарши янги санкцияларни қабул қилди. Амалдаги санкциялар каби, улар ҳам биринчи навбатда «Россия тажовузи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга» соҳаларга ва мамлакат иқтисодиётига (масалан, Россиянинг олмос экспортини чеклаш) тааллуқли бўлади. Шунингдек, уларга амал қилинишини назорат қилишга қаратилган. G7 аъзолари учинчи давлатлар томонидан Россияга қурол етказиб берилиши ва Россия агрессиясини молиялаштиришга қарши курашни кучайтириш ниятида. Санкциялардан мақсад — «Россия ҳарбий машинасини оч қолдириб тинкасини қуритиш». Шунингдек АҚШ Давлат департаменти 200 та ташкилот, жисмоний шахслар, кемалар ва самолётларга нисбатан чекловлар киритилишини маълум қилди. Санкцияларнинг янги пакети болаларнинг Украинадан Россияга ноқонуний депортация қилиниши учун жавобгар шахсларни ҳам қамраб олади.
Саммит иштирокчилари Хитойни Россияга «ҳарбий тажовузни тўхтатиш ва қўшимча шартларсиз зудлик билан Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши» учун «босим кўрсатиш»га чақирди. Эрондан эса улар Россияга дронлар етказиб беришдан бош тортишини кутмоқда. Бу ҳақда 20 май куни қабул қилинган саммитнинг якуний коммюникесида ҳам айтилган. РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг айтишича, саммит қарорлари мамлакатларни «икки томонлама чеклашга қаратилган». Қабул қилинган коммюнике Хитой томонидан ҳам танқид қилинди. «Биз „Катта еттилик“ аъзоларини замон тенденциялари билан ҳамқадам бўлишга, ўз уйларидаги турли муаммоларни ҳал қилишга эътибор қаратишга, эксклюзив блокларга бирлашиш, бошқа мамлакатларни тийиш ва уларга зарба беришни бас қилишга <…> ва тўғри мулоқот ва ҳамкорлик йўлига қайтишга чақирамиз», — дейилган Хитой ТИВ расмийси баёнотида.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024