Бола ўзи қандай зўравонликларга дуч келиши мумкин? Ота-оналар фарзандлари зўравонлар қўлига тушиб қолмаслиги учун уларга нималарни ўргатиши ва билиши лозим? Kun.uz бу борада маълумотларни бир саҳифага жамлади.

Болалар қандай зўравонликларга дуч келади?

Жисмоний зўравонлик: бу уриш, тепиш ёки силкитиш каби зарар ёки шикаст етказадиган жисмоний куч ишлатишни ўз ичига олади.

Жинсий зўравонлик: болага нисбатан жинсий эксплуатация ёки ҳуқуқбузарликнинг ҳар қандай шаклини – зўрлаш, порнография ёки жинсий таҳқирлаш каби ҳаракатларни ўз ичига олади.

Ҳиссий зўравонлик: ҳиссий зўравонлик боланинг ўзини ўзи қадрлаши, шахсий ривожланишига путур етказадиган хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади. Бу доимий танқид, таҳқирлаш ёки камситиш тарзида бўлади.

Эътиборсизлик: боланинг асосий эҳтиёжларини, жумладан, озиқ-овқати, бошпанаси, соғлиги, таълими ва руҳий қўллаб-қувватланишини таъминламасликни англатади.

Онлайн зўравонлик: бугунги кунда дунё бўйлаб болалар онлайн тарзда зўравонликларга ҳам учрамоқда. Улар билан виртуал тарзда муносабатларга киришиш, шахсий суратларини, маълумотларини олиб, шу орқали қўрқитиш тобора кўпайиб боряпти.

Фарзандингизга нисбатан зўравонлик содир бўлганини қандай билиш мумкин?

Болалар зўравонликнинг ҳар қандай турига учраганда зийрак ота-она буни сеза олади. Болада бунинг белги ва аломатларини кўриш мумкин. Масалан болангизда хатти-ҳаракатларнинг ўзгариши, кайфиятнинг кескин тушиб кетиши, давралардан ўзини олиб қочиш, қўрқув, жисмоний жароҳатлар ёки шуғулланаётган ишидан сабабсиз воз кечиш кузатилиши мумкин. Ана шундай ҳолатларда билингки, болага сизнинг ёрдамингиз керак.

Болаларга ушбу зўравонликларга дуч келганда ўзини қандай тутиш, зўравонни енгиш, ўзини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатлар беришга одатланишимиз лозим. Чунки ота-она – боланинг биринчи ҳимоячиси ва суянгани ҳисобланади. Шунинг учун бу борада ҳар бир ота-онада билим ва тушунча бўлиши шарт.

Улар ўз болаларига шахсий чегаралар, ўз-ўзини ҳурмат қилиш ва хавфсиз хатти-ҳаракатлар ҳақида ўргатишлари, болалар дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай ташвиш ёки ноқулай вазиятларни муҳокама қилишга шароит яратишлари лозим.