Бахмутдан ўз аскарларини олиб чиқиб кетишини айтган «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин Россия медиа оламида фавқулодда фаоллашиб қолди. У май ойи тугаши арафасида Екатеринбург, Владивосток ва Новосибирскда матбуот анжумани ўтказди. Бундай анжуманлардан яна биттаси Нижний Новгородда ўтиши кутилмоқда.

Бу анжуманлар давомида Пригожин «Вагнер. Иккинчи фронт» номли аллақандай лойиҳани тарғиб қилган. Бу ердаги фронт сўзи нимани англатиши тушунарсиз. Бу лойиҳа бир қарашда гўёки ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тайёрлашга қаратилган бўлса, бир қарашда Украинадаги урушда Россия мудофаа вазирлиги муваффақият деб келтираётган нарсалардан бошқа ҳақиқатларни айтишга қаратилгандек кўринади.

«Вагнер» асосчиси журналистларга аввалги видеоларида айтган гапларини такрорлаб юрибди: уруш узоқ бўлади, режали иқтисодиётга ўтиш керак, ўлим жазосини қайтариш керак, тезда умуммиллий сафарбарлик эълон қилиш шарт ва ҳоказо. Ўз навбатида, Пригожин бу фаоллигини сиёсий фаолиятини бошлаши билан боғламаслик кераклигини сўраган. Унинг айтишича, сиёсий партия очиш ёки Россия президентлигига ўз номзодини илгари суришни мақсад қилмаган.

Москвага дронлар ҳужуми ҳақида

Белгород ва Курск ўққа тутилишига кўникиш керак эмас. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг биринчи қавати Украина ва Россия чегарасида бўлиши, дронларга қарши ўша ердан туриб курашиш керак. Иккинчи қават Москва вилояти чегарасида, учинчи қават эса Москва атрофида бўлиши лозим. Кейинги босқичда бутун Москва дронларни аниқловчи ва ишдан чиқарувчи тизимлар билан жиҳозланиши керак.

Оддий москваликлар сабрли бўлиши, саросимага тушмаслиги керак. Улар ҳукуматдан ўзларини белгиланган тартиб асосида ҳимоя қилишини сўраши даркор. Кимнингдир уйига дрон тушса, расмини қўйиб кескин фикрлар билдириши керакки, ҳукумат жавоб беришга мажбур бўлсин. Улар ўзларини «учта ҳарфга юборадиган» ва ёмон сўзлар билан аташадиган атмосферада яшай олишмайди.

Бахмутнинг олиниши ҳақида

Тўғрисини айтаман, менинг йигитларим Бахмутни олар экан, улар ўзларини жуда кўпчилик деб ўйлашган. Аслида эса озчилик эди. Уларнинг ҳаммаси орқадан захира кучлари келади деб ўйлашган.

«Вагнер»га маҳбусларни танлаб олиш ҳақида

Маҳбусларни «рашк қилиб» бизга бермай қўйишди. Улар яхши жанг қилишди. 12 минг кишилик гуруҳлар 50 минггача етди. Россия армияси эса бундай ҳолатга тайёр эмаскан. Ўшанда мен «махсус ҳарбий амалиёт»нинг бирламчи вазифаси – Донбассни озод қилиб, фронтда ишончли вазият яратиш учун 200 минг одам кераклигини айтгандим.