Ўзбекистон | 10:26 / 24.05.2023
6253
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: “хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашда ҳали кўп ишлар қилишимиз керак”

Тошкентда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда гендер тенглик масаласида халқаро конференция ўтказилди.

Фото: Senat.uz

Конференция Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган. Унда халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлардан ҳам соҳа мутахассислари, экспертлар иштирок этган.

Тадбирда Сенат раиси гендер сиёсати жамият ва давлат тараққиётининг таянч омилига айланганини таъкидлаган.

Қонун ҳужжатларининг мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертизасини жорий этиш ва гендер аудити институтини ташкил этиш гендер тенгликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Бундан ташқари, гендер дискриминациясининг олдини олиш, гендер стереотипларига қарши курашиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Бироқ эришилган муваффақиятлар билан бир қаторда хотин-қизларнинг меҳнат, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш ва касбий маҳоратини ошириш борасида ҳали кўп ишлар қилишимиз керак”, – дея қайд этган Сенат раиси.

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида банд бўлган аҳоли ўртасида хотин-қизлар улуши 77 фоизни, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 46 фоизни ташкил этмоқда, 2 минг нафарга яқин хотин-қизлар давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.

Хотин-қизларнинг таълим олишлари учун имкониятларнинг кенгайтирилиши натижасида олий таълим муассасаларида таълим олаётган хотин-қизлар сони 6 баробарга кўпайган. Хусусан, бакалавр йўналишида ўқиётган хотин-қизлар улуши 38 фоиздан 49 фоизга, магистратура босқичида ўқиётганлар эса 37 фоиздан 50 фоизга ортганлиги қайд этилган.

Халқаро экспертлар томонидан мамлакатда меҳнат муносабатлари тизими тубдан ислоҳ қилинганлиги ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, муносиб меҳнат принциплари доирасида аҳолининг бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги юқори баҳоланган.

Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси директори Ольга Кулаева, қатор халқаро ташкилотларнинг мутахассислари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари маъруза билан иштирок этишган. Тадбир якунлари бўйича халқаро конференция иштирокчиларининг гендер тенгликни таъминлаш, муносиб меҳнат принципларини кенг татбиқ этиш бўйича тавсиялари ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид