«Толибон» ШҲТнинг навбатдаги саммитида иштирок этмоқчи
Тан олинмаган ҳаракат вакиллари бунга қонуний ҳуқуқи бор деб ҳисобламоқда.
Афғонистонда ҳукмрон «Толибон» ҳаракати раҳбарияти томонидан тузилган вакиллар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитларида қатнашиш учун қонуний ҳуқуққа эга эканини даъво қилмоқда. «Толибон» Ташқи ишлар вазирлигининг бу ҳақдаги баёнотини ТАСС келтирди.
«Афғонистон Ислом Амирлиги (давлатнинг «Толибон» томонидан қўлланадиган номи) минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида бундай йиғилишларнинг ўтказилишини олқишлайди, шунингдек, Афғонистоннинг ушбу ташкилотда кузатувчи мақомидаги иштирокини қонуний асосга эга деб ҳисоблайди», дейилади баёнотда.
Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, яқинда ўтказилган саммитда Афғонистон ҳукумати вакилларининг йўқлиги «хавфсизлик таҳдидларига қарши кураш, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш, афғон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳаракатларни ҳар томонлама мувофиқлаштиришга тўсқинлик қилмоқда».
Саммитда ШҲТ етакчилари Афғонистонни «урушлар ва гиёҳванд моддалардан холи, эркин, мустақил ва бирлашган давлат» сифатида шакллантиришга чақирдилар. «Толибон» саммит якуний декларациясининг ушбу қисмини юқори баҳолади.
Шу билан бирга, саммит иштирокчилари Афғонистонда «афғон жамиятининг барча этник, диний ва сиёсий гуруҳлари вакиллари иштирокида инклюзив ҳукумат тузишга» чақирди.
«Толибон» ҳужжатнинг ушбу қисмини шарҳлар экан, «Афғонистон таркибига мамлакатнинг барча миллатлари ва минтақалари аъзолари ва вакиллари киради», деб таъкидлади. ШҲТ давлатлари вазиятни жойида баҳолаб, буни тасдиқлаши мумкин, деб қўшимча қилди «Толибон».
ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб ташкилотга олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон кирди, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон уларга қўшилди. Яқинда Эрон ҳам ташкилотнинг тўққизинчи аъзоси бўлди. Беларус ҳам ташкилотга тўлиқ қўшилиш жараёнини бошлади.
Ҳиндистонда виртуал режимда ўтказилган саммитга Мўғулистон кузатувчи давлат, Туркманистон раис меҳмони сифатида таклиф этилди. Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлишига қарамай, толиблар саммитга таклиф этилмади.
ШҲТ навбатдаги саммити 2024 йилда Қозоғистонда ўтказилади.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
17:01 / 08.11.2024
Туркий давлатлар ташкилотининг янги байроғи қабул қилинди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
17:21 / 06.11.2024