20 йил ичида ШҲТ доирасида бирортаям йирик иқтисодий лойиҳа амалга оширилмади, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев ташкилотнинг Деҳли саммитида. Анжуманда Шавкат Мирзиёев муҳим кодексни илгари сурди. Си Жинпинг яна рангли инқилоблар ҳақида гапирди. Эрон эса ШҲТ аъзосига айланди ва доллардан воз кечишга чақирди.

“Геосиёсат” дастурининг навбатдаги мавзуси – ШҲТ. Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов.

— Эроннинг ШҲТга аъзолиги ташкилотга қандай ютуқлар ёки муаммолар келтириши мумкин? Кучлар мувозанатига қандай таъсир ўтказади?

Суҳроб Бўронов: Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиши глобал тартибот учун муҳим воқелик бўлди, дейишимиз мумкин. Бугунги кунда ташкилотнинг халқаро даражадаги мавқейи кучайиб бормоқда, Эрон қўшилиши билан янада муҳим аҳамият касб этади. Тўғри, бу воқелик бир қатор имкониятлар билан бирга, муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

ШҲТда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш устувор ҳисобланади ва бу борада Эрон муҳим рол ўйнайди. Иқтисодий коридорларда Эрон ўтиш ҳалқа вазифасини бажаради. Бундан ташқари, Эрон газ ва нефт захираларига бой давлат бўлиб, топ-5 таликда туради. Бу томондан ШҲТда энергетика клубини яратишда муҳим рол ўйнайди.

Кейинги муҳимлиги – Эрон орқали ташкилот Яқин Шарққа, хусусан, Ислом оламига чуқурроқ кириб келишини кузатиш мумкин. Эрон ШҲТга аъзо бўлиши билан Яқин Шарқдаги 6 та нуфузли араб давлатлари ташкилотда мулоқот бўйича шерик мақомини олишди. Яна бир муҳимлиги шундаки, Эрон минтақада терроризм, наркобизнесга қарши курашда тажрибага эга. Бундан ташкилот доирасида фойдаланса бўлади.

Бундан ташқари, ШҲТнинг ҳарбий вазни ортади. 4 та ядровий қуролга эга давлат сафига ядровий дастурга эга давлатнинг қўшилиши ҳарбий нуфузни кучайтиради.

Ғарбга қарши блокка айланиб қолиши мумкин, деган фикрлар ҳам бор. Иброҳим Раисийнинг доллардан воз кечиш ҳақидаги гаплари шунга даъватдек туюлди. Ғарблик экспертлар ШҲТга нисбатан «Шарқ НАТОси» деган фикрларни ҳам билдиришяпти, лекин ШҲТ – низомида ёзилганидек, аввало иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти.

ШҲТда санкциялар остида қолган давлатлар кўпайиши Марказий Осиё давлатларига таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнида мураккабликлар пайдо бўлиши мумкин, чунки Эрон ўз сўзига эга давлат, ташкилотда эса қарорлар консенсус йўли билан қабул қилинади.