«Қрим кўпригига тунги ҳужум Украина ҳарбий-денгиз кучлари ва Украина хавфсизлик хизматининг махсус операцияси бўлган», дея хабар берган BBC нашрининг УХХдаги манбалари.

«Кўприкка сув усти дронлари билан ҳужум қилинди. Кўприккача бориш қийин бўлди, лекин охир-оқибат буни уддаладик», дейди УХХдаги манба. Бошқарма бошқа тафсилотларни келтирмаган.

Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси ҳужум «иккита бошқарувчисиз сув усти қурилмаси» томонидан амалга оширилганини маълум қилди.

Очиқ манбаларда қурилмалар хусусиятларини жуда тахминий равишда кўрсатиши мумкин бўлган иккита далил мавжуд.

Биринчиси, Mash телеграм-канали хабари бўлиб, у ўз маълумотларига таянган ҳолда, дронлар сув мотоцикллари асосида яратилган бўлиши мумкинлиги таъкидлаган.

«Биздаги маълумотларга кўра, 145-таянч устун яқинидаги ҳужум ҳудудида сув мотоциклларининг бўлаклари топилган. Украина қуролли кучлари айнан уларни портловчи моддалар билан дронга айлантиришга ўргатилган. Улар сув устида фақатгина бир неча сантиметрга кўриниб, нишонга деярли сув остидан боради», дейилади хабарда.

Иккинчиси, кўприкка зарба берилишидан сал олдин тахминан Севастопол яқинида ёзиб олинган иккита видео. Россияпараст телеграм-каналлар хабарига кўра, 16 июл куни Севастополга аввалига ҳаво дронлари, кейин эса денгиз дронлари ҳужум қилган. Уларнинг барчаси йўқ қилингани айтилган.

Видеолардан бирида қирғоқ яқинидаги сувда қора объект ҳаракатланаётгани кўринади.

Иккинчи видеода сув мотоциклига жуда ўхшаш сув транспорти акс этган. Видеони тарқатган Mash канали таъкидлашича, бу экипажсиз катер бўлган. Роликда сувда портлаш содир бўлгани кўрсатилган, катта эҳтимол билан бу ушбу аппаратнинг йўқ қилиниши эди.

Кўприк жиддий шикастланган. Фото: AFP

«Коммерсант» газетаси келтирган версиялардан бирига кўра, Қрим кўпригига жами икки марта зарба берилган. Биринчи зарбада масофадан бошқариладиган гидроцикллар портловчи моддалар билан кўприкни зарарлашга уринган, иккинчи ҳужумда эса қўлбола аппаратлардан эмас, анча мукаммалроқ жанговар қурилмалардан фойдаланилган.

Портлашлар сув юзасида, кўприк устунлари орасидан бир неча метр узоқликда содир бўлган ва шу қадар кучли бўлганки, темир-бетон конструкцияга зарар етказган. Шу сабабли, ижтимоий тармоқлар ва ОАВдаги муҳокамаларда бундай шикаст етказиш учун зарур бўлган портловчи қисм миқдори ҳақида турли тахминлар янгради, лекин ҳамма жойда бу бир неча юз килограмм, жумладан 500 килограммгача бўлиши айтилди.