Жаҳон | 17:08 / 10.07.2023
24723
10 дақиқада ўқилади

Пакана, дангаса ва қуён панжа. Ғайриоддий ва қизиқарли тахаллусга эга бўлган қироллар

Тарихда, айниқса ўрта асрларда ҳукмдорларни турли лақаблар билан аташ урф бўлган. Бу тахаллуслар қиролларнинг жасурлиги, донолиги, ёки аҳмоқлиги ва бошқа сабабларга нисбат бериб қўйилган. Уларнинг баъзилари жуда ғайриоддий, баъзилари эса кулгили ҳам.

Алфонсо IX Сўлакдор

Испания шимолидаги Леон ва Галисия қироллиги ҳукмдори бўлган Алфонсо IX анча машҳур ва кучли қирол бўлган. У Леон ва Кастилия қиролликларини бирлаштириш борасида муваффақиятга эришган.

Тарихчи Ибн Халдуннинг ёзишича, ушбу қирол ғазабланганда ёки кайфияти бузилганда оғзидан кўпик сачратган, шунинг учун ҳам уни Бобосо (ҳўл соқол) ёки Сўлакдор деб аташган.

Алфонсо IX Сўлакдор

Ивар Суяксиз

Англияни забт этган викингларнинг машҳур қироли Ивар Рагнарссон илк ўрта асрларда Европадаги муҳим шахслардан бири бўлган. Унинг Суяксиз деб аталашига қадимги қўлёзма ва поэмаларда турли талқинлар берилган.

Маълумотларга кўра, аскарлари Иварни қалқонда кўтариб юрган (викинглар раҳбарларини қалқонда кўтариб юриши анъанаси ҳам шунга боғлиқ). Тарихчилар бунга сабаб сифатида Рагнарссоннинг ирсий касалликдан азият чеккани, бу касаллик оқибатида унинг суяклари мўртлашгани ва юриш қобилиятини йўқотганини тахмин қилади. Айнан шу сабаб ҳам у Суяксиз деган лақабни олган бўлиши мумкин.

Ивар Cуяксиз акаси Убба билан отаси Рагнар ҳузурида

Ҳаролд I Қуён панжа

1035-1040 йилларда Англияни бошқарган Ҳаролд I ўзининг тез югуриши ва овчилик маҳорати билан машҳур бўлган. Айнан шу сабаб ҳам унга Қуён панжа лақаби берилган.

Ҳаролд I Қуён панжа

Жон Мулксиз, Юмшоқ қилич

Жон Мулксиз Англия тарихидаги энг омадсиз ҳукмдорлардан бири эди. У мамлакатга ҳужум қилган француз қироли Филипп II га ҳеч қандай тарзда қаршилик кўрсата олмайди, ўз баронлари қўзғолони туфайли тахтдан айрилишига сал қолади, ўзи иштирок этган урушларда кетма-кет мағлуб бўлади.

Жон ёшлигида Генрих II нинг кенжа ўғли сифатида Франциядан ер мулклари олмаган. Тўғри, кейинчалик у охир-оқибат қирол сифатида Англия ва Ирландиядаги ҳудудларни мерос қилиб олади, лекин барибир ҳақоратли Мулксиз лақабига лойиқ кўрилади. Шунингдек, жуда кўп ҳарбий мағлубиятлари учун уни қўшимча равишда Юмшоқ қилич деб ҳам аташган.

Ундан кейин Жон исми инглиз қироллари орасида омадсиз исм деб ҳисоблана бошлайди, шу сабаб инглиз монархлари ўшандан бери бундай исм билан номланмайди.

Жон Мулксиз

Ивайло Карам ёхуд Чўчқабоқар

Болгария подшоҳи Ивайло тарихдаги энг паст қатламдан энг юқори табақага эришган инсонлардан бири ҳисобланади. Ивайло Карам ўрта асрлардаги Болгария тарихида машҳур шахс бўлиб, у оддий деҳқонлар армияси билан мамлакатга ҳужум қилган Олтин Ўрда ва Византия империялари қўшинларини мағлуб этиб, уларни Болгариядан ҳайдаб чиқарган.

Аммо у ички фитна қурбонига айланади ва сургунда ҳалок бўлади.

Оддий камбағал деҳқон оиласида туғилган Ивайло ёшлигида нон ва сабзавот учун ишлаган ва қирол мансабига эришганда ҳам кўп сабзавот ейиш одатини тўхтатмаган. Натижада унга «карам» лақабини беришган. Шунингдек, бўлажак қирол қўзғолон бошлашидан олдин чўчқа боқиш билан шуғуллангани учун уни «Чўчқабоқар» деб ҳам аташган.

Ивайло Чўчқабоқар

Людовик V Дангаса

Атиги бир йил ҳукмронлик қилган ёш Людовикнинг бундай аталаши унинг мамлакатда ҳеч қандай ўзгариш қила олмагани, тўғрироғи қилишга улгурмагани билан боғлиқ.

Отасининг иродаси билан Аквитания ҳукмдорининг бевасига уйланиб, герцогга айланган Людовик V кейинчалик ўзидан анча катта бўлган рафиқаси билан келиша олмайди. Оқибатда улар ажрашади, ёш шаҳзода маишатга берилади ҳамда Аквитания тахтидан айрилади. Людовикнинг қирол бўлгач, Реймс архиепископи билан олиб борган кураши ҳам муваффақиятсиз кечади.

Йигирма ёшли қирол ов пайтида отдан йиқилиб ҳалок бўлади. У ўзидан ҳеч қандай қонуний ворис қолдирмайди ва шу билан Буюк Карл бошлаб берган Каролинглар сулоласи ҳам хотима топади.

Людовик V Дангаса

Қонли Мария

Тарихда шафқатсиз, қонли тузум ўрнатган ҳукмдорлар жуда кўп, бироқ уларнинг аксарияти эркак қирол, султонлар. Аммо аёл етакчилар орасида ҳам қаттиқ қатағонлар олиб борганлари бор, шулардан бири Англия қироличаси Мария.

У хотинбоз отаси даврида, аждодларидан фарқли равишда протестантликни эмас, католикликни ўрганади. Отаси ва протестант ўгай укаси ўлимидан сўнг тахтни эгаллаб, мамлакатда Контрреформация ўтказади. Унинг буйруғи билан юзлаб одамлар «даҳрий» деб топилади ва гулханда ёқилади. Кўпчилик мамлакатдан қочиб кетади ёки сургун қилинади. Айнан мана шу қонли репрессиялар сабаб унга Қонли Мария лақабини беришган.

Аммо яна бир қизиқ факт бор. Қонли Мария 5 йиллик ҳукмронлиги давомида уч юздан ортиқ одамни ўлдирган бўлса, унинг отаси Генрих VIII 36 йиллик қироллиги замонида 57 мингга яқин одамни қатл қилдирган. Уларнинг кўпчилиги руҳонийлар ҳамда Генрихга қарши чиққан оддий аҳоли ва дворянлар вакиллари эди. Бироқ «Қонли» лақабини Генрих эмас, қизи Мария олган.

Қиролича Мария

Карл VI — «Ақлдан озган қирол»

Францияни 42 йил бошқарган (1380-1422) Карл VI Юз йиллик урушдаги мағлубиятлари ва тез-тез содир бўлувчи руҳиятидаги психологик бузилишлар билан машҳур.

Карл VI 12 ёшида тахтга ўтиради ва ундаги биринчи психологик бузилиш 24 ёшида содир бўлади. Қирол ҳар қандай баланд ёки кескин товуш оқибатида ўзини йўқотиб қўйган, «ҳукмдор обрўсига тўғри келмайдиган ҳаракатлар ва имо-ишоралар» қилган. Лекин орадан вақт ўтиши билан ўзига келган.

Карл VI нинг «ақлдан озиши» билан боғлиқ машҳур воқеалардан бири «Оловли бал» деб номланади. Карлнинг хотини қиролича Изабелла ўзининг саройдаги хизматкорларидан бирининг тўйини маскарад-бал (ниқобли базм) кўринишида ўтказишга қарор қилади. Қирол ва яна беш киши балга «ёввойи одамлар» ниқобида келади. Улар ёнувчи моддалар суртилган, узун этакли кўйлаклар кийганди. Герцог Людовик Орлеанский «ёввойи» ниқоблилардан бирининг ёнига машъалани жуда яқин олиб келади ва кутилмаганда «ёввойи» кийими ёнишни бошлайди. Олов уларнинг барчасига ўтиб кетади. Қиролни қариндоши Жанна II қутқариб қолади, бироқ ёнаётган одамларни кўрган қиролни тутқаноқ тутади.

Бу сафарги «ақлдан озиш» бир неча кун давом этади. Қирол атрофидаги ҳеч кимни танимайди, ўз исмини ва қирол эканини рад этади, рафиқаси ҳам, болалари ҳам йўқлигини айтади.

Карл VI

Бу воқеадан сўнг қиролнинг руҳий касаллиги борлиги бутун оммага маълум бўлади. Аҳоли ҳукмдор тузалиши учун хайриялар, зиёратлар уюштиради. Қирол ҳузурига Париж ҳунармандлари ва савдогарларидан иборат делегация юборилади. Энг қизиғи, қиролнинг «руҳини қутқариш учун» Париждаги барча яҳудийлар шаҳардан қувиб чиқарилади.

Умумий ҳисобда Карл VI жами 43 марта «ақлдан озган». Уларнинг ҳар бири бир неча кундан бир неча ойгача чўзилган.

Юстиниан II Кесиқбурун

Византия империясининг энг омадсиз ҳукмдорларидан бири бўлган Юстиниан II ўз шафқатсизлиги, қаттиққўллиги, машҳур лақаби ва аянчли тақдири билан ном қозонган. Дастлаб араблар, сўнгра болгарлар билан уруш олиб бориб, муваффақиятсизликка учраган Юстиниан ўз саркардаси Леонтий томонидан тахтдан туширилган.

Тахтдан қулатилган қиролнинг бурни кесиб ташланган ва сургун қилинган. Айнан шу сабаб ҳам Юстиниан Ринотмит (грекча маъноси «кесилган бурун») лақаби билан аталган.

Бироқ Юстиниан II Болгария қироли ёрдамида тахтни қайта эгаллаган ва унинг бурнини кесганларни қатл қилдирган. Шундан сўнг у тилладан ясалган протез бурун тақиб юрган.

Пипин Пакана

Пипин Пакана тарихидаги машҳур қироллардан. У Европада янги даврни бошлаб берган Буюк Карлнинг отаси, Каролинглар сулоласи асосчиси эди.

Кўплаб катта ютуқларга эришган қиролнинг «пакана» деб аталиши унинг паст бўйи билан боғланган. Бироқ баъзи тарихчилар қадимий қўлёзмалар нотўғри тушунилгани, Пипин «пакана» маъносида эмас, «кичик фарзанд» маъносида «кичик» деб чақирилган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Лекин бу назария унчалик ҳам кенг тарқалмаган.

Умуман, бўй муаммоси билан тўқнашган француз қироли фақат Пипин III эмас. Яна бир буюк француз ҳукмдори, император Наполеон Бонапартнинг ҳам бўйи паст бўлган.

Пипин Пакана