17:15 / 22.07.2023
15376

Ўзбекистон монопол темирйўл тизимидан нега қутулиши керак? – Япония тажрибаси мисолида

35 йил олдин темирйўл соҳаси Японияда Ўзбекистондаги каби давлатга тўлиқ тегишли бўлган. Натижада бир қанча тизимли муаммолар юзага келиб, соҳанинг рентабеллиги нолдан пастга тушиб кетади. Ҳозир эса Япония тезюрар темирйўл магистраллари ташувлар ҳажми бўйича дунёда 2-ўринда туради ва давлат субсидиясига муҳтож эмас. Японлар бу натижага қандай эришди ва Ўзбекистон соҳани ривожлантириш учун нима қилиши керак? 

Фото: Kun.uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Япония қандай қилиб темирйўл соҳасини ислоҳ қилгани ва Ўзбекистон соҳада нималарни ўзгартириши кераклиги бўйича таҳлилларини Kun.uz'га тақдим қилди.

8та хусусий компаниядан иборат темирйўллар гуруҳи

Япония темирйўл тизими дунёдаги энг илғор тизимлардан бири бўлиб, унинг умумий узунлиги 30625 кмни ташкил этади. Темирйўл транспорти Япониянинг транспорт тизими ва иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Ички йўловчи ташувларининг 25 фоизи, ички юк ташувларининг 10 фоизи темирйўл ҳиссасига тўғри келади. Умуман олганда, Япония тезюрар темирйўл магистраллари ташувлар ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда туради.

Япония темирйўллари соҳасида асосан 8та хусусий компаниядан иборат бўлган "Japan Railways" (JR Group) компаниялар гуруҳи фаолият юритади. Бироқ булардан ташқари яна хусусий темирйўл компаниялари ҳам бор.

JR Group Япония темирйўл тармоғининг асосини ташкил қилади. Шаҳарлараро (шу жумладан тезюрар линиялар) ва шаҳар атрофидаги темирйўл ҳаракатининг катта қисми JR Group улушига тўғри келади. Бу компаниялар гуруҳи 1987 йилда давлатга қарашли Япония миллий темирйўллари (JNR)ни ўзгартириш орқали ташкил этилган.

Темирйўл соҳасига хусусий капитални жалб қилиш Японияда темирйўлларнинг бундай юқори кўрсаткичларига етаклаган асосий омилдир.

Темирйўлларни орқага тортган аралашувлар

Ислоҳотлар бошланишидан олдин бу соҳада бир қанча тизимли муаммолар юзага келган ва натижада соҳанинг рентабеллиги 0 дан паст бўлган. Улар қуйидагилар:

●   Ҳукумат ва сиёсатчилар JNR бошқарувига аралашар эди. Масалан, улар фойда келтирмайдиган янги йўналишларни қуришга босим ўтказишган.

●   JNR маъмурияти мустақил бўлмаган. Масалан, бюджет, ходимлар ва иш ҳақи парламент ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилган.

●   Бошқарув стандартлаштирилган. Тарифлар, иш жадвали ва станцияларнинг жойлашуви каби асосий масалалар марказлашган ҳолда ҳал қилинган, маҳаллий шароит ва талаблар ҳисобга олинмаган.

●   Раҳбарлар ва касаба уюшмалари ўртасида мувофиқлашув бўлмаган. Касаба уюшмалари компаниянинг харажатларидан бехабар бўлгани сабабли компания учун кейинги оқибатларни ҳисобга олмасдан имтиёзлар талаб қилган.

●   Ташкилотнинг катталиги сабабли уни самарали бошқариш имкони бўлмаган.

●   Раҳбарлар ва ходимлар рақобат тўғрисида етарли маълумотга эга бўлишмаган, чунки бундай тизим мавжуд эмас эди.

Япон темирйўл мўъжизаси

Япониянинг кўплаб соҳаларда илгарилаб кетгани “Япон мўъжизаси” деган атамани пайдо қилган. Худди шундай темирйўл соҳасида ҳам японлар йўлга қўйган ислоҳотлар кўп ривожланаётган давлатларга ўрнак бўла олади. Япониянинг темирйўл соҳасидаги ислоҳотлари нималардан иборат эди?

Аввало, соҳада рақобат жорий этилди. Биринчидан, миллий компанияни бир нечта хусусий компанияларга бўлиш, иккинчидан, бошқа транспорт турларининг параллел ривожланиши, учинчидан, нархлаш орқали соҳада рақобат яратилди. Натижада темирйўл компаниялари рентабелликни ошириш учун етарли мотивацияга эга бўлишди.

Ортиқча ходимлар қисқартирилди. Ортиқча ходимлар (277 минг киши) муаммосини ҳал қилиш учун ҳукумат турли секторларни бандлик масаласига фаол ҳисса қўшиши тўғрисида махсус қонун қабул қилди. Натижада 203 минг киши янги темирйўл корхоналарида иш билан таъминланди, қолганлари иш жойини ўзгартиришди ёки нафақага чиқишди.

Бундан ташқари, функциялар ва оператив жавобгарликларни аниқ белгилaш жорий этилди. Бу темирйўлнинг узлуксиз, самарали ва хавфсиз ишлашига ёрдам берди.

Аффилланган бизнесни ривожлантиришга туртки берилди. Йўловчи ташиш компаниялари ўз бозор сегментини ривожлантиришга туртки бўлганлиги сабабли, улар аффилланган бизнес билан шуғулланиб, станцияларда ва унинг атрофида бўш жойдан фаол фойдалана бошлади. Хусусан, йирик темирйўл вокзаллари яқинида жойлашган меҳмонхоналар, кўчмас мулкни ривожлантириш лойиҳалари, жумладан, тижорат ва турар жойларни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириб, қўшимча даромад ола бошлади.

Соҳани ислоҳ қилиш натижасида ташувлар ҳажми ва унумдорлиги ошди, бу эса ушбу ислоҳотларни анча муваффақиятли деб ҳисоблаш имконини беради. Мисол учун, агар 1987 йилда Япония темирйўллари 7,4 миллиард йўловчини ташиган бўлса, 1991 йилга келиб бу кўрсаткич 8,7 миллиард йўловчигача (ўсиш 17,5 фоизга), 2019 йилда эса 25,1 миллиард йўловчигача (ўсиш 3 баробардан кўпроқ) ошди.

Юқорида саналган ислоҳотлар натижасида бугун Япония темирйўллари марказий ҳукумат томонидан ажратиладиган субсидияларга муҳтож эмас. Таққослаш учун: 2016-2017 йилларда Буюк Британия ҳукумати миллий темирйўлларига 4,2 миллиард фунт стерлинг миқдорида субсидия ажратди ва 5,7 миллиард фунт стерлинг кредит берган.

Ўзбекистон учун хулосалар

Японлар тутган йўл ўзини оқлаганини статистика ва бугунги манзарадан ҳам билиш мумкин. Шуларни жамлаган ҳолда Ўзбекистон учун таклифлар ҳисобга олинса соҳа ривожланиши тезлашади:

– темирйўл транспорти соҳасида темирйўл инфратузилмасини яхшилаш, янги линияларни қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш, юк ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш учун шароит ва рағбатлантириш тизимини яратиш;

– транспортда, шу жумладан вокзалга ёндош ҳудудлар ва станцияларда хизматларни тубдан ўзгартириш учун ДХШ принципларини жорий этиш;

– хусусий капитални бир йўлли участкалар бўйлаб иккинчи йўлларни қуришга, янги ва мавжуд саралаш станциялари ва кириш йўлларини модернизация қилишга жалб этиш мумкин.

ДХШни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш нафақат активларни бериш, дастлабки инвестициялар ва узоқ муддатли хизмат кўрсатиш шартномалари кўринишида эмас, балки солиқ имтиёзлари шаклида ҳам бўлиши мумкин. Темирйўл транспорти соҳасида ДХШнинг одатий битими бу аэропортгача темирйўл тармоғини қуриш ёки шаҳардаги темирйўлларни аэропортгача етказиш ва ундан фойдаланиш ҳисобланади. Ҳукумат ер билан таъминлаши мумкин, хусусий оператор эса, ДХШ шартномасининг амал қилиш муддати давомида йўлни қуради, хизмат кўрсатади ва тегишли хавф-хатарларни ўз зиммасига олади.

Top