Андрей Лошак: Узилган алоқалар

Андрей Лошак – россиялик таниқли журналист. Россия Украинага бостириб кирганидан кейин мамлакатни тарк этган. 2022 йилда Current Time телеканали билан ҳамкорликда Россиянинг Украинага босқини Россиядаги оилаларни қандай вайрон қилгани ҳақида «Узилган алоқалар» («Разрыв связи») номли ҳужжатли филм суратга олган. Филмда яқин одамларнинг бир-бирлари билан мулоқот қилиш ва эшитишни тўхтатгани ва рус телевидениесидаги жангари риториканинг оилалар ичидаги шахсий муносабатларга таъсири ҳикоя қилинади.

Икки ой давомида муаллиф Россияда ва хорижда яшовчи етти оиладаги муносабатлар динамикасини ўрганди. Филмда муаллиф она ва бола, эр ва хотин, ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирларига эмас, балки шубҳасиз телевизорга ишониши кўрсатилган. У ахборотни танқидий идрок қилишни унутган жамият бир қисмининг шафқатсиз ташхиси, шунингдек, телевизор ёқилиб Россия каналлари қўйилган пайтда оила аъзолари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиб бўлмаслигининг аянчли исботидир.

2023 йилда Россия адлия вазирлиги Андрей Лошакни «хорижий агентлар» реестрига қўшди. Вазирлик уни хориж агентлари томонидан материалларни яратиш ва тарқатишда иштирок этган, Россия давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ва уларнинг сиёсати, шу жумладан, мудофаа вазирлиги фаолияти тўғрисида «салбий маълумот» тарқатган деб баҳолади. Шунингдек, Украинадаги урушга қарши чиққан ва «хорижий тузилмалар билан фаол ҳамкорлик қилгани» иддао қилинди.

Журналист Kun.uz мухбири билан суҳбатда айрим саволларга жавоб берди.

– YouTube орқали Россияда қолган ватандошларингиз билан мулоқот қилишингизни айтасиз, уларнинг ҳозирги кайфияти қандай, нималарни ҳис қилишяпти?

– Ҳозир Россиядагилар билан тўғридан тўғри мулоқот йўқ. Уларнинг кайфиятини, кечинмаларини видеоларим остидаги изоҳлардан била оламан. Одамлар «Разрыв связи» филмидан жуда миннатдорлигини кўряпман. Филмда деярли барча россияликлар учун оғриқли масала кўтарилган.