1960-70 йилларда иқтисодиётда «япон мўъжизаси» термини пайдо бўлди. Бу бежизга эмас эди. Ўша пайтда Япония компаниялари кўз кўриб қулоқ эшитмаган кўплаб буюмлар ишлаб чиқаради.

Аввалига ихчам радиоприёмниклар, кассета билан ўқийдиган магнитофонлар ишлаб чиқарилган бўлса, кейинчалик уларнинг чўнтакка солиб юрса бўладиганлари ҳам тайёрланади.

Бундан ташқари, илк видеомагнитофон, видеокамера, ўйин ускуналари кабилар ҳам Япония компаниялари томонидан тайёрланган. Бундай маҳсулотлар дунё бўйлаб оммалашишида Sony компаниясининг ҳам ҳиссаси катта бўлади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бир неча нафар ходим ва 500 доллар айланма маблағ билан иш бошлаган Sony кўп ўтмай дунё даражасида таниқли компанияга айланади.

Компания асосчиси Акио Морита

Sony компаниясининг асосчиси Акио Морита 1921 йилда Айти префектурасининг жанубий-шарқий қисмидаги Токонамэ шаҳарчасида туғилади. Ўрта мактабни битиргач Осака университетининг физика факултетида таҳсил олган Акио Иккинчи жаҳон уруши пайтида Япония армиясида хизмат қилади.

Урушдан сўнг у Масару Ибука билан танишиб қолади. Ана шу танишув унинг ҳаётини кескин ўзгартириб юборади.

Акио Морита ва Масару Ибука, 1950-йиллар.

Масару 1933 йилда Васэда университетининг электротехника факултетини тугатган ва диплом иши Париж кўргазмасида мукофот олганди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Масару ҳам Япония армиясида хизмат қилади ва сувости кемаларига қарши ишлатиладиган авиация ускуналарини тайёрлаш ишларида иштирок этади. Акито шериги Масарудан 13 ёш катта эди. 

Урушдан сўнг АҚШ таъсири остида қолган Японияга жуда катта миқдорда Америка сармояси кириб кела бошлайди. Натижада 1946 йилдан бошлаб бу давлатда жуда кўплаб компаниялар ташкил этилади ва улар қисқа муддатларда муваффақиятга эриша бошлайди.

1946 йил 7 май куни Акио шериги Масару билан Токио телекоммуникация-саноат компаниясини ташкил этади. Бу ном япон тилида бешта сўздан иборат бўлиб, хорижликлар уни талаффуз қилишда қийналарди.

Шу сабабли Акио ҳаммаслаги Масару билан маслаҳатлашиб компания номини Sony деб ўзгартиради. Бу номни танлашдан аввал Акио ҳеч бир тилда учрамайдиган жарангдор сўз қидиради ва Sony атамасини танлайди.