Жаҳон | 19:32 / 02.07.2023
32854
12 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина яна бир йўналишда фаоллашди

Украина қуролли кучлари Донецк областида яна бир қишлоқни озод этди ва кичик гуруҳ билан Днипрони кечиб ўтди. Аммо Пригожиннинг исёнидан кейин ҳам ҳал қилувчи ёриб ўтишнинг белгилари йўқ.

Антонов кўпригининг юқоридан кўриниши

«Вагнер» ХҲК исёни фронтдаги вазиятга ҳеч қандай бевосита таъсир кўрсатмади: ёлланма жангчилар Бахмут эгалланганидан кейин май ойи охирида «таътил»га кетган, РФ қуролли кучлари эса қийинчилик ва катта йўқотишлар эвазига бўлса-да (ва кичик ҳудудлар ҳам бой берилган), июн ойи давомида вагнерчилар кетганидан кейин ҳосил бўлган «тешик»ни ёпиб туришнинг уддасидан чиқишди. 

Украина қарши ҳужуми (Бахмут атрофида бу юриш вагнерчилар фронтдан кетишидан олдинроқ бошланиб кетганди, мамлакат жанубида эса — 4 июндан) ҳамон жуда секин кечмоқда. Запорижжя ва Донецк области жанубида Украина қуролли кучлари артиллерия билан мунтазам равишда ўққа тутилаётган миналанган майдонлар ва РФ қуролли кучларининг аҳён-аҳёнда учровчи таянч пунктларидан таркиб топган бир неча километр кенгликдаги биринчи мудофаа чизиғини ортда қолдиришга ҳаракат қилмоқда. Бу полоса асосий мудофаа чизиғидан олдинда жойлашган, асосий линияда эса таянч пунктлари узлуксиз хандақлар ва узоқ муддатли ўт очиш нуқталарига уланиб кетган. Участкаларнинг ҳеч бирида ҳужум қилувчи томон бу ҳудуддан ўта олмаяпти.

Аммо Украина қуролли кучлари бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда ҳужум қилиш ҳаракатларини тўхтатмаяпти ва деярли барча йўналишларда локал ютуқларга эришмоқда. Запорижжя ва Донецк областларидаги одатий «қайноқ нуқталар»га янгиси қўшилган: украин армияси Херсон областида Днипронинг сўл соҳилига (шарқий) десант ташлади ва бу ерда ўрнаша бошлади.
 
Херсон ва Антонов кўприги

  • Украина қуролли кучлари Антонов кўприги ҳудудида Днипронинг чап соҳилига (Херсондан тахминан тўрт километр) илк десантни баҳордаёқ ташлаганди. Ўнлаб десантчилар РФ қуролли кучлари бўлинмалари артиллерия орқали йўлланган зарбалар туфайли чекинганидан фойдаланган ва асосий кўприк яқинидаги Дачи посёлкасига жойлашиб олганди. Улар областнинг оккупация остидаги ҳудуди томон ичкарилай олмади (катта эҳтимол билан бунга уринмаган). РФ қуролли кучлари плацдарм бўйлаб тинимсиз авиация ва артиллерия зарбалари йўллади, Украина қуролли кучлари катерлар орқали қўшимча кучлар етказиб турди ва ўнг соҳилдан артиллерия зарбалари йўллаш орқали россияликларнинг қарши ҳужумларига тўсқинлик қилди.
  • Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлганидан кейин украинларнинг чап соҳилдаги позициялари сув остида қолганди. Россияликларнинг ҳам кўприк атрофидаги позициялари шундай шикастланганди.
  • Сув чекинганидан сўнг Украина яна бир бор артиллерия кўмагида десантчилар минган катерларни чап соҳилга йўллади. Улар бу сафар ҳам кўприк атрофида мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлди. Украин кучларининг бу ердаги асосий позициялари кўприкнинг мустаҳкам бетон конструкциялари остида жойлашган, бу эса уларни РФ қуролли кучлари артиллерия ва авиазарбаларидан ҳимоя қилади. Россия манбаларига кўра, плацдармдаги украин гуруҳи юзга яқин жангчидан иборат бўлган. 1 июл куни Херсон областининг оккупация остидаги қисмига Кремл томонидан раҳбар этиб тайинланган Владимир Салдо Антонов кўприги атрофида Днипронинг сўл қисми «буткул тозалангани» ҳақида айтди, аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, катта эҳтимол билан украинлар бу ҳудудда ўрнашиш ҳаракатларидан тўхтамайди. 
  • Украинлар яқин вақтлар ичида бу плацдармдан олдинга ўтиши ҳам даргумон: у Конка дарёси Днипро ўзанига қуйилган жойда ҳосил бўлган ботқоқли оролда жойлашган. Антонов кўпригидан Конка орқали ўтган кўприкка (РФ қуролли кучлари назорати остида, аммо мунтазам равишда украин артиллерияси зарбалари остида) фақат битта йўлдан бориш мумкин. Украин отрядлари бу йўлдан ўтиши қийин; Днипродан узоқлашилгани сайин плацдармдаги қўшинларни қўллаб-қувватлаб турган украин артиллерияси самарадорлиги пасайиб боради.
  • Украина қуролли кучлари Днипронинг сўл соҳилида йирик амалиёт ўтказишига логистика ҳам халал беради: катерлар орқали фақат кичик гуруҳни таъминлаб туриш мумкин; паромлар орқали кўп миқдордаги оғир техникаларни ташиш, кейин уларга ўқ-дори ва ёнилғи етказиш ҳам жуда қийин бўлади.
  • Катта эҳтимол билан, украин қўмондонлиги камида шимолдан Украина қуролли кучларининг асосий кучлари кириб келмагунича (Запорижжя областида Россия мудофааси ёриб ўтилган тақдирда), бу ерда йирик юриш бошлашни режалаштирмаган. Аммо украин қўшини Днипро соҳилида плацдарм ташкил этганининг ўзи Россия томони кучларнинг бир қисмини Запорижжя йўналишига ташламасдан, иккинчи даражали ушбу йўналишда ушлаб туришга мажбур қилади.

Запорижжя участкаси

  • Украина қуролли кучларининг 128-тоғ-штурм бригадасининг кучайтирилган бўлинмалари (артиллерия, камикадзе дронлар операторлари ва бошқалар билан) июн ойи бошидан буён Запорижжядан жанубдаги икки қишлоқни (Лобкове ва Пятихатки) озод этишга муваффақ бўлди. 
  • Аммо сўнгги ҳафтада бу бригаданинг юриши тўхтаб қолди: Пятихатками ва унга қўшни Жеребянки (РФ қуролли кучлари назоратидаги қишлоқ) ўртасида жанглар давом этмоқда. Икки томон ҳам ҳужум қилишга уринмоқда (ҳужумлар дронлар орқали ва ердан туриб олинган видеоларда акс этган) ва йўқотишларга учрамоқда.
  • Украина қуролли кучлари қўмондонлиги ҳозирча бу участкага янги кучларни ташламади. Россияликлар ҳам: Пятихатки атрофида асосан Шимолий Осетияга мансуб турли бўлинмалар (Жанубий ҳарбий округнинг 58-армияси таркибидан) жанг қилмоқда.

Орихив участкаси

  • Июн ойи бошида Украина қуролли кучлари асосий зарбани Запорижжя областининг Орихив районида Токмак йўналишида (РФ қуролли кучларининг Запорижжя областидаги асосий логистика марказларидан бири) берадигандек кўринганди. Юришнинг илк кунларида Украина қуролли кучларининг 2022 йил охирида ташкил этилган ва 2023 йилда ғарб техникалари билан қайтадан қуроллантирилган 47-механизациялашган бригадаси жангга ташланди: Европа мамлакатларининг турли модификациядаги «Леопард-2» танклари, шунингдек АҚШ етказиб берган замонавий «Брэдли» жанговар пиёдалар машиналари. Бригада номи Пентагоннинг апрел ойида сизиб чиққан ҳужжатларида Украина қуролли кучларининг ёзги катта юриши учун махсус шакллантирилган 12 бригадасидан бири сифатида тилга олинганди.
  • Бригада ҳали ҳам бошланғич мақсадга эриша олмади — Орихивдан жанубдаги украин позициялари ва россияликларнинг Роботине посёлкаси ҳудудидаги позициялари орасидаги бир неча километр кенгликдаги «кулранг зона»дан ўтишга. Қарийб тўрт ҳафта мобайнида украин қўшини камида олтита «Леопард» ва 24 та «Брэдли»ни (бошқа техникалар қўшилмаганда) бой бериб, бир неча километрга илгарилади. 
  • Бу ерда Украина ҚК учун асосий тўсиқ миналанган майдонлар бўлиб қолмоқда (бу майдонлар масофадан миналаш тизими орқали «янгилаб» турилади). Бу майдонларда ўтиш йўлларини миналардан тозалашга уриниш ишларига РФ қуролли кучлари артиллерия олови ва Ка-52 вертолётларининг танкларга қарши бошқарилувчи ракеталари билан зарба бериш орқали жавоб қайтармоқда. РФ мудофаа вазирлигининг июн ойи бошидан буён эълон қилган, украин техникаларига вертолётлар орқали йўлланган зарбалар акс этган видеолари сони (фронтдаги барча участкалар қўшиб ҳисобланганда) саксондан ошади.
  • Ҳозирча украин қўмондонлиги ўзининг «оғир» (оғир техникалар билан қуролланган) бригадаларидан бирининг Орихив йўналишидаги зарбаларини бошқа шунга ўхшаш тузилмалар билан қўллаб-қувватлашга қарор қилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 47-бригада ҳамон амалда ёлғиз ҳаракатланмоқда: унга фақат ҳудудий мудофаа кучларининг енгил пиёдалари, шунингдек бошқа йўналишларда бўлгани каби — кучайтириш бўлинмалари (артиллерия бригадалари, дронлар операторлари отрядлари) ёрдамга келмоқда.
  • РФ қуролли кучлари қўмондонлиги яқин вақтлар ичида бу йўналишга қўшимча кучлар ташлашининг ҳеч қандай аломатлари кўзга ташланмаяпти. РФ ҚК биринчи мудофаа линияси бу ҳудудда Роботине посёлкасидан ўтади, ундан жануброқда хандақлар, ўт очиш нуқталари ва миналанган майдонлардан иборат яна учта шу каби линия мавжуд.

Велика Новосилка йўналиши

  • Ҳозирча Украина қуролли кучларининг энг йирик гуруҳи Запорижжя ва Донецк областлари чегарасида ҳаракатланмоқда. Бу ҳудудда янги тузилган 37-денгиз пиёдалар бригадаси (Американинг матбуотга сиздирилган, юриш учун мўлжалланган бригадалар рўйхатида тилга олинган), 35-денгиз пиёдалари бригадаси («эски» бригадалардан), 65-механизациялашган бригада (бу йўналишда 2022 йилдан буён жанг қилади) ҳаракатланмоқда. 
  • 26 июн куни Украина қуролли кучларининг яна бир янги бригадаси — 31-механизациялашган бригада аскарлари — Велика Новосилкадан 10 километр ғарбда жойлашган Ровнопил қишлоғи озод этилгани ҳақида эълон қилган видео пайдо бўлди. Бу Украина қуролли кучлари июн ойи бошидан буён шу йўналишда озод этган еттинчи аҳоли яшаш манзилига айланди.
  • Ровнопил бой берилиши Россия қўшинлари учун вазиятни сезиларли даражада ёмонлаштиради. Энди Украина ҚК нафақат шу вақтгача бўлгани каби Мокрий Яли дарёси бўйидаги пасттекисликларда, балки дарёдан ғарбдаги тепаликлар бўйлаб ҳам илгарилаш имкониятига эга. Украина қўшини яқин вақтлар ичида ўз муваффақиятини ривожлантириб, Мокрий Яли водийсидаги Старомайорске ва Урожайне қишлоқларини ҳам озод этишга ҳаракат қилишини кутиш мумкин.
  • Аммо россияликлар мудофаасининг биринчи мустаҳкамланган линияси янада жануброқда, йирик Старомлиновка қишлоғида жойлашган. Бу линияни ёриб ўтиш учун, Украина қуролли кучлари катта эҳтимол билан захира кучларини жангга ташлашига тўғри келади.

Бахмут фронти

  • Украина мудофаа вазирлиги Бахмут фронти қанотларида қарши ҳужумга ўтгани ҳақида расман эълон қилган. Аслида бу юриш 2023 йил 11 майидан буён узлуксиз давом этмоқда. Бу юриш қийин кечмоқда: Украина ҚК РФ қуролли кучларининг Берхивка ва Яҳидне (Бахмутнинг шимолий-ғарбий чеккасида) ҳамда Клишчиевкадаги (шаҳардан жанубда) мустаҳкамланган муҳим позицияларини ёриб ўтишга уринмоқда. Сўнгги ҳафталарда жанубда кунлик илгарилаш юз метр атрофида бўлди ва украинлар Берхивка сув омборига етиб келиб тўхтаб қолди.
  • РФ ҚК бу йўналишга бошқа турли йўналишлардан йирик захираларни йўналтирган. Улар «Вагнер» ХҲК кетганидан кейин бу фронтни қийинчилик билан бўлса-да, барқарор ушлаб турибди. Россия қўшинлари бундан буёғига ҳам Украина қуролли кучларини жанубда Шимолий Дон—Донбасс канали бўйлаб ўтган чизиқда ва шимолда Бахмут — Краматорск трассаси бўйлаб бўртиқда Соледар ва Яковливкага қадар ушлаб туришга ҳаракат қилади. Бу линия ёриб ўтилиши РФ қуролли кучларини Бахмутни ташлаб кетишга мажбур қилиши мумкин. Катта эҳтимол билан, бунинг учун Украина қуролли кучлари ҳам янги кучларни жангга ташлаши талаб этилади. Шу билан бирга, Бахмутнинг озод этилиши ҳозирда Украина қуролли кучлари учун (мамлакат жанубида рақиб мудофаасига чуқур кириб боришдан фарқли ўлароқ) стратегик аҳамиятга эга эмас, фақат рамзий ютуқ бўлиши мумкин: Бахмутдаги муваффақият РФ қуролли кучларининг логистик занжири узилишига олиб келмайди ва катта ҳудудларни ташлаб кетишга мажбур этолмайди.

Мавзуга оид