Жаҳон | 19:08 / 28.05.2023
28412
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украин кучлари нега Белгород областига ҳужум қилди? Бахмут атрофида нима гап?

LAUREL CHOR/SOPA IMAGES/GETTY IMAG

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний 27 май куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «Ўзимизникини қайтариш вақти келди» сўзлари билан пост қолдирди. Катта эҳтимол билан, бу сўзлар украин армияси анчадан буён ваъда қилинаётган қарши ҳужумни бошлашга тайёрлигини кўрсатади.

Айни вақтда бу амалиёт учун махсус шакллантирилган 20 га яқин бригада олдинги чизиқда шай ҳолатда турганини кўрсатувчи ҳеч қандай маълумот йўқ. Украина қуролли кучларининг сўнгги кунлардаги ҳаракатларини ҳужумга тайёргарлик тадбирлари сифатида қабул қилиш мумкин. Бундай амалиётлардан бири украин разведкасига алоқадор бўлган рус националистлари гуруҳлари Белгород областига бостириб кириши бўлди. Шунга ўхшаш бошқа бир амалиёт Россия томони 20 май куни эгаллаб олинганини эълон қилган Бахмут шаҳри атрофида олиб борилмоқда.

Бахмут

  • «Вагнер» ХҲК 20 май куни шаҳарнинг жануби-ғарбий чиқиш қисмидаги кўп қаватли уйлардан иборат квартални — аҳоли томонидан Самолёт райони ёки Бугор (русчадан таржимада дўнглик) — эгаллаб олганидан кейин, украин қўшини чекинди ва шаҳар чеккасига ўрнашди. Бугорнинг ўзида нималар бўлаётгани охиригача аён эмас: шаҳарнинг жануби-ғарбий чеккасидаги (кўп қаватли уйлардан 300 метр масофада) „Экопродукт“ озиқ-овқат корхонаси биноси Россия кучлари назоратига ўтганини тасдиқловчи факт барибир пайдо бўлмади. Россияликларнинг бу ҳудуддан тарқатган барча видеоларида вагнерчилар ушбу бинодан бир неча юз метр масофада ҳаракатланиши акс этган.
  • Бахмутнинг жанубий ва ғарбий чеккаларида Украина қуролли кучлари позициялари шаҳардаги биринчи уйлардан бир неча юз метр масофада жойлашган. Россия кучлари фронт чизиғини Бахмутдан узоқлаштиришга ҳаракат қиладими, йўқми, буниси тушунарсиз: украин позицияларида олинган видеоларда ўқотар қуроллар ишга тушгани эшитилади, шунингдек украин артиллерияси шаҳар бўйлаб зарба беришда давом этаётгани кўринади.
  • Бахмут фронтида қанотлардан ҳужум қилиш амалиёти сўнгги кунларда тўхтаб қолди — Украина қўмондонлиги бу амалиётни «Бахмутни қуршаб олиш бўйича амалиёт» сифатида тақдим этишга уринганди. Украина мудофаа вазири ўринбосари бу йўналишдаги ҳужумлар тўхтаб қолишини эътиборни бошқа вазифаларни бажаришга қаратиш билан изоҳлаган. РФ қуролли кучлари бу ерга қўшимча захиралар олиб келтирган, украин гуруҳининг мавжуд таркиби эса рақибни шаҳар шимоли ва жанубидаги тепаликлардан суриб чиқариш учун етарли даражада кучли эмас. Ҳозирча Украина қуролли кучлари артиллериядан ўт очишни фаоллаштирмоқда ва РФ қуролли кучларининг Бахмут йўналишидаги фронт орти позицияларига камикадзе дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ҳужумларни давом эттириш — агар украин қўмондонлиги уни зарур деб топса — янги кучларни, жумладан, ғарб танклари ва зирҳли машиналари билан тўлдирилган 20 бригададан ҳам бўлинмаларни жалб этишни талаб этади.
  • «Вагнер» ХҲК Бахмутни тўлиқ тарк этиши аниқ эмас. Компания эгаси Евгений Пригожин кучларни олиб чиқиш бошланганини эълон қилган, аммо ҳозирча шаҳарнинг ғарбий чеккаларида айнан унинг ёлланма жангчилари мудофааланмоқда. Агар кучларни олиб чиқиш чиндан ҳам, Пригожин анонс қилганидек 1 июн куни якунланса, Россия мудофаа вазирлиги шаҳарга қўшимча захираларни йўналтириши талаб этилади. Агар бундай захиралар яхши тайёргарликка эга бўлмаган бўлинмалардан иборат бўлса, бу йўналишдаги вазият, Украина ҚК янги кучларни ҳаракатга келтирмаган тақдирда ҳам РФ қуролли кучлари учун ёмонлашиши мумкин.

Белгород области

22 май тонгида Белгород области ҳудудига Украинадан, чегарадаги «Грайворон» назорат-ўтказиш пункти орқали қуролланган шахслар ўтиб келди, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида улар ўзларини Россиянинг «қуролланган мухолифати»га мансуб бўлган икки отряд сифатида тақдим этишди — Россия кўнгиллилар корпуси (РКК) ва «Россияга озодлик» легиони. Чиндан ҳам, видеоларда кўриш мумкинки, ҳужум қилганлар орасида аввал РКК сафида бўлган, март ва апрел ойларида кичик гуруҳлар билан Брянск областига ҳам рейдлар уюштирган ултраўнглар бор эди.

Бу сафар катта гуруҳ бўлиб чегарадан ўтилган: украин каналларида техникалар чегарадаги назорат-ўтказиш пунктига киргани акс этган икки турли эпизод намойиш этилди (биринчиси штурм, иккинчиси — катта эҳтимол билан, қўшимча куч сифатида). Қуролланган гуруҳларда Америка томонидан етказиб берилган International MaxxPro русумли зирҳли машиналар ҳам бор эди, бу эса бу гуруҳларнинг Украина қуролли кучларига тўғридан тўғри алоқадорлигини кўрсатади. Назорат-ўтказиш пунктига ҳужумни мувофиқлаштириб турган дрон оператори ҳам украин тилида гапирган. Аммо видеоларда украин ҳарбий хизматчилари кўзга ташланмаган. 

Ҳужумга ўнга яқин зирҳланган машиналар жалб этилган (биринчи гуруҳда — камида битта танк бўлган). Зирҳли машиналарнинг одам сиғдириш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда хулоса қилиш мумкинки, Россия ҳудудига битта рота (100 нафар) шахсий таркибига тенг гуруҳ кирган. Улар Украина ҳудудидан туриб артиллерия билан фаол қўллаб-қувватлаб турилган. Кейин уларнинг қанчаси илгарилашда давом этиб, Грайворонгача боргани, қанчаси чегара ҳудудида қолгани — номаълум.

Ҳужумни қайтариш учун тахминан бир кун вақт кетди. Бир қарашда ҳужум муваффақият чиқди деб ҳисоблаш мумкин: гуруҳ чегарадан кўпи билан саккиз километр ичкарилай олди, чекиниш вақтида эса бир талай техникаларидан айрилди (РФ қуролли кучларининг ҳужумни қайтаришда қўлланган техникаларидан кўпроқ). Томонларнинг техника бўйича йўқотишлари мана бу ҳаволада видео орқали тасдиқланган.

Аммо чегара ортидаги рейдлар, афтидан, ҳарбий объектлар ёки йирик аҳоли яшаш манзилларини эгаллаб олишни мақсад қилмаганди. Икки мамлакат бўйлаб ўтган фронт линияси кўп ойлардан буён пассивлигича қолаётганди. Россия қўшинлари 2022 йил март ойи охирида Черниҳив ва Суми областларидан чегара ортига олиб кетганида, сентябр ойида эса — Харкив области шимолидан кетганида, уларнинг қўмондонлиги Украина қуролли кучлари чегарани кесиб ўтмаслигига асосланиб, ҳақли қарор қабул қилганди. Биринчидан, бу стратегик маънога эга эмасди: Киевнинг мақсади бегона ҳудудларни эгаллаш эмас, ўз ҳудудларини қайтариб олиш ҳисобланади. Шимолий йўналиш — Украина армияси озод этиши керак бўлган ҳудудларга тескари томонда жойлашган. Бундан ташқари, Украинани қўллаётган халқаро коалиция ҳарбий ҳаракатлар Россия ҳудудига кўчиши орқали юзага келадиган эскалацияни истамайди. Буни тушунган ҳолда, РФ қуролли кучлари чегарадаги деярли барча қўшинларни Донбасс ва Запорижжя областларига кўчириб ўтказади.

Аммо бундай ғоянинг ўз минуслари ҳам мавжуд: Украина қуролли кучлари чегарани кенг миқёсда кесиб ўтиши кутилмаса ҳам, чегаранинг ўзи рейдлар, жумладан йирик отрядлар қаршисида ожиз қолади. Агар разведка ҳужумни тайёргарлик босқичидаёқ фош этмаса, юзлаб километр узунликдаги туташув чизиғини қолдирилган кучлар тўлиқ ҳимоя қила олмайди. Рақиб ташаббусга эга бўлади ва ҳужум учун жойни танлаши мумкин бўлади: масалан, март ойида Брянск областида амалга оширилган биринчи ҳужум жойи билан Белгороддаги чегарадан ўтилган жой ўртасидаги масофа — 300 километрни ташкил этади. 

Ишончли чегара мудофааси ўн минглаб ҳарбий хизматчиларни жойлаштиришни талаб этади, бу эса Украинада жанг қилаётган гуруҳни заифлаштиради. Катта эҳтимол билан, РФ ҚК қўмондонлиги мобил мудофаа вариантини танлайди — Брянск, Курск ва Белгород областларида кичик гуруҳлар ҳужумга тайёр туради, ҳужум бошланганида тегишли йўналишларга захира кучлар йўлланади. 

22 май куни кечқурунга келиб Россия қўмондонлиги диверсия амалга оширилган ҳудудга йирик кучларни олиб келди, авиация ва узоқ масофага отувчи артиллерияни ҳаракатга туширди, шундан кейин ҳужум қилганлар Украина ҳудудига қайтиб кетишди. Аммо жамоатчиликнинг катта қисми, хусусан, урушни қўлловчи қатлам (ҳарбий мавзуга ихтисослашган телеграм-каналлардаги реакцияларга кўра), бу воқеани ўта салбий қабул қилган ва чегаралар мудофаасини кучайтиришни талаб қила бошлади. 

Шу тариқа, бундай ҳужумлар эффекти ташқивотга хизмат қилиши билан бирга, стратегик аҳамият касб этиши ҳам мумкин: агар Украина РФ қуролли кучларини чегарани қўшинлар билан мустаҳкамлашга мажбур қила олса — бу армияни бошқа фронтларда заифлаштиради. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари бу каби акцияларга арзимас даражада ресурс сарфлайди (эҳтимолий фойда билан таққослаганда).

Мавзуга оид