15:07 / 28.05.2024
15727

Нетаняҳу Ливанга сюрприз тайёрлаганини айтди. Бу урушга ишорами ёки блеф?

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан билан боғлиқ “аниқ, муҳим ва ҳатто кутилмаган” ҳарбий режалари борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу режаларнинг амалга ошиши Исроил шимолида хавфсизликни таъминлаш ва аҳолининг ўз уйларига хавфсиз қайтишига имкон беради. Бу баёнот Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қаратилган психологик уруш кўринишими ёки Исроил иккинчи фронтни очмоқчими?

Kun.uz мухбири “Геосиёсат” дастурида Ғазо атрофидаги шу ва бошқа мавзулар юзасидан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Бектош Бердиев билан суҳбатлашди.

Нетаняҳу Ливан ҳақидаги баёнотида “Ҳизбуллоҳ”га қарши каттароқ ҳарбий ҳаракатларни назарда тутди, дейиш мумкинми?

Бектош Бердиев: — Исроилда “Ҳизбуллоҳ”, ҲАМАС каби кучлар билан кураша олиш тажрибаси бор. Баъзи маълумотларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” ичида Исроилнинг агентлари бор ва кўп мақсадларидан хабардор бўлиб туради. Умуман олганда, Исроилга “Ҳизбуллоҳ” билан конфликт керак эмас эди, чунки у Ғазо билан банд, халқаро ҳамжамият босими ва бошқа муаммолар бўлиб турганда иккинчи фронт очилиши вазиятни мураккаблаштиради. Тўғри, ҳарбий техникавий имконияти етиши, “Ҳизбуллоҳ”ни енгиши мумкин. Аммо “Ҳизбуллоҳ” ўзини жуда тез тикловчи хусусиятга эга. Унинг асосий ҳомийси Эрон.

Ливан жанубида аҳоли жуда тиғиз жойлашган, “Ҳизбуллоҳ” вакилларини топиб йўқ қилиш учун аҳоли орасида хам кўп қурбонлар бўлиши мумкин. Шундоқ ҳам Ғазо сабаб имижи тушиб кетган Исроилга катта зарар бўлади. Бундан ташқари, “Ҳизбуллоҳ” ҲАМАСдан кўра бирмунча катта куч, қўлида замонавий технологиялар, ракеталари бор. Умуман, Ливан жануби мураккаб бўлиб, Исроилга катта муаммолар олиб келган олдинги урушларда. Исроил “Ҳизбуллоҳ”ни, фаластинлик қочқинлар лагерини йўқ қилдик, деганда ҳам “Ҳизбуллоҳ” ўзини жуда тез тиклаган.

Камолиддин Раббимов: — Маълумотларга кўра, ҲАМАС жангарилари 30-50 минг атрофида дейилади, “Ҳизбуллоҳ”ники эса 130-150 мингга боради. “Ҳизбуллоҳ”нинг 1 йиллик бюджети 700 млн доллар дейилади. Эрон ва бошқа кучлар “Ҳизбуллоҳ”ни тўғридан тўғри қўллайди. Исроил бу тахдид билан “Ҳизбуллоҳ”ни қўрқитиб, фронт очишига йўл қўймаслик 7 октябрдан кейин Исроилнинг биринчи қўрққан нарсаси “Ҳизбуллоҳ” аралашуви бўлди, шунинг учун урушга аралашсангиз, Ливанни ер билан яксон қиламиз, деган огоҳлантиришлар бўлди.

Исроилда “Ҳизбуллоҳ” урушга кириши мумкин, деган маълумотлар бўлса керак, шунинг учун таҳдид қиляпти. Исроилга иккинчи фронт керакмас, 7 октябрдан бери анча вақт ўтди, лекин ҲАМАСни йўқ қилолмади. Иттифоқчи давлатлар хам юз ўгиряпти ундан. АҚШ Исроилга муттасил босим қиляпти харакатларни тўхтатиш бўйича. Бир қанча давлатлар Исроил устидан халқаро трибуналга ҳам мурожаат қилди.

Урушларнинг биринчи тактикаси психологик босим бўлади. “Ҳизбуллоҳ” катта куч, ресурслари кўп, уруш тажрибаси етарли. 7 октябрдан кейин Исроил Ливан билан чегарадаги 120 минг аҳолини кўчирган, “Ҳизбуллоҳ” ҳам 60 аҳолини чегара ҳудуддан олиб чиққан ва ўртада майдон пайдо бўлди. Агар ҲАМАС билан уруш даврида янги фронт очилса, Исроил тўлиқ ҳолсизланади. Шунинг олдини олиш учун таҳдид қиляпти. Бундай таҳдидлар ҳар ой бўлиб туради.

Нега Исроил “Ҳизбуллоҳ”дан бу қадар чўчийди?

Бектош Бердиев: — “Ҳизбуллоҳ”ни халқаро қўллаш деярли йўқ, баъзи давлатлар террорчи ташкилот деб билади. Лекин “Ҳизбуллоҳ” ўз сафини тезда тўлдира олади, бутун шиа оламида ўн минглаб жангчилар “Ҳизбуллоҳ” сафида жанг қилишни шараф деб билади. Бундан ташқари, “Ҳизбуллоҳ” катта ерости туннеллар тизимига эга бўлиб, уруш олиб бориш учун тактик тизимга айлантирган. “Ҳизбуллоҳ”даги инсоний ресурс катта, уларнинг жангчилари урушда ўлишни шараф деб билади. Фақат Эрон эмас, бутун шиа олами қўллайди уларни.

Бугунги уруш шароитида Исроилдан 100 та аскар ўлиши ҳам улар учун фожиа, аммо “Ҳизбуллоҳ”нинг минглаб жангчиси ўлса хам фожиа эмас улар учун. Шу нуқтаи назардан ҳам “Ҳизбуллоҳ” Исроил шимолидаги секин портловчи катта бомба. Сурия, Ироқ томондан ҳам Исроилга зарба бериши мумкин бўлган кучлар пайдо бўляпти. Улар Исроилга ҳужум қилса, у маълум бир давлатни жазолай олмайди, қайсидир давлат қўллаётгани ҳақида маълумот бўлса ҳам, булар расмий эмас.

“Ҳизбуллоҳ” сафида катта жанг тажрибасига эга жангчилар бор. Икки марта Исроил билан урушга ҳам кирган, маълум бир ютуқларга эришган. “Ҳизбуллоҳ”нинг туннеллар тизими Сурия ҳудудигача ўтгани ҳақида маълумотлар бор.

— “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил тўқнашуви рўй берган тақдирда, араб давлатларининг муносабати қандай бўлади?

Камолиддин Раббимов: — Араб давлатлари позицияси иккиламчи бўлади, очиқдан очиқ “Ҳизбуллоҳ”ни қўлловчи араб давлатлари кам бўлади, чунки коллектив Ғарб, АҚШ, Исроил билан вазиятни эскалация қилишдан манфаатдор эмас улар. Лекин араб давлатларида Исроил манфаатлари билан курашиш бўйича 2 стандартли механизми аллақачон шаклланган. Шунинг учун “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга етказадиган зарарларидан хурсанд бўлишади. Араб давлатлари ҳокимиятлари бошқа бир масала, жамиятлари бошқа. Ҳар қандай куч Исроилга зарар етказса, мусулмон дунёси буни ижобий қабул қилади, чунки бу цивилизацион конфликт.

Кейинги пайтда Исроил кичик давлат бўлса ҳам, урушларда араб дунёсини ноқулай аҳволга солгани араб кўчасида кучли комплексларга сабаб бўлди. Шунинг учун шиа сифатида “Ҳизбуллоҳ”га ачиниш камроқ бўлади ва у эришадиган ҳар қандай ғалабадан хурсанд ҳам бўлинади. Лекин ҲАМАС, Ғазо нисбатан бўлгани каби кучли баёнотлар берилиши эҳтимоли кам.

Ливан пароканда давлат бўлиб қолган. Конституциясига кўра, президент христиан араб бўлиши, бош вазир сунний араб ва кейинги шахс шиа араб бўлиши керак. Кўп таркибли Ливанда ҳокимият пиллапоялари конституция даражасида бўлинган.

“Ҳизбуллоҳ” ўртача бир давлатнинг қуролли кучларига тенг, 130-150 мингта ҳарбий кам эмас. Марказий Осиёда бундай катта армия фақат Ўзбекистон ва Қозоғистонда бор. Бунинг устига “Ҳизбуллоҳ” уруш кўрган, тажрибали армия.

Ливан билан бўладиган эҳтимолий урушда ҳам халқаро ташкилотлар Исроилни асосий айбдор деб ҳисоблайдими?

Бектош Бердиев: — Чегарани бузиб ўтган томон айбдор сифатида кўрилади. “Ҳизбуллоҳ” Исроилга кирса ҳам, у маълум бир давлат эмас, лекин Исроил жавобан Ливан чегарасини бузса, давлатнинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилган бўлади. Исроил Ливанга кирса, тинч аҳоли қурбон бўлади, инфратузилма вайрон бўлади. Ливандаги ташқи душманга нисбатан бирлаша оладиган халқ Исроил учун хавф бўлади.

Агар шу уруш бошланса, Яқин Шарқ аланга ичида қолади, дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Яқин Шарқда аллақачон аланга ичида, 70 йилдан бери. Минтақада бундан катта конфликтлар ҳам бўлган, араб давлатлари ва Исроил урушлари бўлган. У пайтларда кристаллашган қутблашув бўлган, Фаластин ва бошқа араб давлатларини СССР ва социолистик лагер қўллаган, Исроилни АҚШ ва Ғарб. Ҳозир бир қутблилик давр, Фаластинни Россия ёки Хитой каби давлатлар тўлиқ ўз қўлловига олгани йўқ. АҚШ Исроил ҳомийси сифатида катта тарихий босимда қоляпти. Икки қутблилик даврида Исроилни ҳимоя қилиш АҚШнинг глобал миссияси сифатида кўриларди. Бугун араб дунёси АҚШга кучли босим қиляпти, бир қутблилик даврда ҳар иккала томон манфаатларини ўйлаши талаб қилинади АҚШдан.

Араб давлатлари Фаластин масаласини жуда фаол кўтараётгани йўқ, кутиш даврида. Глобал кучлар ўзгарса, АҚШнинг Исроилни ҳимоя қилиши пасайса, араб давлатлари жонланади.

Бектош Бердиев: — Манбаларга кўра, АҚШ Исроил ташкил топгандан бери 260 млрд доллар ёрдам берган. Бугун Ғарбда ҳам демографик таркиб ўзгаряпти, АҚШда ҳам Европада ҳам мусулмонлар жамоатчилиги пайдо бўляпти ва ҳукуматдан Исроилни қўлламасликни сўраяпти. АҚШ конгрессида мусулмонлар конгрессменлар пайдо бўляпти. Европа жамияти-ку аллақачон Фаластин тарафида. Ирландия, Испания каби давлатлар Фаластинни тан олиши уларнинг фикрини ўзгартирадиган кучлар пайдо бўлаётганидан дарак.

Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластинни тан олди. Қарор 28 майдан кучга киради. Европанинг асосий сўзни айтувчи лидер давлатлари ҳам бу ташаббусга қўшилиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Қўшилади деб ўйлайман, вақт масаласи бор фақат. Европа жамияти Фаластин томонида, ҳокимиятлар позицияси бироз фарқ қилади. Лекин тиктоник ўзгаришлар Фаластин давлати тан олинишига қараб кетяпти. 1947 йилдан кейин БМТ резолюцияларига кўра, 2 та давлат ташкил топиши керак эди. Бугунги кунда кимки Фаластинни тан олса, 1967 йилдаги чегараланиш бўйича тан олади. Исроилга Фаластинни тан олишлари ёқмайди, чунки Фаластинни тан олиш Исроилни босқинчи давлат сифатида тан олиш дегани. 1967 йилдаги чегараларни бузган давлат — Исроил. Испания, Норвегия, Ирландия автоматик равишда Исроилни босқинчи давлат сифатида эътироф этади, бундай айтилмаса ҳам. Тан олиш бўйича асосий давлатлар: Франция, Германия, Британия ва бошқа давлатлар бор, охирги асосийси АҚШ бўлади, албатта. АҚШ Европа давлатларига таъсир қилиб Фаластинни тан олманг дейиши мумкин, лекин бундай қилмаяпти. Бу билан Исроилга барибир Фаластинни тан оласан, бўлмаса менинг глобал манфаатларимга тўғри келмайди, деган сигнал бор деб ўйлайман.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top