Ўзбекистон | 19:51 / 29.05.2023
65556
3 дақиқада ўқилади

Чилонзор туман ИИБда тергов қилинаётган 21 ёшли йигит вафот этди

Терговчилар “у қочиш мақсадида ИИБ биноси 4-қаватидаги ҳожатхона деразасидан ўзини ташлагани ва оёғи сингани”ни айтган. Марҳумнинг яқинлари бу изоҳга шубҳа билдиряпти.

Фото: Kun.uz

Бир ҳафтача олдин Тошкентда ИИБ ходимлари сурхондарёлик 21 ёшли йигитни гиёҳванд модда истеъмол қилишда гумон қилиб қўлга олган. Яқинларининг Kun.uz'га маълум қилишича, қўлга олинган Ҳафизуллоҳ Турғунбоев Чилонзор туман ички ишлар бўлимида тергов қилинган.

“Бир ҳафтача олдин ИИБ ходимлари қўнғироқ қилиб, Ҳафизуллоҳ қўлга олиниб, Чилонзор тумани ички ишлар бўлимига олиб келинганини маълум қилди. Терговчининг айтишича, у сўроқ пайтида ҳожатхонага чиқиб келишни сўраган ва қочмоқчи бўлиб, 4-қаватда жойлашган ҳожатхонанинг ойнасидан ўзини ташлаб юборган. Натижада унинг оёғи синган ва Учтепа тумани тез-тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган”, деди марҳумнинг яқини.

Мурожаатчининг айтишича, Турғунбоевнинг оилавий шароити яхши бўлмаган ва у бир неча йил давомида уйдан узоқда – Тошкентда яшаб, яқинлари билан деярли алоқа қилмаган. Шу сабабли, қўлга олинганидан кейин олдига келадиганлар ҳам топилмаган. Чилонзор туман ИИБ терговчиси бугун, 29 май куни йигитнинг яқинларига телефон қилиб, унинг вафот этганини айтган.

“Терговчи эрталаб Ҳафизуллоҳнинг Сурхондарёдаги яқинларига телефон қилган. “4-қаватдан тушиб кетгач, 5-6 кун давомида комада ётди, бугун эрталаб, ўзига келмасдан вафот этди”, деди. Шундан кейин эрталаб Чилонзор туман ИИБга бордим, у ердагилар Учтепа туман тез ёрдам бўлимига боришни айтди.

Шифохонада мен билан гаплашган аёлнинг айтишича, Ҳафизуллоҳ танасининг бирорта ҳам қисми – на оёғи ва на қовурғаси синган бўлган, балки фақатгина юзи ва бош қисмида жароҳат излари бўлган. Наҳотки 4-қаватдан тушиб кетган инсонни ҳаттоки қўли ҳам синмаса. Бундан ташқари, ИИБ ходимлари унинг оёғи синганини айтганди.

Ҳафизуллоҳнинг гавдаси ҳам каттагина эди, у қандай қилиб ҳожатхона ойнасидан сиғиб кетиши мумкинлигига ҳам ҳайронман. Боз устига ҳожатхона ички ишлар биносида бўлса. Шифокорлардан қандайдир шубҳангиз борми, десам, фикримни фақат судда айтаман, дейишди”, дейди марҳумнинг яқини.

Унинг сўзларига кўра, марҳумнинг саломатлигида (бош мияси билан боғлиқ) муаммоси бўлган.

Kun.uz билан гаплашган Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати вакили бу иш айни вақтда прокуратура томонидан ўрганилаётганини ва бошқа изоҳ беролмаслигини билдирди.

Чилонзор туман ИИБ биносида жойлашган ҳожатхона ойнасини кўриш ҳақида сўровга жавобан, бу тергов сири экани, агар прокуратура рухсат берса, кўриш мумкинлиги айтилди.

Тошкент шаҳар прокуратураси матбуот хизмати раҳбари бу масаладан хабари йўқлигини, вазиятни ўрганиб, хабар беришини маълум қилди.

Мавзуга оид