Ўзбекистон | 14:40 / 01.06.2023
8303
4 дақиқада ўқилади

Табиатни муҳофаза қилишда Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига ваколатлар берилмоқда

Эндиликда Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари мансабдор шахслари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги баъзи ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколатига эга бўлади.

Фото: Senat.uz

Сенаторлар томонидан “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Қонун билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар ва Миллий гвардия органларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти.

Экология ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги тўғрисидаги ҳолатларни кўриб чиқиш ҳамда уларни содир этганлиги учун маъмурий жазо чораларини қўллаш ваколатига фақат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат санитария назорати, давлат ўрмон хўжалиги органлари эга эди. Бу эса маъмурий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлашда муайян қийинчиликларни юзага келтираётганди. Эндиликда ушбу ваколат Ички ишлар органлари ходимлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига ҳам бериляпти.

Амалдаги тартибга кўра, эпидемияларга қарши курашиш, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштиришда патруль-пост хизмати ходимлари учун муайян қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди.

Хусусан, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган фуқаро шахсини аниқлаш ва воқеа тафсилотларини расмийлаштириш учун патруллик йўналишидаги ҳудудларни номаълум муддатга кетишга, ҳуқуқбузар фуқарони мажбурий тартибда ички ишлар органига келтиришга ҳамда профилактика инспекторларига топширишга тўғри келаётганди.

Эндиликда юқоридаги ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, патруль-пост хизмати бўлинмаларининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузишга ҳақли бўлади.

Шу билан бирга Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари мансабдор шахсларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги баъзи ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилмоқда.   

Экология, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилди. Бироқ жавобгарликни сўзсиз таъминлаш учун аниқ механизмларни ҳам белгилаб бериш зарур.

Зеро, айбдор шахсларга нисбатан ўз вақтида жавобгарлик чораларининг қатъий қўлланмаслиги уларда қонун талабларига беписандликни ва қонунчиликда белгиланган “жавобгарликнинг муқаррарлиги” принципи бузилишини ҳам келтириб чиқаради. Қонун билан айнан шу муаммолар ҳал этилмоқда.

Шу билан бирга, қонуннинг кучга кириши Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларидан ҳам алоҳида масъулият талаб этади. Зеро, бу соҳада маъмурий ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва мутаносиб жавобгарликни белгилаш - янги йўналиш. Бунда ҳам соҳага оид билимларни ошириш, ҳам бу турдаги ҳуқуқбузар шахслар билан ишлаш кўникмасини ривожлантириш керак бўлади”, дея таъкидлаган Сенат раиси қонун муҳокамасида.

Қонуннинг қабул қилиниши табиий ресурсларни, яъни сув объектларига оқова сувларни оқизиш, ерусти сувларини, атмосфера ҳавосини ҳамда атроф-муҳитни чиқиндилар билан ифлослантириш ҳолатларини келтириб чиқарувчи объект ёки субъектларга нисбатан тезкор чоралар кўрилишини таъминлашга хизмат қилиши ҳам қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид