Жаҳон | 12:08 / 23.05.2023
9429
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Киевга маблағ ажратиш масаласини муҳокама қилишни кейинга қолдирмоқда

Америка конгрессменлари АҚШ давлат қарзи чегарасининг ошиши билан боғлиқ ноаниқ вазият, шунингдек, Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми истиқболлари ноаниқлиги сабабли Киевга ҳарбий ёрдам учун маблағ ажратиш масаласини муҳокама қилишни кейинга қолдирмоқда. Бу ҳақда қонун чиқарувчиларга таяниб, The Hill нашри ёзмоқда.

Фото: AP

Қўшма Штатлар 1 ҳафтадан кейин дефолт хавфига дуч келиши мумкин. Бу нафақат Қўшма Штатларда, балки бутун дунёда чуқур молиявий инқирозга олиб келади.

АҚШнинг эҳтимолий дефолтига 1 ҳафта қолганига қарамай, демократлар ва республикачилар ҳали ҳам давлат қарзи лимитини ошириш бўйича келишувга эриша олишмаяпти. 

Жо Байден Конгрессни конгрессменларнинг ўзлари белгилаган давлат қарзи лимитини ҳеч қандай шартларсиз оширишга чақирмоқда. Шу билан бирга, Вакиллар палатаси ўсиб бораётган бюджет тақчиллигини назорат остига олиш учун харажатларни кескин қисқартиришни ўз ичига олмаган келишувни қўллаб-қувватламаслиги мумкин. Республикачилар Конгресснинг қуйи палатасида бироз кўпчиликка эга.

Байден республикачиларни дефолт таҳдидидан восита сифатида фойдаланмасликка чақирмоқда. Шу билан бирга, у конституцияга Конгрессни четлаб ўтиб, давлат қарзи лимитини ошириш имконини берувчи 14-тузатишдан фойдаланиши мумкинлигини истисно этмади. Байденнинг сўзларига кўра, бу ҳуқуқий зиддиятга олиб келади, аммо у ҳали ҳам шундай вариантни кўриб чиқмоқда.

АҚШнинг дефолти мисли кўрилмаган ҳодиса бўлиб, глобал молиявий инқирозни келтириб чиқариши мумкин. АҚШ давлат қарзининг чегараси ҳозирда 31,4 триллион долларни (28,6 триллион евро) ташкил этади. У аллақачон тугаган, шунинг учун Молия вазирлиги ўз ҳисоб-китобларини тўлаш учун капитал захираларини жалб қилишга мажбур.

Бундан олдин АҚШ президенти Жо Байден 21 май куни Украина етакчиси Володимир Зеленский билан учрашувда Украинага 375 миллион долларлик янги қурол-яроғ етказиб берилишини эълон қилганди. Тўпламга “ўқ-дорилар, артиллерия ва зирҳли техникалар” киради, деди Байден Хирошимадаги G7 саммити чоғида.

Пентагон веб-сайтида хабар қилинишича, янги етказиб беришга HIMARS (High Mobility Artillery Rocket System) ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар, 155 мм ва 105 мм артиллерия снарядлари, TOW танкка қарши ракета тизимлари учун ўқ-дорилар, Javelin ва AT-4 кўчма ракета комплекслари, зирҳли тиббий машиналар, кўприк тизимлари, оғир техникани олиб ўтиш юк машиналари, тепловизорлар, эҳтиёт қисмлари ва дала ускуналари киради.

Қурол-яроғ Украинага АҚШ Мудофаа вазирлигининг ўз захираларидан ўтказилади. "Қўшма Штатлар иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан Украинага жанг майдонидаги эҳтиёжларини ҳамда хавфсизлик бўйича узоқ муддатли эҳтиёжларини қондириш учун ишлашда давом этади", дея таъкидлаб ўтди АҚШ мудофаа идораси.

Мавзуга оид