Ўзбекистон ва Дубай одам савдоси қурбони бўлган аёллар ҳимояси бўйича меморандум имзолайди
Ўзбекистон Бош консуллиги дипломатлари «Дубай аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси» бошқарма бошлиғи Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Томонлар, одам савдосига оид муаммолар, уларнинг келиб чиқиши сабаблари, бартараф этиш йўллари, ушбу иллатдан жабр кўрганларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, айбдорларга нисбатан эса қонуний чора кўриш амалиётлари билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.
Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ, ўз навбатида, дунё бўйлаб олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, амалий тадбирларга қарамай, ҳозирги кунга қадар кўплаб одамлар «замонавий қуллик» - одам савдоси қурбонига айланиб қолаётганини таъкидлади.
«Одам савдосидан жабр кўраётганлар орасида аёллар сони ортиб бораётгани ҳамда трансмиллий жиноятчилик чегара танламаслиги инобатга олиниб, юқоридаги муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим», - деди Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ.
Бўлиб ўтган суҳбат якунида Ўзбекистон Бош консуллиги ва «Дубай аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси» ўртасида одам савдоси қурбони бўлган аёллар ҳамда ундан жабр кўрганларни ҳимоя қилиш мақсадида икки томонлама Ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишиб олинди.
Мавзуга оид
20:17 / 27.09.2024
Қозоғистонда ўзининг ички органларини қарийб 19 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди
18:41 / 27.09.2024
Бурж Халифа: дунёни ҳайратга солаётган осмонўпар бино
13:50 / 13.09.2024
Дубайдан Тошкентга учиши керак бўлган авиарейс мажбуран бекор қилинди
19:31 / 07.09.2024