Мавзу бўйича суҳбатдошларимиз – шарқшунослар Суҳроб Бўронов ва Ҳабибулло Азимов.

— Нега Эрон Ислом инкилобидан буён мазҳабга асосланган ташқи сиёсат олиб бормоқда? Бунинг тарихий ва сиёсий сабаблари қандай?

Ҳабибулло Азимов: Эрон ҳақида тўхталадиган бўлсак, аввало, “Эрон ҳудудларида аҳоли қачон Ислом динини қабул қилди?” деган саволга жавоб бериш керак. Ислом дини 650 йилларда Эрон ҳудудига етиб борган; 642 йилда араблар ва Эрон сосонийлари ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтади ва унда араблар ғалаба қозонади, шундан кейин, Эрон исломни қабул қилади. 1979 йилда юз берган Ислом инқилоби Эроннинг шиа мазҳабига таяниб сиёсат юритишига сабаб бўлади.

Ҳозирда Эрон Сурия, Ливан, Яман ва Ироқ каби мамлакатлардаги кўп сонли шиалар ҳамда уларнинг партияларини қўллаб-қувватлайди, бу эса ўз навбатида унга мазкур ҳудудларда геосиёсий таъсини кучайтиришга ёрдам беради.

Суҳроб Бўронов: 1979 йилги инқилобдан кейин, Эрон ўзининг ташқи сиёсатини иккита фазага ажратиб олди, улардан бири – ислом давлатларига ислом инқилобини экспорт қилиш ғоясини илгари сурган эди, у бунда турли сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватлаш сиёсатидан фойдаланди, бироқ бу араб давлатларида амалга ошмади.

Шундан кейин Эрон ўз атрофидаги шиа мазҳабига мансуб сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватлаш сиёсатига ўтди ва у буни маълум бир концепциялар, “Шиа ҳилоли” концепцияси айнан шулар жумласидан, орқали амалга оширди. Концепция кўрфазда яшовчи шиа мазҳабидаги одамларни Эрон манфаатлари доирасида ҳимоя қилиш сиёсатини кўзда тутган.

— Шунча вақт ўтса ҳамки, Эрон қандай қилиб санкцияларга қарши кураша оляпти?

Суҳроб Бўронов: Эроннинг санкцияларга қарши тура олишида энг катта факторлардан бири – бу унинг географик ва стратегик жойлашувидир. Харитага қарасак, Эрон Кавказ, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё каби стратегик аҳамиятга эга ҳудудларга чегарадош ҳисобланади ва айнан шу минтақаларда Эрон ўз сўзига эга давлатдир.

Суҳроб Бўронов