19:05 / 03.07.2023
32502

Чақалоқнинг бошини эҳтиёт қилишда нималарга эътибор бериш зарурлиги айтилди

Гўдакнинг бош чаноғидаги юмшоқ жойлар, яъни лиқилдоқлар бола туғилиши ва ташқи муҳитга мослашишида муҳим ўринга эга.

Фото: AP

Янги туғилган боланинг суяги мўрт бўлади. Озгина эҳтиётсизлик ҳам унда тузатиб бўлмас асоратларга олиб келиши мумкин. Айниқса, жазирама кунларда чақалоқнинг бош соҳаси жиддий эътибор талаб қилади, деб педиатр-шифокор Шозода Каримова сўзларини келтирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

«Янги туғилган гўдакнинг бош чаноғи бир нечта ўзаро бирикмаган суяклардан иборат бўлади. Ушбу суяклар орасида юмшоқ жойлар, яъни лиқилдоқлар борлигини сезиш мумкин. Улар бола туғилиши ва ташқи муҳитга мослашишида муҳим ўринга эга. Биринчидан, бош лиқилдоқлари туғуруқ жараёнини осонлаштириб, боланинг қўшимча хавфсизлигини таъминлайди. Туғуруқдан сўнг вақт ўтиб боланинг боши асл шаклига қайтади. Иккинчидан, лиқилдоқлар табиий амортизатор бўлиб хизмат килади. Боланинг бошига бирор нарса тегиб кетса, у зарб кучини камайтиради», деди шифокор.

Каримова сўзларига кўра, чақалоқларда катталардан фарқли ўлароқ тана ҳарорати мувозанатини сақлаш тизими ҳали яхши ривожланмаган бўлади. Лиқилдоқлар эса бу тизим вазифаларининг бир қисмини ўз зиммасига олади.

«Гўдакнинг тана ҳарорати кўтарилганда лиқилдоқнинг юпқа мембранаси мияни табиий ҳолатда совутади. Бола чинқириб йиғлаганда лиқилдоқ сал шишади. Ичига ботган лиқилдоқ эса одатда организм сувсизланганидан дарак беради. Бу ҳолат кучли ич кетиши ёки қусиш оқибатида юзага келади. Бундай ҳолатда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим», деб тавсия қилди мутахассис.

Ота-оналар болада лиқилдоқнинг битишига алоҳида аҳамият беришлари лозим. Бунда гўдакнинг ёшига мувофиқ тана оғирлиги ва бошининг умумий айланаси ҳам ҳисобга олиниши муҳим. Лиқилдоқнинг битиш муддати 3 ойдан 24 ойгача, баъзан ундан ортиқ вақтгача ўзгариб туради.

Top