«Россияни ҳамкор деб ҳисоблай олмаймиз» - НАТО коммюникеси эълон қилинди
НАТО давлатларининг Вилнюсдаги саммити ниҳоясига етди. Унинг якуни бўйича коммюнике қабул қилинди.
Ҳужжатда Украинанинг НАТО аъзоси бўлиш шартлари, шунингдек, сўнгги пайтларда содир бўлган кўплаб воқеалар бўйича НАТО позицияси ифодаланган.
Баъзи муҳим иқтибослар:
- «Евро-Атлантика ҳудудидаги тинчлик парчаланиб кетди. Россия Федерацияси барқарор Европа хавфсизлиги тизимига асос бўлиб келган меъёр ва тамойилларни бузди».
- «Каховка тўғонининг вайрон бўлиши Россия бошлаган урушнинг шафқатсиз оқибатларини кўрсатади. Россия уруши атроф-муҳитга, ядровий хавфсизликка, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигига, жаҳон иқтисодиётига ва бутун дунёдаги миллиардлаб одамларнинг фаровонлигига катта таъсир кўрсатди. Иттифоқчилар Украина донининг экспортини таъминлашга ҳаракат қилмоқда ва глобал озиқ-овқат инқирозини юмшатишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватламоқда».
- Россиянинг Беларус билан ҳарбий интеграциясини чуқурлаштириш, жумладан, Россиянинг илғор ҳарбий салоҳияти ва ходимларини Беларусда жойлаштириш Альянснинг минтақавий барқарорлиги ва мудофаасига таъсир қилади. НАТО ҳушёр бўлиб, воқеалар ривожини, хусусан, хусусий ҳарбий компанияларнинг Беларусда жойлаштирилиши масаласини диққат билан кузатишда давом этади. Биз Беларусни қўшниларига қарши ғаразли ҳаракатларни тўхтатишга, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга ҳамда халқаро қонунларга риоя қилишга чақирамиз».
- «НАТО Россия ва Беларус чегарасига 300 минг аскарини жойлаштиради»
- «Биз Евро-Атлантика минтақасида ҳамда НАТО ва Россия ўртасидаги муносабатларда барқарор ва шаффоф бўлишга интиламиз. НАТО қарама-қаршиликка интилмайди ва Россияга ҳеч қандай таҳдид солмайди. Унинг душманларча сиёсати ва ҳаракатларидан келиб чиқиб, биз Россияни ҳамкоримиз деб ҳисоблай олмаймиз. Ўзаро муносабатлардаги ҳар қандай ўзгариш Россиянинг ўз тажовузкор хатти-ҳаракатларини тўхтатиб қўйиши ва халқаро қонунларга тўлиқ риоя қилишига боғлиқ. Биз хавфни бошқариш ва камайтириш, кескинлашувнинг олдини олиш ва шаффофликни ошириш учун Москва билан алоқа каналларини очиқ сақлаш тарафдоримиз».
- «Россия НАТО мамлакатлари хавфсизлигига, шунингдек, Евро-Атлантика ҳудудида тинчлик ва барқарорликка энг муҳим ва бевосита таҳдиддир. НАТО Россияни Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар учун жавобгар деб билади ва уларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилади».
- «НАТО Зеленскийнинг «тинчлик формуласи» орқали тинчлик тамойилларини ўрнатиш мажбуриятини олқишлайди. Альянс давлатлари 2008 йилги саммитда Украинанинг НАТО аъзоси бўлиши ва НАТО-Украина кенгашини тузиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди».
НАТО давлатларининг навбатдаги саммити 2024 йилда Вашингтонда бўлиб ўтади.