«Жанг орқали разведка қилиш босқичи»: Украина жанубидаги қарши ҳужум ҳақида нималар маълум?
Украинанинг Запорижжя области жанубида украин қўшинлари сезиларли равишда фаоллашиб қолди, улар қарши ҳужумга ўтган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Киев ҳозирча расман буни тасдиқлагани йўқ. BBC мухбири Пол Адамс вазиятни таҳлил қилди.
Узоқ кутилаётган қарши ҳужум бошландими?
Россия президенти Владимир Путин айнан шундай деб ҳисоблайди. «Биз мутлақо аниқ қилиб таъкидлашимиз мумкинки, бу қарши ҳужумнинг ўзгинаси», деган у жума куни Telegram-каналларда тарқатилган видеода.
Қандайдир маънода қарши ҳужум аломатлари кўзга ташланаётганига бир неча ҳафта бўлган — Украина русларнинг фронт чизиғидан ортда жойлашган моддий-техника таъминоти объектларига артиллерия ва ракета зарбалари бериб, тайёргарлик операцияларни ўтказмоқда.
Душанба куни жиддий ўзгаришлар рўй бериши ваъда қилинаётганди: Украинанинг енгил зирҳланган кичикроқ отрядлари очиқ далалар бўйлаб, Запорижжядан жанубий шарқ томондаги Россия ҳарбийлари истеҳкомлари сари ҳаракат қилди.
«Ҳозир бутун фронт бўйлаб жанг билан разведка қилиш деб аталувчи босқич кетмоқда. Бундан кўзланган мақсади Россия мудофаа чизиғини аниқлаштириб олиш», – деган BBC’га ҳарбий эксперт, Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази раиси Сергей Кузан.
Ижтимоий тармоқларда жойланган видеоларга кўра, айрим шарҳловчилар украинлар тезда муаммоларга дучор бўлганини тахмин қилишмоқда.
«Қаердадир бу ишни кичикроқ йўқотишлар билан муваффақиятли амалга оширишмоқда, руслар қаттиқ қаршилик кўрсатаётган қаерлардадир муваффақиятсиз», – деган Кузан.
У конкрет аҳоли пунктларини номини айтишни рад эди ва воқеаларнинг барчаси Запорижжядан жанубда рўй бераётганини айтди, холос.
Сешанба кундан бошлаб бутун жаҳоннинг нигоҳи Нова Каховкада вайрон этилган тўғон ва Днипро дарёсининг ҳар икки соҳилида қарийб 600 километр квадрат майдонни қамраб олган сув тошқинига қаратилди.
Гарчи Кремл тўғоннинг вайрон бўлишига ўзининг алоқаси борлигини тўлиқ рад этаётган бўлса-да, бу асло тасодифга ўхшамаяпти. Тўғон ва у узра ўтган йўл Россия қўшинларининг жойлашувини беқарорлаштириш йўлларини қидираётган Украина армиясининг эҳтимолли ҳужум йўналиши бўлиши мумкин эди.
Тўғонни назорат қилиб турган Россия кучлари уни портлатиб, Киевнинг ҳарбий операцияларидан бирини кун тартибидан олиб ташлашга қарор қилган бўлиши мумкин.
Киев аввал ҳам фронтнинг бу участкасига бир неча бор қизиқиш билдирган
Апрел ойининг охирларида украиналик ҳарбийлар Днипро дарёсидан кечиб ўтиб, Олешки шаҳарчаси ёнида позиция ўрнатишди. Украинлар Херсон яқинида Днипро делтасидаги бир нечта оролчаларда ҳам назорат ўрнатиб бўлишган эди.
Бу ҳудудда Киевнинг ҳарбий режалари айни пайтда номаълумлигича қолмоқда ва соф назарий характерга эга. Ҳалокатли сув тошқини дарёни кечиб ўтиш имкониятларини йўққа чиқарди.
«Лекин россияликлар уларда бундай имконият борлигини билиб туришган эди», – дейди Кузан.
Сув тошқинидан шарқ томонда жанговар ҳаракатлар янгича куч билан давом эттирилди.
«Фронтнинг бир неча участкасида оғир жанглар давом этмоқда», – деб ёзди Twitter’да Буюк Британия Мудофаа вазирлиги, участкаларнинг катта қисмида Украина ташаббусга эга бўлаётганини қўшимча қилиб.
Ўша куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия қўшинлари тунда Запорижжядан жанубда украинларнинг 150 та зирҳли техника ва 1500 аскар билан амалга оширган ҳужумини қайтарганини таъкидлаб чиқди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украинанинг 47-механизациялашган бригадаси «Россия позицияларини ёриб ўтишга уриниб кўрган».
Жорий ҳарбий операциялар тўғрисида сукут сақлашга одатланган Украина расмийлари эса бир қатор интригали шамаларни қилишди.
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Россия қўшинлари Запорижжядан 65 км жанубий-шарқдаги Орихив шаҳри ҳудудида «фаол ҳимояланаётгани»ни босиқлик билан маълум қилди.
Telegram каналида у шунингдек Донецк областининг Вуҳледар шаҳридан ғарбда жойлашган Велика Новосилка посёлкасида ҳам жанглар кетаётганини тасдиқлади.
Орихив ва Велика Новосилка мустаҳкамланган фронт чизиғининг ғарбий ва шарқий четларида жойлашган, кўпчилик таҳлилчиларнинг фикрича, Украина алал-оқибатда айнан мана шу жойда Россия ҳарбийларининг позицияларини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда.
«Сир эмаски, бизнинг бош мақсадларимиздан бири душманнинг жанубий қўшинлари гуруҳини таъминлаётган қуруқликдаги йўлакни кесиб қўйишдан иборат», – деган Кузан.
Россияпараст Telegram-каналлар Украинанинг сўнгги ҳаракатларини нафрат билан кўп муҳокама қилишмоқда.
Бошқалари Украина армиясининг ҳаракатга келганини тан олиб, тирик кучлар ва зирҳли техникалардаги йўқотишлар ўзини оқламаслигини писанда қилган.
«Бердянск ва Мелитополни қўя турайлик, уларда Токмаккача етиб бориш учун куч етарлимикан?» – дея савол берган гуруҳлардан бирининг фойдаланувчиси.
Лекин, булар уруш бораётган ягона жойлар эмас.
Ушбу урушнинг энг қақшаткич жанглари кечган Бахмут шаҳрининг шимоли ва жанубидан жўнатилаётган тасвирларда ҳам украин қўшинлари қарши ҳужумга ўтганини кўриш мумкин.
Анна Малярнинг сўзларига кўра, улар «турли участкаларда 200 метрдан 1100 метргача илгари силжиган». Бу ҳозирча Россия қўшинлари эгаллаб турган шаҳарни қуршаб олишга интилишга ўхшайди.
«Жанг майдонидаги вазият ўта оғир», – дея қайд этади Буюк Британия мудофаа вазирлиги.
Хўш, бу Украина қарши ҳужуми янги, ҳал қилувчи босқичга киришаётганини англатадими?
Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов чоршанба куни бу тахминларнинг устидан кулган. «Буларнинг барчаси ёлғон, – деган у Reuters’га. –Биз қарши ҳужумга ўтганимизда буни ҳамма ҳис қилади».
Аммо, нимадир ўзгаргани рост.
«Гап шундаки, узоқ вақт турғун ҳолатда бўлган фронт ниҳоят қўзғала бошлади», – дейди Сергей Кузан ва Украина қуроли кучлари қўмондонлигида турли вариантлар борлигини қўшимча қилади.
Бир қатор омиллар Украина жанговар ҳаракатларининг имкониятларини чеклаб туради. Улардан энг асосийси – жанг чоғида осмондан кўмак бера оладиган қирувчи учоқларнинг йўқлиги.
«Мана, нима учун биз жуда секин ҳаракатланиб, ортимиздан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини тортиб келмоқдамиз», – дейди эксперт.
Яна бир омил – вақт. Қарши ҳужум беш ойдан зиёдга чўзилмайди, шундан сўнг кузги ёмғирлар яна далаларни оғир зирҳланган техникалар юриши учун яроқсиз аҳволга келтиради.
Муваффақият қандай кўринишга эга бўлади?
Агар Украина қўшинлари Азов денгизигача чиқиб боришни уддалашса, Россиянинг ушбу кесманинг ғарб томонидан жойлашган барча қисмлари заиф аҳволда қолади ва фақат Қрим яримороли орқали жўнатиладиган таъминотга боғлиқ бўлиб қолишади.
Бу ҳолатда Россия ва Қримни боғлаб турган Керч кўпригини вайрон қилиш, яриморолга юкларни ташиш учун фойдаланётган кемалар ва самолётларга ҳужум қилиш қолади, холос.
«Бу эса интиҳо бўлади, – дейди у. – Лекин бу яқин келажакда содир бўлишига умид қилмаслик керак. Бунга ойлар кетади».